Шариатни киши ким тутса хўб пос,
Каромат мундин ўтмас, аййуҳаннос.
Қайси бир киши диннинг асоси бўлган шариат арконларини, энг аввал, Аллоҳ жалла ва аълонинг фарзларини, вожиб амалларини, ундан сўнг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлар, шариат буюрган жамики ишларнинг риоясини қилса, Аллоҳ таоло ҳаром қилган, шариат қайтарган мункар ишлардан қайтса, мана шу энг катта каромат ҳисобланади.
Хилофи нафсу истикмоли тоат,
Бўлурми андин ортиқ ҳарқи одат.
Инсон жасадидаги энг катта душман нафс бўлиб, иблис алайҳиллаънанинг бизни адаштиришдаги асосий воситаси ҳам бу нафсдир. Инсон ҳаётида, охиратида нафси орқасидан ўзини ҳалокатга дучор қилади. Нафс Аллоҳ таолонинг амру фармонини хоҳламайди, аксинча, у зот қайтарган мункаротларни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам нафс душмандир. Ҳадисларда келади: «Кимки, мени нафсимдан ҳам ёмонроқ душманим бор, деб ўйласа, у инсон нафсини танимабди». Нафсга хилоф қилиш, тоат-ибодатларни мукаммал адо этиш ҳамда Аллоҳ жалла ва аъло буюрган амалларни бекаму кўст бажаришдан ҳам ортиқроқ харқи одат борми, бундан ҳам ортиқ каромат борми? Бугунги даврда нафсига хилоф қилиб, нафси хоҳлаган ишлардан қайтиб, тоат-ибодатларини доим мукаммал адо этаётган инсонлар ҳозирги замоннинг валийлари саналадилар. Бундай инсонларни, шубҳасиз, Аллоҳнинг дўстлари, авлиёлар деб аташ мумкин.
Киши деса валийни ғайбдондур,
Наъувзу биллаҳ, ул сўз кўп ёмондур.
Авлиёлар борасида, уларга эътиқод қилишда ҳаддан ошириб юбориш нозик масала ҳисобланади. Уларни ўз мақомларида таниш, уларнинг ҳаддиларидан зиёда, ҳаддиларидан ташқари нарсаларда иддао қилмаслик лозим. Яъни қайси бир банда авлиёларни ғайбдон деса, ғайбни билади деб айтса, Аллоҳ сақласин, жуда ёмон сўз айтган ҳисобланади. Авлиёлар ғайбни билмайдилар. Авлиёларнинг қўлларида жорий бўладиган ҳарқи одатлар, кароматларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг марҳамати ила бўлади. Агар Аллоҳ жалла ва аъло билдирмаса, банда ҳеч нарсани билолмайди. Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким, хусусан, авлиёлар ҳам, ғайб илмини билмайдилар. Аллоҳ таолонинг ўзи билдирсагина валийлар билиши мумкин.
Наби ҳам билмагай ушбу равишдин,
Магар билдирса, Тангрим баъзи ишдин.
Авлиёлар у ёқда турсин, ҳатто пайғамбарлар ҳам ғайб илмига оид нарсаларни билмаганлар. Фақат баъзи ишларни Аллоҳ жалла ва аъло билдирди ва улар ҳам билдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат борасидаги воқеотлардан хабар берганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган ва у зот биз умматни бундан хабардор этганлар.
Яқин бил, ғайб ишидин фолбинлар,
Хабар берса агар ё аҳли жинлар.
Киши чин деса ул ботил сўзини,
Бўлиб кофир, қаро қилғай юзини.
Ҳар бир мўмин-мусулмон инсон шуни билиши лозимки, ғайб ишлардан, келажакда бўладиган ишлардан фолбинлар ёки аҳли жинлар(жинлар билан мулоқот қиладиган кимсалар) хабар берсалару ва бу кимсаларнинг сўзига ким ишонадиган, уларнинг сўзини тўғри дейдиган бўлса, у диндан чиқади, Аллоҳ таоло унинг юзини қаро қилади, бу одам кофир бўлади. Айтиб ўтилганидек, фолбинлар жинлар билан иш қилади. Инсонларнинг жинга муносиблари фолбин бўлади. Инсондан бўлган шайтон ҳамда жиндан бўлган шайтон бир бўлиб, ҳамжинс бўлади. Шайтон фақат жиндан бўлмайди, инсондан ҳам бўлади. Инсдан, жинсдан бўлган шайтонлар бирлашиб, мана шундай ишларни қилишади ва эътиқоддан бехабар кимсалар уларнинг гапларини тасдиқ қилиб, уларни ғайбни билади деган хаёлга бориб диндан чиқиб қоладилар. Бугунги кунда фолбинлар ҳам, фолбинга борадиган одамлар ҳам кўпайган. Хусусан, аёллар бу балога мубтало бўлиб қолишган, эркаклар эса бу ҳолатга бепарво қараяптилар. Фолбинлар, уларнинг олдига бориш, уларга ишониш иймонимиз, эътиқодимиз, динимиз, шариатимиз, жамиятимиз учун ниҳоятда хатарли бўлган кимсалар, ҳолатлардир. Ҳар биримиз бундан огоҳ бўлишимиз, ҳеч қайси ҳолатда иймонимизни бой бериб қолишдан, фолбинлар, аҳли жинлардан сақланишимиз керак.
Яқин билгил ки баъзи номусулмон,
Демиш: «Вақтики қурбат тобса инсон
Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин!»
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
Жамиятда шундай тоифалар борки, ўзларини мусулмон деб атасалар ҳам, аслида мусулмон бўлмайдилар. Бу қандай тоифа? Бу тоифадаги кимсалар ўзларини аҳли тариқатмиз деб аташади, лекин тариқат, тасаввуф улардан безор. Ҳақиқий тариқат, тасаввуф ундай эмас, аслида. Бу кимсалар ўзларини аҳли тариқатмиз деб иддао қилишади. Ваҳоланки, улар бу эътиқодлари билан исломдан, иймондан чиқиб қолишади. Уларнинг «Қачонки бирор киши Аллоҳ таолодан қурбат топса, Ҳақ таоло ундан шариат ҳукмини кўтаради» деган ботил эътиқодлари куфр, залолат ҳисобланади. Бундай эътиқоддаги кимсанинг юзи қаро бўлади, иймонидан ажрайди. Модомики, инсоннинг ақли ҳуши жойида, мажмун бўлмаса, ким бўлишидан қатъий назар мўмин-мусулмон кишидан шариат аҳкомлари умрининг охиригача кўтарилмайди. Авлиё инсон намоз ўқимаса ҳам бўлаверади, деган киши кофир бўлади, диндан чиқади.
Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид,
Бу сўз ҳақиқатдан диндан чиққан ботил кимсанинг сўзи ҳисобланади. Бу гапни гапирган одам, бундай эътиқодга борган одам динда бўлмайди, динини бой берган бўлади. Бу тоифадаги кимсалар Аллоҳ таолонинг шариатига мункир бўлган фирқалардир.
Шариатга киши ким бўлса мункир,
Гумон йўқдур, бўлур албатта кофир.
Кимки Аллоҳ жалла ва аълонинг фароизларидан бирортасини қилмаслик мумкин деса ёки Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни қилиш мумкин деб айтса, шариатга мункир бўлса, у киши диндан чиқади, кофир бўлади.
Киши бўлмас муқарраб анбиёдин,
Алар безор эрур ужбу риёдин.
Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг то қиёматгача бўладиган фарзандлари, яъни бутун инсоният ичида Аллоҳ таоло учун энг муқарраб зотлар пайғамбарлардир. Ҳар қандай Аллоҳ таолодан қурбат топган валийлар ҳам ҳаргиз пайғамбарлардан ўта олишмайди. Ҳар қайси даврдаги пайғамбар алайҳиссаломлар уммат ичидаги Аллоҳ таоло учун энг яқин бўлган зот ҳисобланадилар. Пайғамбарлар инсоният орасидаги энг комил инсонлардир. Уларда заррача ужуб ҳам, риё ҳам бўлмаган.
Кугарилмади ўлгунча алардин,
Худо ҳаргиз кўтармас ўзгалардин.
Мана шундай инсоният ичида энг комил, энг муқарраб бўлган зотлар – пайғамбарлардан вафотларига қадар шариат аҳкомлари кўтарилмади. Пайғамбарлар ўзлари олиб келган шариатга умматлари ичидан энг биринчи бўлиб, умрларининг сўнггига қадар амал қилган эдилар. Ҳатто пайғамбарлардан ҳам умрларининг охиригача шариат аҳкомлари кўтарилмадими, ҳаргиз бошқа инсонлардан ҳам кўтарилмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариат Аллоҳ ва унинг расулига иймон келтирган мўмин-мусулмондан то қиёматгача кўтарилмайди.
(давоми бор)
(1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм)
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм)
(21-қисм) (22-қисм)
Диёра Эргашева тайёрлади