(биринчи қисм)
Нечукким дўстини Султони кавнайн,
Етурди соатеда қоба қавсайн.
Бунга мисол, Исро кечасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг Масжидул Ақсода ҳозир бўлишлари ҳисобланади. Аллоҳ жалла ва аъло ўзининг инояти билан қули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ни Масжидул Ҳаромдан Қуддусда жойлашган Масжидул Ақсода ҳозир қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ақсода намоз ўқидилар ва Меърож сари Арши Аълога чиқиб бордилар. Меърож кечаси саҳиҳ ҳадисларда энг машҳур қисса ҳисобланади. Меърож кечаси Аршда Аллоҳ жалла ва аъло умматга беш вақт намозни фарз қилди. Олдин эллик вақт намоз буюрилди, сўнг олтинчи осмонга Мусо алайҳиссалом олдиларига тушдилар, улар қайтардилар, “Сўранг” дедилар. Шу йўсинда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арш билан олтинчи осмон орасида бориб келавердилар. Охири Аллоҳ жалла ва аъло: “Эй ҳабибим, беш вақт намозни фарз қилдим, агар умматларингиз шу беш вақт намозни мукаммал, ўз вақтида риоясини қилиб ўқиса, ҳар бир вақтига ўн вақтдан эллик вақт савобини бераман” деб марҳамат қилди.
Агар ҳар кимга берса иззу имдод,
Келур хизматга жинну одамизод.
Аллоҳ таоло ҳар кимга азизлик, мададни берадиган бўлса, унинг хизматига жинлар-у одамзотлар шай бўлади. Азизлик Аллоҳники. Аллоҳ истаган кишини азиз қилади, хоҳлаганини хор қилади. Иззат Аллоҳдан, биз иззатни Аллоҳдан сўрашимиз керак. Агар ҳар кимга Аллоҳ таоло азизликни берса, Аллоҳ
уни азиз қилган бўлса, унга мадад берса, унинг хизматига жинлару бутун одамзотлар келиб туради.
Сулаймонким эгурди инсу жиндин,
Анинг фармони эрди бир нигиндин.
Мана бунга далил ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломдир. Сулаймон алайҳиссалом: “Eй роббим, менга бир мулк бергинки, мендан кейин унга ҳеч ким эга бўлолмасин” деб Аллоҳга дуо қилганлар. Бу дуо ижобат бўлди. У киши пайғамбар бўлганлар ва Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга ер юзининг бутун мулкини берди. Жамики жониворлар, жинларнинг тилини билдилар. Ҳеч ким эга бўлолмайдиган мулкнинг эгаси бўлдилар. Сулаймон алайҳиссаломнинг бир узуклари бор эди. Шу узуклари ила фармон қилардилар. Аллоҳ таоло керак бўлса,бутун мавжудотларни ана шу узукка музаҳҳар қилиб қўйган эди.
Ғараз қудрат намолиғ айлади фош,
Ва гар на қадри эрди бир дирам тош.
Бу билан Аллоҳ таоло ўз қудратини фош қилишни истади. Ғараз мақсад шу. У узукнинг қиймати аслида бир дирҳам эди. Бу узук муқаддас эмас, унда ҳеч қандай хосият йўқ эди. Бу ҳукм Аллоҳники. Аллоҳ истади ва жамики мавжудотларни бир дирҳам тош қийматидаги узукка музаҳҳар қилиб қўйди. Бунинг орқасида Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ва илоҳий қудрат турибди.
Калим илгидаги қутлуғ асое,
Гаҳе кўфрук эди, гаҳ аждаҳое.
Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг қўлларидаги муборак асолари ҳам гоҳи кўприк, гоҳи душманларга аждарҳо бўлди. Бу асо Фиръавн сеҳргарларининг қилган нарсаларини ютиб юборди. Фиръавн йиғган тўрт минг сеҳргар ушбу ҳолатни кўриб, бу сеҳр эмаслиги, аксинча мўжиза эканлиги, Мусо алайҳиссалом
Аллоҳнинг пайғамбари эканликларига ишондилар ва иймонга келдилар.
Ғараз қудратнамолиғ эрди, эй дўст,
Ва гар на эрди бир қад чўби бепўст.
Аллоҳ бутун борлиқни арзимаган нарсага муте қиламан деса, қилиб қўяди. Мусо алайҳиссаломнинг қўлларидаги асо ҳам бунинг намунасидир. Лекин бу асо бир қадди чўп, бир калтак, ҳаттоки пўсти ҳам йўқ эди. Бунинг барчаси Аллоҳдандир. Баъзи бир нарсаларга ҳаддан ташқари илоҳий тус бериш, унга сиғинишлик даражасигача олиб бориш мутлақо мумкин эмас. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб р.а бундай нарсаларга қаттиқ қарар эдилар.Шу сабаб Шажаратул ризвонни ҳам кестиртириб юбордилар. Ҳаттоки,Ҳажарул асвадни ўпатуриб, бир гапни айтган эдилар: “Сен бир тошсан, агар Пайғамбаримиз сени ўпганликларини кўрмаганимда эди, сени ўпмас эдим”. Шунинг учун барча ибодат Аллоҳнинг ўзигадир. Бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам га, барча набийларга, уламолар, дўст-биродарларга бўлган муҳаббатимиз Аллоҳга бўлган муҳаббатимиз ҳамда иймонимиздандир. Барчасининг замирида Аллоҳга бўлган муҳабббат туради. Аллоҳга бўлган муҳаббатимиздан унинг дўстларини яхши кўрамиз, бир жонзотга Аллоҳнинг махлуқи деб озор бермаймиз. Мўминларга Аллоҳни яхши кўрганимиздан яхшилик қиламиз.
Агар амр айласа, кавнайн барпой,
Бўлур бир пистанинг пўчоғина жой.
Агар оламлар роббиси амр қилса, бутун борлиқни пистанинг пўчоғидек жойга жойлаб қўяди. Аллоҳнинг ҳамма қудратига ҳам банданинг ақли етавермайди. Аллоҳ чексиз қудрат соҳиби бўлган зот.
Дедилар, ҳазрати Руҳул-аминни,
Қанот ёзса, тутар рўйи заминни.
Сиз-у бизга маълумки, зикр қилинган тўртта фаришта бўлиб, биз уларга иймон келтирганмиз. Шулардан бирлари Жаброил алайҳиссалом ҳисобланадилар. Уларга пайғамбарлар билан Аллоҳ ўртасида элчилик, ваҳийларни олиб келиш вазифаси юклатилган. Жаброил алайҳиссалом шундай улкан фаришта эканларки, қанот ёзсалар ер устини қоплаб олар экан.
Анингдек Жаброиле сидра парвоз,
Муҳаммад енгида айтур эди роз.
Шундай Аршдаги ажойиб бир дарахт- сидра узра парвоз қилган ҳазрати Жаброил алайҳиссалом, қанотларини ёзсалар бутун заминни қоплаб оладиган улкан фаришта вақти келса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг енгларига кириб, у кишига роз, Аллоҳнинг ваҳий илоҳийларини етказиб кетар эдилар.
Агар қилса бировнинг ҳақлиғин фош,
Шаҳодат бергуси гаҳворада ёш.
Агар Аллоҳ истаса, қайси бир бандасини ҳақлигини исботлайман деса, керак бўлса, бешикда ётган гўдакни мўжиза тариқасида гапиртириб бўлса ҳам ҳақлигини исботлайди. Бунга ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга нисбатан бўлган тухматда гўдакнинг тилга киргани мисол бўлади. Гўдак: “ Агар Юсуфнинг кўйлаклари олдидан йиртилган бўлса, айб Юсуфда, аёл ҳақ бўлади. Агар орқасидан йиртилган бўлса, Юсуфга бўлаётган бу ишлар тухмат”-деди тилга кириб. Қарадиларки, Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлаклари орқасидан йиртилган. “Мен Аллоҳдан қўрқаман” деб қочдилар. Аллоҳ жалла ва аъло гўдакни гапиртириб, Юсуф алайҳиссаломнинг пок эканликларини исботлади. Бу каби тухмат ҳазрати Марям онамизга ҳам бўлди. Буюк бир пайғамбар Исо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг калимаси билан, буйруғи билан отасиз туғилдилар. Бу воқеадан сўнг Бани Исроил қавми Марям онамизга тухмат қилди. Шунда Марям онамиз асл ҳақиқатни гўдакдан сўрашларини айтдилар. “Бу гўдак гапирмайдику, қандай гаплашамиз?” деб сўрашганида: “Мен Аллоҳнинг қулиман, Аллоҳ мени пайғамбар қилиб юборди” деб Исо алайҳиссалом гапириб юбордилар. Шу тариқада Аллоҳ пок бандаларини тухматдан ҳимоя қилди.
Азиз этса қаю қулни ўшал шоҳ,
Агар чоҳ остида қолса топар жоҳ.
Аллоҳ таоло қайси қулни азиз қиламан деса, агар қулни чохга, қудуққа, тубаликка ташлаб юборишса ҳам, мартаба топиб бироз вақтдан кейин мақом-мартабаси кўтарилиб кетади. Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом арзимаган тангага қул сифатида сотилдилар. Охир-оқибат Мисрга подшо бўлдилар, ҳеч ким эришмайдиган иззатга эга бўлдилар. Бу қисса қиссаларнинг энг гўзали деб таърифланган.
Сулаймон хизматида қилди парвоз,
Ҳисобин билмаган шохину шахбоз.
Сулаймон алайҳиссаломнинг хизматларида у ердан бу ерга уларнинг амри фармонларини бажариб беадад, беҳисоб катта-катта, баҳайбат қушлар парвоз қилиб юрди.
Вале бир муштипар ҳудҳуд эди пайк,
Деди султониға: «Орийу лаббайк».
Шуларнинг ичида пайғамбарга яқин кичкина Худхуд бор эди. Доимо Сулаймон алайҳиссаломнинг ёнларида бўлди. Аллоҳнинг инояти билан шунча баҳайбат қушлар ичида кичкина қушча пайғамбарга энг яқини бўлди. Бу қуш номи Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.
Мадад қилса Худое оламорой,
Ҳабиб этса ишорат, айрилур ой.
Бутун оламни бор қилган зот агар мадад қиладиган бўлса, Аллоҳнинг ҳабиби ишора қилса ой ҳам бўлиниб кетади. Илмий тадқиқотларда ҳам ойнинг ёрилгани ҳақида маълумотлар бор. Бу мўжизани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макканинг мушриклари эътирозига жавобан уларнинг иймонга келиши умидида Аллоҳнинг инояти ила кўрсатган эдилар.
Кишининг рўзисин гар қилмаса кам,
Етар ҳар ерда меҳнат қилмаса ҳам.
Аллоҳ таоло бандасининг ризқини азалдан кам қилмаган бўлса, ҳар ерда меҳнат қилмаса ҳам, ўзига битилган ризқга эга бўлади. Эътиқод жуда нозик масала ҳисобланади. Ерда ўрмалаб юрган жоннинг барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳнинг хоҳишисиз, унинг раззоқлигисиз, тақдирисиз, у ривож бермаса ҳам ўзимдан ўзим ризқимни яратволаман деб айтиш эътиқодга мутлақо хилоф саналади.
(давоми бор)
Диёра Эргашева тайёрлади
(1 қисм)
(3 қисм)
(4 қисм)
(5 қисм)
(6 қисм)
(7 қисм)
(8 қисм)