Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ақида

Билолхон домла Рустамов: “Саботул ожизин” шарҳи (21-қисм)

1683

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Азизлар! Аллоҳ жалла ва аълонинг амри ва ёрдами билан Сўфи Оллоёр ҳазратларининг “Сабот-ул ожизин” асари шарҳимизни давом эттирамиз.

Расулуллоҳ тариқин эртаю кеч,
Сари мўйи тахаллуф қилмади ҳеч.

Саҳобайи киромлар, хулофойи рошидинлар бир лаҳза бўлсада, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларини қилнинг учичалик миқдорда ҳам ўзгартирмадилар, унга ҳаргиз хилоф қилмадилар. У зотнинг йўлларига, кўрсатмаларига мувофиқ иш тутдилар.
 
Нечук бўлсун хилоф ул чори саъда,
Паямбар қилди ўттуз йилға ваъда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам адолатли ўттиз йиллик хилофот ҳақида ваъда қилганларида умматнинг энг бахтли, энг саодатманд бўлган кишилари яъни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳамда ҳазрати Али розияллоҳу анҳулар, бундай улуғ зотлар қандай қилиб, бу ваъдани бузишлари, унга қарши чиқишлари мумкин? Мутлақо, қатъан бундай бўлиши мумкин эмас эди.
 
Аларнинг васфини ҳеч сони йўқтур,
Тамом айтай десам, имкони йўқтур.

У зотларнинг васфлари, таърифу тавсифларининг сони йўқ. Охирига етказиб бўлмайди. Уларнинг бор таърифларини бошидан охиригача баён қилишимиз ҳам мутлақо имконсиздир.
 
Саҳобанинг бари ҳам пок диндур,
Бариси раҳнамойи роҳи диндур.

Саҳобайи киромларнинг барчаларининг динлари пок бўлган, динда адашмаган зотдирлар. Уларнинг дину диёнатларида заррача шубҳа, заррача айб бўлмаган. Улар дин йўлининг раҳнамолари, дин йўлига бошловчи саналадилар. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, ҳар бир банда бу зотларнинг ҳеч бирларини ажратмасдан, заррача шубҳага бормасдан эъзозу икромларини ўз ўрнига қўйиши зарур. 
 
Алардин сўнгра ҳеч ким жолариға,
Етушмас балки хоки полариға.

Саҳобайи киромлардан кейин уммат ичидан ҳеч ким то қиёматгача уларнинг жойларига, мартабаларига ета олмайди. Ҳаттоки оёқларидаги гардга ҳам ҳеч бир банда арзимайди.
 
Киши бўлса Набининг суҳбатида,
Гумон йўқтур аларнинг қурбатида

Қайси бир киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлган бўлса, у зотнинг қўлларида иймонга келиб, улардан динни ўрганиб, у зотга саҳоба бўлишлик бахтига муяссар бўлган бўлса, ана шу инсоннинг Аллоҳ жалла ва аъло олдида, уммат ичида муқаррабин бўлганликларига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
 
Саҳоба баъзиси ким Муртазоға,
Тахаллуф айлади ул босафоға.

Тарихда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин, хулофойи рошидинлар, хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда оғир якун топган, яъни у зотни фитначилар шаҳид қилган. Умматнинг бошига тушган энг катта фитна ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳодатларидан кейин бўлган.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу вафотларидан сўнг Мадинайи Мунавварада ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга бутун Мадина аҳли байъат бериб, у зотни халифа қилиб сайлаганликларидан сўнг, Муовия розияллоҳу анҳу билан ўрталарида ихтилоф келиб чиқади. Бунинг сабаби, Муовия розияллоҳу анҳу тезроқ ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларини топиб, уларни жазолашга ундар эдилар, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса аввало умматни бирлаштириб, уларга бош тайинлаш керак, ундан сўнг қотиллар жазоланади, деб ҳисоблардилар. Мана шу йўсинда ўртада келишмовчилик содир бўлади. Ва бир ёқдан Оиша онамиз билан, Талҳа розияллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўрталарида ихтилоф келиб чиқади. 
 
Савоб эрди ул эрларни муроди,
Хато бўлди баногоҳ ижтиҳоди.

Юқорида таъкидланганидек, саҳобайи киромларнинг барчалари поки дин бўлган зотлардир. Умматнинг бошига муаммо келиб қолса, умматнинг ислоҳи учун нима керак бўлса, албатта, у зотлар бунинг тадоригини қилганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга хилоф қилиб қўйган баъзи саҳобайи киромларнинг аслида муродлари, мақсадлари тўғри эди. Улар қасддан, билиб туриб ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга хилоф ишларни қилмадилар. Аммо ижтиҳодда баъзи хатоларга йўл қўйган бўлишлари мумкин. Ижтиҳодда ўзлари тутган йўлни тўғри деб билиб, хатога йўл қўйиб, шунинг орқасидан ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга хилоф қилган бўлишлари мумкин. Аммо уларнинг ҳеч бирлари нафс йўлида ёки мартаба талашиб ихтилофга бормадилар, уларнинг қасдлари, мақсадлари тўғри бўлган эди.
 
Аимма — аҳли суннат ким эдилар:
«Хатойи мужтаҳид маъфу» дедилар.

Аҳли сунна вал жамоа имомлари айтдиларки: «Мужтаҳиднинг хатоси ҳам маъфу». Мужтаҳид ижтиҳод мақомига етиб, ижтиҳодида хатога йўл қўйган бўлса ҳам у кечирилади. Чунки унинг қасди тўғри бўлган. Мужтаҳид ижтиҳодда қасддан хато қилмайди.
 
Хатоға балки тобтилар савобе,
Бу сўздур аҳли суннатнинг жавоби.

Мужтаҳидлар ижтиҳодларида хато қилиб қўйган бўлсалар ҳам, савоб топадилар. Чунки қасдилари тўғри бўлган. Бу аҳли сунна вал жамоанинг сўзи ҳамда жавоби ҳисобланади. Оиша онамиз ҳамда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бўлган ихтилофдан сўнг, уларнинг қаттиқ пушаймон бўлганликлари ҳақида ривоятларда ҳам зикр қилиб ўтилган. У зотларнинг ҳаммаларининг қасдлари аслида тўғри бўлган.
 
Битибдур «Мажмаъ ул-ашё»да, эй шамъ,
Хатодин балки қайтиб эрди ул жамъ.

“Мажмаъ ул- ашё”да шундай битилган: «Эй мўминлар, баъзи хато қилганлар хатоларидан охир-оқибат қайтганлар». Тарихдаги саҳобайи киромларнинг ўрталарида бўлиб ўтган воқеотлар, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фитна қурбони бўлганликлари, уларнинг ўзлари ҳам бу фитна эканлиги, бундан кейин умматнинг бошига кетма-кет фитналар ёғилиши ҳақида айтганликлари, шунга қарамасдан фитначилар уларни шаҳид қилганлиги баёни берилган. Ҳақиқатдан, кейинчалик умматнинг бўлиниб кетди. Баъзилар Муовия розияллоҳу анҳу, баъзилар ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдори бўлишди. Мадина аҳли, Оиша онамиз, Талҳа розияллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Умматнинг бошида саҳобайи киромлар турган пайтда шундай фитналар содир бўлди.

Буларнинг ҳаммаси келгуси уммат учун катта ибрат бўладиган воқеа-ҳодисалардир. Фитна шундай ёмон нарсаки, Аллоҳ таолонинг ўзи илҳом бермаса, ҳар қандай инсонни эсанкиратиб қўяди. Бу ишларда қиёматгача умматга дарс бўлсин, ундан сақлансин, деган маънодаги ҳикматлар бор эди. Биз бандалар ожиз ақлимиздан келиб чиқиб, у зотларга ҳар хил баҳо беришдан ўзимизни тийишимиз, эътиқодимизни мустаҳкам қилишимиз лозим.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг асҳобларим бамисоли ҳидоят юлдузларидир. Уларга эргашсангиз ҳидоят топасиз» дедилар. Яна бир ҳадисда эса: «Менинг асҳобларим бораларида Аллоҳдан қўрқинг! Уларнинг шаънига номуносиб ўй-фикрларга бориб қолманг!» деб таъкидлаган эдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. Биз бандалар ожиз ақлимиздан келиб чиқиб, у зотларга ҳар хил баҳо беришдан ўзимизни тийишимиз, эътиқодимизни мустаҳкам қилишимиз лозим. Чунки саҳобайи киромларнинг ҳаммалари тўғри йўлда бўлишган, хато қилганлари ҳам ижтиҳодда қилишган. Уларнинг мақомларига қиёматгача ҳеч ким ета олмайди. Ўзимизнинг мақомимиздан келиб чиқиб, уларни муҳокама қилиш биз бандаларга эмас. У зотларнинг шахсларига ҳаргиз билиб-билмасдан жоҳилона сўзлар айтишдан ўзимизни тиймоғимиз лозим. Биз фақат ўша воқеалардан ибрат олсак, бас.

(давоми бор)

(1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм)
(21-қисм)

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Билолхон домла Рустамов: “Саботул ожизин” шарҳи (23-қисм)

1587 08:00 27.01.2021

Билолхон домла Рустамов: “Саботул ожизин” шарҳи (22-қисм)

1393 18:00 22.01.2021

Бобур Мирзодан қолган Янги Ахси оламни ҳайратга солмоқда

3114 19:01 05.12.2020

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (17-қисм)

1520 20:35 25.11.2020

Янги ва эски Ахсикент ёхуд таниқли уламо бел боғлаган мунаввар лойиҳа (фоторепортаж)

3628 11:25 23.11.2020
« Орқага