Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Аъроф сураси тафсири

4186

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ Аъроф сураси 157оятида шундай марҳамат қилади:

«…ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган…»

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо алайҳиссалом билан бирга мийқотга келган Бану Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан иймонга келдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақталган сифатларидан яна бири:

«…уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган…» пайғамбар эканликларидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар, ўша нарса бандаларнинг икки дунёси учун ҳам яхшилик бўлади. Барча учун умумий бўлган бу қоидани ҳеч қачон унутмаслик керак. Баъзи вақтларда инсонга буюрилган нарсадан келиб чиқадиган яхшилик сезилмаслиги мумкин. Аммо бу ўша буюрилган нарсада яхшилик йўқлигидан эмас, балки кўзланган яхшиликни инсон англаб етмаганидандир. Тажрибанинг кўрсатишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнинг натижаси ўша ишни бажарувчи шахснинг набираси ёки ундан кейинги авлодида зоҳир бўлиши мумкин экан. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар, ўша нарса албатта ёмон бўлади. Бу ҳам барча учун умумий қоидадир.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари:

«…уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган…» пайғамбар эканликларидир.

Бу ҳам барча учун умумий қоида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ҳалол қилган бўлсалар, ўша нарса покдир. Пок нарса эса, шубҳасиз, фойдалидир. Пайғамбаримиз ниманики ҳаром қилган бўлсалар, демак, улар Ислом шариати ҳаром қилган нарсалар бўлиб, ҳаммаси нопокдир. Нопок нарса зарарлидир. Унинг зарари дарҳол кўриниши ёхуд бир оз фурсатдан кейин намоён бўлиши, шунингдек, бир неча авлоддан кейин ҳам зоҳир бўлиши мумкин. Шунинг учун турли андишаларга бормай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалардан доимо хазар қилиш, улардан узоқда бўлиш лозим.

Ушбу оятда эълон қилинаётган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан яна бири кишиларнинг

«…устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган…» пайғамбар эканликларидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келгунларича, турли тузум ва ҳукмлар халқлар елкасида оғир юк бўлиб, қўл-оёқларига кишан боғлаб турар эди. Бу ҳол ҳаттоки ушбу сўзлар бевосита қаратилган, илоҳий китоб, пайғамбар ва шариат соҳиби бўлган Бану Исроил устида ҳам бор эди. Мисол учун, Бану Исроилдан бирорта одамнинг кийимига нажосат тегса, унинг ўрни кесиб ташланмагунча, кийими пок ҳисобланмас эди. Улар урушда ўлжага тушган нарсаларни куйдириб ташлашлари керак эди. Бану Исроилдан гуноҳ қилган одамларнинг эшикларига айбдор киши қандай йўл тутса, гуноҳи афв бўлиши ёзилиб қоларди. Чунончи, гуноҳкорнинг кўзини ўйиб олиш ёзилса, ўз кўзини ўйиб олар эди. Бошқаларда бундан ҳам баттар ҳукмлар мавжуд эди. Ушбу ояти каримада зикр қилинган башорат ҳақиқатга айланиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келдилар ва инсоният елкасидаги мазкур оғир юкларни олиб ташлаб, қўл-оёғидаги кишанларни парчаладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари у зотнинг

«уммий» эканликларидир. Яъни онадан қандай туғилган бўлсалар, шундай – на ўқиш ва на ёзишни ўрганмай ўсганликларидир. Бу сифат у зотнинг ўзларига хос бўлиб, ҳақиқий Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжизадир. Ҳаммага маълум ва машҳур «уммий»дан Қуръондек мўъжиза каломнинг эшитилиши, турли ҳукм ва башоратлар чиқиши ул зотнинг ягона Аллоҳнинг Пайғамбари эканликларига далолат қилмаса, нимага далолат қилади?!

Аллоҳ Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бану Исроилдан танлаб олинган етмиш нафар вакилга ушбуларни айтди ва охирида:

«Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар зафар топувчилардир», деди.

Яъни Таврот ва Инжил аҳлларидан ким нажот топаман деган ниятда бўлса, бошқалар қатори, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирсин, у зотга, у зотнинг динига мадад берсин, қўллаб-қувватласин ва у зотга нозил бўлган нурга – Қуръони Каримга эргашсин, ана шундагина нажот топувчилардан бўладилар.

Муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба tafsirihilol.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси Малайзияда чоп этилади

1283 15:40 08.07.2023

Президентнинг муносабати нимани англатади?

4014 12:05 06.07.2023

Туркия ташқи ишлар вазири Швецияда Мусҳафнинг ёқиб юборилишини қоралади

1244 16:52 29.06.2023

Швеция полицияси масжид ёнида Қуръонга қарши намойишга рухсат берди

1851 11:30 29.06.2023

Грецияда Қуръонни йиртган франциялик ҳибсга олинган

2727 19:15 17.06.2023

Беларусда Қуръон маъноларининг таржимаси янгича талқинда нашр этилди

1480 15:19 16.06.2023
« Орқага