Агар Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари тил топиша олмаса, БМТнинг Сурияга трансчегаравий ёрдам миссияси иши тўхтаб қолиши мумкин. Миссиянинг мандати бугун кечқурун тугайди.
Миссия мандатини чўзиш бўйича музокаралар 2019 йилнинг 20 декабридан бери давом этмоқда. Ўшанда БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурияга трансчегаравий ёрдам миссияси фаолиятини давом эттиришни кўзда тутган резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйган эди.
БМТ Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг таъкидлашича, агар резолюция қабул қилинмаса, миллионлаб сурияликка ёрдам етказиш анча қийинлашади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг амалдаги резолюцияси 2014 йилда қабул қилинган бўлиб, Сурия ҳукуматининг рухсатини олмаган ҳолда Туркия, Ироқ ва Иордания чегарасидан сурияликларга гуманитар ёрдам етказишга имкон бериб келди.
Янги резолюция лойиҳасини Германия, Бельгия ва Кувайт ишлаб чиққан. Унда ҳозирги тўртта чегара пунктидан учтасини сақлаб қолиш таклиф этилган.
Россиянинг фикрича, Сурия президенти Башар Асад мамлакатнинг катта қисмида назорат ўрнатди, шунинг учун ҳам трансчегаравий гуманитар ёрдам резолюцияси эскирди.