БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
“АСР” СУРАСИ
1. Аср (замон) билан қасамёд этурманки. 2. (Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! 3. Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар.
Бу сура қисқа бўлишига қарамай, ўзида кўплаб муҳим маъноларни мужассам этгандир. Агар биз бу маъноларни билиб, тушуниб, чуқур англасак, албатта, ҳаётимиз тубдан ислоҳ бўлади.
Яшаш тарзимиз яхши томонга ўзгаради.
Ўтмишдаги хатоларимизга астоидил тавба қилиб, шариатга мувофиқ ҳаёт кечирамиз ва кўплаб яхши амалларни бажарамиз.
Бу сурада Аллоҳ таоло асрга қасам ичмоқда!
Бу аср Пайғамбар алайҳиссаломнинг асрлари ёки Ул зот яшаган муборак олтмиш уч йилдир!
Бу шарафли олтмиш уч йил – ер юзини тамомила ўзгартирди, башариятни бахтсизликдан саодатга, залолатдан ҳидоятга, разилликдан юксак фазилатга, зулматдан нурга, тубанликдан олийликка олиб чиқди.
Инсон ўз умрини Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак умрига солиштирса, бу икки умр орасида қанчалик фарқ бўлади?
Инсон ўтказган умридан рози бўладими?
Инсон ўз умрини сарҳисоб қилиб кўрса, умр бўйи қилган ишлари бор йўғи уй сотиб олган, битта тижорат дўконига эга бўлган, уйланган, фарзандли бўлган ва ҳоказо...
Ҳар қанча бажарган ишларини Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак олтмиш уч йил давомида қилган ишларига таққосласа, ўзининг қилган барча ишларини арзимаган ҳисоблайди. Чунки қиёматгача келадиган бутун инсониятнинг ҳидоятида Ул Зотнинг ҳиссалари, хизматлари акс этади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ул зотни бутун инсониятга пайғамбар, бутун оламларга раҳмат қилиб юборди. Ул зот бутун инсониятга жаннат ҳушхабарини берувчи ва айни вақтда жаҳаннамдан огоҳлантирувчи бўлиб келдилар.
Ул зот зиммаларига юклатилган вазифа муҳимлигини билганларидан аср (замон)дан, ҳар бир соат, дақиқа ва сониялардан унумли фойдаланганлар ҳамда ҳаётларининг барча лаҳзасини башариятнинг саодати учун сарфлаганлар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун яратилган инсон – бемаъни ҳаёт кечириши, дангаса ва бефарқ бўлиши ақлга тўғри келмайдиган ишдир.
Балки Аллоҳ таолонинг ер юзидаги ўринбосари бўлмиш инсон – мазмунли ҳаёт кечирувчи, интилувчи ва атрофидаги ҳар бир нарсага эътиборли бўлиши ва энг асосийси, Аллоҳ таоло рози бўладиган солиҳ амаллар ва кўплаб яхшиликларни қилиши зарур.
Ўтган салафи солиҳлар ишёқмас, боқимандалик, бекорчиликни ёмон кўрганлар. Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу бир шоир боқимандалик, бекорчиликни мадҳ қилиб шеър айтганлиги сабабидан қаттиқ чора кўрганлар. Шоир Забарқон ибн Бадр исмли кишига ҳажв қилиб қуйидаги шеърни айтган:
Гўзал бир ахлоққа интилма, бўтам,
Сен олий хулқларга қилмагин хавас.
Ундан кўра айлаб хотирингни жам,
Уйингда еб-ичиб ўтиравер, бас.
Ушбу байт соҳиби Умар разияллоҳу анҳу томонидан қаттиқ жазоланган эди.
Бугунга келиб бу байт кўплаб инсонларнинг шиорига айланди, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Чунки инсон ҳаётда уй сотиб олса, уйланса, фарзандли бўлса, маркаб сотиб олса, тижорат дўконига эга бўлса бўлди, ўзини дунёда барча нарсага эришган деб ҳисоблайди.
Ваҳоланки, ўлим фариштаси келган вақтида инсондан бу нарсаларни сўрамайди, балки “Дунёда қандай солиҳ амаллар, яхшиликлар қилдинг, яратган Раббинг розилиги учун нималар қилдинг?”, деб сўрайди.
Инсон ўз ҳаётига диққат билан назар солса – вақт, умрдан кўра қимматлироқ нарсани топа олмайди. Шундай экан, Қиёмат кунида алам, азобларнинг энг каттаси – ҳаёти чоғида беҳуда, бекор ўтказган умри, соатларию дақиқалари бўлади. Буни яхшилаб тушуниб етган инсон вақтининг бир дақиқасини ҳам, лаҳзасини ҳам зое қилмайди. Бирор он ҳам Аллоҳ таолодан ғафлатда қолмайди.
Сиз умрингизни қандай ўтказяпсиз?
Сиз учун ҳаётда энг қимматбаҳо нарса нима?
Сизга тегишли бўлган сония, дақиқа, соат, кун, ҳафта ва ойлар қиёмат кунида сизнинг фойдангизга ёки зарарингизга ҳужжат бўляптими?
Сиз умрингизнинг ҳар бир дақиқасини Аллоҳ таолони зикр қилиш билан ўтказяпсизми?
Ёки умрингизни амри маъруф, наҳий мункар, зикр, Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш билан ўтказиш ўрнига беҳуда нарсалар билан машғул бўляпсизми?
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Қиёмат кунида инсон боласининг қадами беш нарса, яъни умрини қандай ўтказганидан, ёшлигини нималар билан ўтказгани, молу дунёсини қандай қўлга киритгани ва қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига қандай амал қилганидан сўралмагунича Раббисининг ҳузуридан ҳеч қаерга силжимайди” (Имом Термизий ривояти).
Вақт борасида бир қоида борки, ўтиб кетган нарсани қайтариб бўлмайди. Келажак ҳам номаълумдир.
Шунинг учун мен фалон куни фалон ишларни қиламан, дейилмайди. Чунки ўша орзу қилинган кунга етиладими ёки йўқми, бу ҳам аниқ эмас.
“Ёзда дамга чиқсам Қуръон ўқийман, ёдлайман, тузалиб олсам илм ўрганишга жиддий ёндашаман”, деб айтманг. Бундай дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Чунки шу вақтга етиш сизнинг қўлингизда эмас.
Қўлингиздан келадиган ягона иш – сиз яшаб турган ҳозирги вақтдир. Бу вақтни ғанимат билиб, ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиб қолинг!
Шайтон кўпчилик инсонларни яшаб турган вақтидан фойдаланмаслиги учун уларни ўтмишни эслатиш билан васваса қилади.
Бу васвасага учган инсон: “Қанийди, Аллоҳ таолони вақтлироқ таниганимда эди, кошкиди, илгарироқ инфоқ-эҳсон қилиб олганимда эди, қанийди кўп яхшиликларни қилиб олганимда эди”, деб ўша турган вақтини зое қилиб юборади.
Бу инсонларнинг ўтмишда қила олмаган нарсаларига ачиниб маҳзун бўлиши – йўқ нарсани келишини кутиб ўтирган инсонга ўхшайди.
Ваҳоланки, бўлар иш бўлди, ўтмиш ўтиб кетди.
Инсон ўтмиш китобини беркитиб янги саҳифаларни очиши керак.
Аслида Аллоҳ таоло инсонни жаннатдаги абадий саодат учун яратган. Дунёга инсонни ўша абадий саодатнинг ҳақини тўлаш учун келади. Бу абадий саодат яъни, жаннатга киришнинг ҳақи – яхши амаллар қилиш билан бўлади. Кимдурлар жаннатга киришнинг ҳақини бу дунёда адо қилиб, киришга ҳақли бўлса, кимлардур адо қила олмай, маҳрум бўлади.
Бу ҳақ қандай адо қилинади?
Жаннатга кириш ҳақи – сиз яшаб ўтказаётган сония, дақиқа, соат, ҳафта, ой ва йилларда шариатга мувофиқ ҳаёт кечириб, яхши амаллар қилиш билан бўлади. Шундай экан, умрингизнинг ҳар бир лаҳзасини нима ишлар билан, кимлар билан ўтказаётганингизга қаранг!
Яна ёмон ишлар, ёмон дўст ва шериклар сизни жаннатга кириш ҳақини адо қилишдан чалғитиб қўймасин!
Яна сиз жаннатга кириш ҳақини адо қилиш учун берилган бу умрни беҳуда нарсалар билан ўтказиб, охир-оқибат жаннатга кириш учун маблағингиз (солиҳ амалларингиз) камлик қилиб, абадий саодатдан маҳрум бўлиб қолманг!
Аллоҳ таоло ушбу “Аср” сурасини вақт, замонга қасам ичиш билан бошлади:
1. Аср (замон, вақт) билан қасамёд этурманки. 2. (Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!
Аллоҳ таоло одатда оддий нарсалар билан қасам ичмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нима билан қасам ичган бўлса, ўша нарса аҳамиятли эканини, унга эътибор қаратиш лозимлигини билдиради. Дарҳақиқат, вақт, замон инсон ҳаётидаги аҳамият бериши керак бўлган энг муҳим нарсадир.
Инсон ҳамма нарсани ўзича тасарруф қилишга эга бўлиши мумкин. Лекин вақт масаласида инсон хоҳлаганича тасарруф қила олмайди, уни тўхтата олмайди. У вақтларни тоат билан ўтказадими ёки итоатсизлик билан ўтказадими барибир вақт ўтиб кетаверади. Бу ҳафтанинг бошланиши бўлса, озгинадан кейин ҳафта тугаганини кўрасиз, бир паста тўрт ҳафта ўтиб кетиб ой ҳам тугайди, ойлар йилга уланади, йиллар ҳам ўтиб инсоннинг умри ўз поёнига етади. Дарҳақиқат инсоннинг умри кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.
Шунча умр яшаб нима учун яратилганини, нима учун дунёга келганини билмаган, Аллоҳ таолога ибодат қилмаган киши ҳақиқатда зиён кўрувчи бахтсиз инсон бўлади.
Инсондаги муаммоларидан бири, инсон ўзига муҳим бўлган нарсани керакли ўриндан эмас, балки бошқа ўриндан излайди. Масалан, инсонга маржон керак бўлса, уни денгиздан эмас, балки саҳродан излаб юришади.
Худди шундай барча инсон қисқагина умрида Аллоҳ таолонинг раҳматига, розилигига эришишни хоҳлайди. Аллоҳнинг раҳмати ва розилигини инсон дунё ва унинг зийнатлари орасидан эмас, балки дунёда яратган Раббисини таниш билан топади.
2. (Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!
Бу оятни ўқиган айрим инсонлар қандай қилиб ҳамма инсон зиёнда бўлиши мумкин. Масалан, бир кишининг молу дунёси кўп, қаср каби уйлари бор, истаган нарсасига қўлини узатса етади, бундай киши қандай қилиб зиёнда бўлиши мумкин, деб савол бериши мумкин.
Сиз шу пайтда мазкур калом ким томонидан айтилганини ёдингиздан чиқарманг!
Бу каломни бутун оламларнинг Робби, осмонларни бирор устунсиз яратган Аллоҳ таоло айтаётганини унутманг!
Аллоҳ таоло бу каломида адашган, гуноҳкор, Аллоҳ таолони танимайдиган ғофилларни назарда тутган. Бундай инсонлар дунёда ҳамма нарсага эришган бўлса-да, катта ютуқларни қўлга киритган бўлса-да, бироқ бу дунёда яратилишидан бўлган асосий мақсади - Аллоҳ таолони таниш, унга ибодат қилиш вазифасини бажармас экан, қандай қилиб у инсон зиёнда бўлмасин. Қандай қилиб у инсонни бахтли инсон, муваффақиятга эришган инсон деб айтиш мумкин? Масалан, қоровулни олайлик. Унинг вазифаси қўриқлаш. У иш вақтида ўз вазифасини қилмасдан боғбоннинг ишини қиладиган бўлса, шу вақтда ўша қўриқлаб турган ташкилотга ўғри кириб зиён етказса, бошлиқ қоровулдан сўроқ қилганида: “Боғбонлик ҳам қўлимдан келарди, шунга қўл ургандим”, деса, бошлиқнинг наздида унинг қадри кўратилиб қолмайди, балки умуман қадри қолмайди. Шунинг учун ҳам бошлиқ: “Сенинг вазифанг қоровуллик қилиш эди”, деб вазифаси бўлган қўриқчиликка бепарво бўлгани учун ишдан хайдаб юборади. Уй жиҳозларини мисол қилсак ҳам бўлади. Оддий лампочканинг вазифаси хонани ёритиш. Агар у куйса ва хонани ёритиш бўлган вазифасини бажармай қолса, унинг иккичақалик ҳам қадри қолмайди, уйнинг эгасини уни сақлаб қўймасдан, ахлатга ташлаб юборади. Худди шундай инсон ҳам қанчалик бой-бадавлат, серфарзанд, ақлли, уддабурон, олиймаълумотли бўлмасин инсоннинг бу дунёда яратилишидан мақсад бўлган – Аллоҳ таолога ибодат қилиш вазифасини бажармас экан, Аллоҳ таолонинг наздида унинг қадри бўлмайди ва натижада зиён кўрувчилардан бўлади.
Шу ўринда китоб муаллифи ўз ҳаётларида бир киши билан бўлган суҳбатни келтирадилар: “Мен икки докторлик дипломини қўлга киритган киши билан учрашдим. Суҳбат давомида ўзини тутиши, гап-сўзларидан илмни эгаллаганлиги, ўз ишининг устаси эканини билдим. Менинг наздимда у кишига ҳурматим ошди. Озгина вақтдан сўнг у киши намоз ўқимаслигини айтиб қолди. Аллоҳга қасамки, шу сўзларидан кейин у кишининг менинг наздимда умуман қадри қолмади. Ўзимга ўзим: “Бу “ҳурматли профессор” шунча йил давомида нималарни ўқиган, нимани ўрганган экан, агар бу илмлари, бу ўқиган нарсалари билан Роббини танимаган бўлса?”, дедим. Модомики, бу ўрганлар илмлари Роббини танишга хизмат қилмас экан, унинг шунча йиллик ҳаракати, умри зое кетган бўлмайдими? У ҳақиқий зиён чеккан инсон ҳисобланмайдими?”.
Ҳақиқий мўмин ким? Мўмин Аллоҳ таоло яхши деган нарсани яхши дейдиган, гарчи бутун инсоният ўша нарсани ёмон деб айтса ҳам. Мўмин Аллоҳ таоло ёмон деган нарсани ёмон деб билади, гарчи барча инсонлар ўша нарсани яхши деб айтса ҳам. Бу сурада ҳам Аллоҳ таоло иймон келтириб яхши амал қилмаганларни зиён кўрувчилардан деди. Ҳақиқий мўмин ҳам бундай кимсаларни зиён кўрувчи, бахтсиз деб билади, гарчи улар уддабурон, қандай яшашни ва қандай нарсалар ейишни биладиган, дунёда инсонлар орасида ҳамма жабҳада пешқадам бўлса ҳам, фарзанд ва аҳлларига ҳамма имкониятларни яратиб берган бўлса ҳам, бир дақиқа ичида миллион-миллион фойдаларни қўлга киритса ҳам. Агар мўмин киши шундай инсонларни муваффақиятга эришган, бахтли кимсалар деб билса, у гарчи бу сурани кунига кўп маротаба тиловат қилса ҳам, маъносини билса ҳам, бу сурадан Аллоҳ таоло кўзлаган мақсадни англамаган бўлади ва натижада ўзи ҳам мўмин бўлишига қарамай, зиён кўрувчилардан бўлади.
Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда кўпчилик инсонлар Аллоҳ таоло зиёнда деб огоҳлантирган кимсаларнинг пуллари, уйлари, мошиналари, тўйлари хусусида оғизларинини кўпиртириб гапирадилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло бундай жоҳил, гуноҳкор, Аллоҳ таолони танимайдиган, ибодат қилмайдиган кимсаларнинг ҳаётига ҳавас қилишдан огоҳлантирган:
فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ فِي زِينَتِهِ قَالَ الَّذِينَ يُرِيدُونَ الْحَيَاةَ الدُّنيَا يَا لَيْتَ لَنَا مِثْلَ مَا أُوتِيَ قَارُونُ إِنَّهُ لَذُو حَظٍّ عَظِيمٍ {القصص/79}
Сўнгра (Қорун) қавми олдига ясаниб чиққан эди, дунё ҳаётини истайдиган кимсалар: Эҳ, қани эди, бизларда ҳам Қорунга ато этилганнарса (бойлик) бўлса. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир», – дедилар (Қасос сураси, 79-оят).
وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَيْلَكُمْ ثَوَابُ اللَّهِ خَيْرٌ لِّمَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا وَلَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الصَّابِرُونَ {القصص/80}
Илм ато этилган кишилар (руҳонийлар) эса: «Ўлим келсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку! У (савоб)га фақат сабрли кишиларгина эришурлар», – дедилар (Қасос сураси, 80-оят).
فَخَسَفْنَا بِهِ وَبِدَارِهِ الْأَرْضَ فَمَا كَانَ لَهُ مِن فِئَةٍ يَنصُرُونَهُ مِن دُونِ اللَّهِ وَمَا كَانَ مِنَ المُنتَصِرِينَ {القصص/81}
Бас, Биз уни ҳам, (бойлик тўла) масканини ҳам ерга юттирдик. Сўнгра унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор жамоа бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади (Қасос сураси, 81-оят).
Ким Қуръон Карим ва ҳадиси шарифдаги қиссаларни ўқиса ва тарихга назар солса, Аллоҳ таолони борлигини инкор қилганлар, ер юзида бузғунчилик қилганлар охир оқибатда ҳалок бўлганларини билади ва улар зиён чекувчилардан бўлганига амин бўлади. Бунга Фиръавн, Намруд, Қорун, Од ва Самуд қавмлари, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб каби бойлик, куч-қудрат, шуҳратга эга бўлганлар мисол бўлади. Буларнинг барчаси тарихга зиён кўрувчилардан деб битилган.
3. Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар.
Юқорида Аллоҳ таоло зиён кўрувчи инсонларни зикр қилди. Бу ояти каримада эса 4 та сифатга эга бўлган инсонни улардан истисно қилди. Бу сифатлар:
- Иймон.
- Амал.
- Даъват.
- Сабр.
Демак кимда ушбу 4 сифат топилса ва шунга кўра ҳаёт кечирса, у фойда кўрганлардан, ютуққа эришганлардан бўлади.
Банда илмий мажлислари, жума марузасига қатнашса, Қуръони Каримни тиловат қилса, Аллоҳ таолонинг оятлари хусусида фикр юритса, умуман олганда илмларни шаръий мақсадда таълим олса, юқоридаги ютуққа эришувчиларда топиладиган 4 та сифатнинг бири – иймон бандининг остига киради.
Банда зиммасидаги фарзларни, яъни намозни қоим қилса, бир йилда бир ой рамазон рўзасини тутса, закотни берса, қодир бўлганида ҳажни адо қилса, етимнинг бошини силаса, силаи раҳм қилса, очни тўйдирса, қўшнининг ҳақига риоя қилса, ҳалол касб қилиб оиласининг нафақасини адо қилса ва шунга ўхшаш яхши амаллар билан машғул бўлса, ютуққа эришувчиларнинг 2-сифатига ҳам эга бўлади.
Шуни унтмаслик керакки, Ислом динида солиҳ амаллар жуда кўп. Уларнинг даражалари бор. Даражаларнинг энг юқорисида Аллоҳ таолонинг динига даъват қилиш, динига хизмат қилиш туради. Чунки бу Пайғамбарларнинг даражаси. Банда бу даражадарнинг олийсига етишиш учун қуйи даражадаги амалларни бажариш билан етади. Энг юқориси Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилиш бўлса, қуйиси эса инсонларнинг ҳожати йўлида ҳаракат қилишдир.
Фойда кўрувчилар ва ютуққа эришувчиларнинг 3-сифати ҳаққа даъват қилишдир. Аллоҳ таоло инсонга бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган ақл неъматини берди. Ақлнинг вазифаси эса ҳақиқатни, яъни яратган Роббини топишдир. Инсон бу ҳақиқатни топганидан кейин бошқаларни унга чақириши керак. Унга ато қилинган бу ҳидоят неъматини бошқаларда ҳам бўлишини хоҳлаши керак.
Ҳаёт ҳаракатдан иборат. Бу ҳаракатнинг асосий икки тарафи, яъни ҳақ ва ботил тарафи бор. Бу икки тараф ўз навбатида доимий ҳаракатда бўлади. Қайси тараф кўпроқ ҳаракат қилса, ўша тараф ғолиб келади. Масалан, ҳақ тарафдан кўра ботил тараф кўпроқ ҳаракат қилса, ҳақ беркилиб қолиб натижада инсонлар ҳақни кўрмай қоладилар, бора-бора ботилни ҳақ дейдиган бўлишади. Ҳақ нури беркилиб қолмаслиги учун инсонлар ҳақни тарқатиши керак бўлади. Бунинг учун эса, ҳақда собит туриши, ботилга сукут сақламаслиги, маломатчининг маломатидан қўрқмаслиги керак бўлади. Умуман олганда ҳақпарвар бўлиши керак.
Мусулмон умматининг бошқа умматлардан афзаллиги амри маъруф ва наҳий мункар қилиши билан. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ
Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз (Оли Имрон сураси, 110-оятидан).
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ {آل عمران/104}
Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Агар мусулмон уммати амри маъруф ва наҳий мункарни тарк қилса, бошқа умматдан ажратиб турадиган афзаллиги қолмайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳаққа чақиришни зиёндан нажот топишнинг устунларидан қилди. Ким фарзандида мункар ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар дўстида ёмон ишни кўрса, уни тили билан қайтарсин, агар бу иккисига қодир бўлмаса, қалбидан мункар ишни ёмон кўрсин. Нима бўлганда ҳам мусулмон кишининг ҳаёти ҳаққа чақириш ва ботилдан қайтаришдан тўхтамайди.
Фойда кўрувчилар ва ютуққа эришувчиларнинг 4-сифати сабр қилишдир. Мўмин киши таот-ибодатларни бажаришга сабр қилади. Гуноҳлардан сақланиш йўлида сабр қилади. Мусибатлар, қийинчиликларга сабр қилади. Мўмин-мусулмон бошига қийинчиликлар, мусибатлар тушганда Аллоҳ таоло бу мусибатлар орқали уни тарбиялаётганига ва бунинг ортида ўзи учун фойда борлигига ишониб сабр қилади. Бунга ҳаётдан мисол, бир киши тишини муолажа қилиш учун тиш доктори олдига борганида тишини даволатиши давомида унга етадиган ҳар қандай оғриқларга чидайди. Чунки бу оғриқлар давомий эмаслигига ва унинг кетидан роҳат кўришига ишонади. Шунинг учун даволаниш жараёни қанча давом этса ҳам сабр қилади. Мўминнинг ҳолати ҳам худди шундай. Аллоҳ таоло уни фақирлик, танглик, фарзанди ёки яқин инсонини йўқотиши, яхши кўрган нарсасидан маҳрум бўлиши каби нарсалар билан синалган вақтда Робби уни синаётгани, келажакдаги кўп яхшиликларга тайёрлаётгани, бунинг ортидан ажр-савобга эга бўлишига ишониб сабр қилади ва бошқаларни қийналган, мусибатланган ҳолатида кўрса бу синовлар ортида яхшиликлар борлигини айтиб, насиҳат қилиб уларни ҳам сабр қилишга чақиради.
Мусулмон киши бу сурадаги маълумотларни доимо зеҳнида сақлаши лозим бўлади. Умри давомида қиладиган ҳар бир амали юқорида зикр қилинган 4 та сифат, яъни иймон, амал, даъват ва сабрга мувофиқ келса, ўша амални бажариши, акси бўлса, уни тарк қилиши лозим бўлади. Тижоратчига назар соладиган бўлсангиз, қайси шартнома ёки келишув фойда келтирса, кучини, эътиборини, маблағини шунга сарфлайди. Фойдаси кам бўлган ёки умуман фойдаси бўлмаган битимларга умуман эътибор қаратмайди, вақт ажратмайди. Инсонлар дунёси учун шунчалик эътиборли, қайғурадиган бўлишса, мўмин киши нима учун охиратига фойда кедтирадиган амалларга эътиборли бўлмасин!
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, инсон ҳар қанча бой, кучли, олий мансабли, олий маълумотли, юқори мартабали бўлмасин, агар 4 та амални бажармаса, яъни иймон келтирмаса, солиҳ амалларни бажармаса, ҳаққа даъват қилмаса, ўзи сабрли бўлиб бошқаларни ҳам сабрли бўлишга чақирмаса, у батаҳқиқ зиён кўрувчилардан бўлади. Бу ҳақиқатни тезда Роббига йўлиққанида билади.
Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг
“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан
Фаррух Жуманиёзов, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
Фойдаланилган қўшимча адабиётлар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.
Таъзия: покистонлик буюк уламо вафот этди
Европалик депутатлар Исроилнинг босқинига қарши чиқди