Каромати авлиё баёни
Муҳтарам азизлар, навбатдаги суҳбатимиз яна бир ажойиб эътиқодий мавзу – авлиёларнинг кароматлари баёнига бағишланади. Авлиёлар кимлар? Авлиёлар Аллоҳ жалла ва аълонинг дўстлари ҳисобланишади: «Огоҳ бўлингки, албатта, Аллоҳ жалла ва аълонинг валийлари, дўстлари, уларга хавф-хатар йўқ». Келажакда содир бўладиган қандайдир ёмонликдан қўрқиш хавф деб аталади. Уларнинг келажакларида ҳам хавф-хатар йўқ. Ўтган ишга афсусланиб хафа бўлиш хузун дейилади. Бу зотлар Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганларида ҳам бирор ишларидан хафа бўлмайдилар, ўтган умрларидан афсусланмайдилар. Авлиёлар-Аллоҳнинг дўстлари мана шундай зотдирлар.
Эрур барҳақ каромат авлиёдин,
Иноятдур валийларға Худодин.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, авлиёлардан бўладиган каромат ҳақдир. Каромат ўзи нима? Валийларга Аллоҳ жалла ва аъло томонидан берилган иноят, ёрдам каромат ҳисобланади.
Каромат хориқи одат эрур исм,
Бўлубдур хориқи одат неча қисм.
Каромат одатдан ташқаридаги, ҳаётимизда одатий равишда содир бўлмайдиган ишлардир. Авлиёларнинг кароматлари хилма-хил, турли-туман бўлади. Кароматлар Аллоҳ жалла ва аълонинг инояти ила авлиёларнинг қўллари билан содир этилади. Бунинг барчаси Аллоҳ таолодандир. Буни бергувчи ҳам, қилгувчи ҳам у зотнинг ўзидир.
Набидин хориқи одатни таъйин,
Дедилар: мўьжиза, э толиби дин
Одатдан ташқаридаги бу ишлар пайғамбарлар томонидан содир этиладиган бўлса, бу мўжиза деб аталади. Дин талабида бўлган, уни ўрганиш истагида юрган киши буни яхши билиши, англаши лозим.
Нубувватдин бурунни дерлар ирҳос,
Муни билсанг керакдур, аййуҳаннос
Пайғамбарларга ваҳий келишидан аввал ҳам бундай мўжизалар, хориқи одатлар бўлган. Бу эса ирҳос деб аталган. Ирҳос Пайғамбарларга ваҳий келишидан аввал бериладиган дарак ҳисобланади. Бу гўёки, Аллоҳ таолонинг инояти ила пайғамбарларни пайғамбарликка тайёрлаш саналади. Пайғамбар бўлишларидан аввалги кароматлар ирҳос, кейингилари эса мўжиза деб юритилади.
Агар солиҳ кишидин бўлса ҳар гоҳ,
Кароматдин бўлур бешакку ашбох
Қачонки, одатдан ташқари бир иш солиҳ кишидан бўладиган тақдирда бу каромат саналиб, каромат кўрсатган солиҳ кишилар эса валийлар ҳисобланади.
Кўрунса бу авом мўмин ишидин,
Маунатдур ўшал айғон кишидин.
Хориқи одатлар мўмин бўлган авом кишилардан ҳам содир бўлиши мумкин. Бу ҳодиса маунат яъни Аллоҳ жалла ва аъло томонидан мўмин бандага берилган ёрдам ҳисобланади. Боиси, Аллоҳ таоло хоҳлаганини қилади, ирода этган нарсасини ҳукм қилади. Хоҳласа, авом кишида ҳам хориқи одатларни мавжуд қилиши мумкин.
Агар кўрсатса мундоғ кофир инсон,
Ул истидрож эрур монанди шайтон.
Хориқи одатларни Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирмаган, кофир киши кўрсатадиган бўлса, бу ишлар истидрож деб аталади. Тарихда кофирларнинг энг ашаддийларидан ҳам хориқи одат яъни истидрожлар кузатилган. Истидрож сўзининг маъноси даражама даража кўтарилиш бўлиб, ўша кимсанинг салбий маънода даражаси кўтарилиши ҳисобланади. Кўтарилиб, кўтарилиб, исёнга, зулмга берилиб, ҳамма нарсани унутиб, энг туғёнга чиққан вақтида Аллоҳ жалла ва аъло унинг оёғини осмондан қилиб жаҳаннамга улоқтиради. Ҳаттоки, тавба қилишга ҳам имкони бўлмай қолади. Бундай кимса дўзахнинг энг тубига бориб тушади.
(давоми бор)
(1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм)
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм)
(21-қисм) (22-қисм)
Диёра Эргашева тайёрлади