Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

АҚШнинг диний эркинлик борасидаги доклади қандай аҳамиятга эга?

2048

“Дунё давлатларида диний эркинликлар” доклади АҚШ Давлат Департаменти томонидан ҳар йили нашр қилинадиган муҳим докладлардан ҳисобланади. Бу доклад АҚШ Конгрессининг қарорига мувофиқ равишда, 1998 йилдан бошлаб муттасил чоп қилиниб келади. 

Докладни тайёрлаш учун Давлат департаменти ҳузурида доимий равишда махсус комиссия ишлайди. Бу комиссия бир томондан, дунё давлатларидаги диний вазият борасида маълумотлар тўплайди. Иккинчи томондан, махсус малакага эга бўлган, асосан юристлардан ташкил топган мухатассислар ёрдамида тўпланган маълумотларни таҳлил қилади. Натижада, ушбу комиссия ҳар бир давлатга алоҳида баҳо бериб, таснифлаб чиқади. 

Дунёда диний вазият ва диний эркинликларни баҳолашда кўплаб стандартлар мавжуд. Масалан, авторитар давлатлар “инсоннинг, жамиятнинг, давлатнинг хавфсизлиги – диний эркинликлардан устунроқ туради” деган тамойилдан келиб чиқиб, диний эркинликлардан кўра хавфсизлик ва барқарорлик қадриятларини устун қўйиб келишади. 

Қолаверса, либерал-демократик ғарб давлатларида ҳам диний эркинликлар борасида жиддий тафовутларни кузатиш мумкин. Масалан, Франциядаги диний эркинликлар билан АҚШдаги диний эркинликлар талқини ўртасида концептуал фарқларни кузатиш мумкин. АҚШ ва Англия ҳуқуқий мактабига кўра, диний эркинликлар – анча кенг ва жиддий ҳимоя қилиш назарда тутилади. 

Мисол учун, диний таълим борасида АҚШда оилаларга, жамоаларга тўлиқ автономия ва эркинлик тақдим қилиш назарда тутилган бўлса, Францияда университетгача таълимда ҳар қандай диний мансублик имкон қадар кўрсатилмаслик ёки бўрттирилмаслик зарурати урғуланади. 

Бу докладни тайёрлашда АҚШ кўпроқ энг либерал халқаро стандартларга таянади. Гарчи ғарб давлатларида диний эркинликлар борасида жузъий фарқлар кузатилсада, халқаро ҳуқуқ даражасида дин ва виждон эркинлигининг фундаментал, бузиб бўлмас тамойиллари шаклланиб бўлган. 

Либерал ҳамжамиятда, виждон ва дин эркинлигининг фалсафаси шаклланиб улгурган. Виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқ фалсафасининг жуда мустаҳкам мантиқий корпуси мавжуд. Виждон ва дин эркинлиги борасидаги бугунги хулосалар, тамойиллар шаклланишига, ўтган асрларда юз берган жуда катта фожеалар, диний урушлар, қирғинлар, тўқнашувлар сабаб бўлган. Бир сўз билан айтганда, бугунги оддийгина бўлиб кўринаётган “диний эркинликлар” тамойилларига эришиш учун тарихда миллионлаб одамлар қурбон бўлишган. 

АҚШ дунё давлатларида диний эркинликларни нима учун ҳимоя қилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. АҚШ ўзини “демократик дунёнинг лидери” деб билади. АҚШ сиёсий тафаккурига кўра, дунёда виждон ва диний эркинликларнинг паст бўлиши ёки ҳимоя қилинмаслиги – глобал хавфсизлик ва барқарорликка жиддий зарба деб талқин қилинади. 

Яъни, глобаллашган дунёда инсон ҳуқуқлари, жумладан, унинг виждон ва дин масалалари – миллий давлатларнинг ички, суверен масаласи деб кўрилмайди. Шунинг учун, кейинги ўн йилликларда шаклланаётган халқаро ҳуқуққа кўра, инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар – халқаро ҳамжамиятнинг эътиборида, нигоҳида ва назоратидаги масала сифатида талқин қилинади. 

Шу сабаб, АҚШ ўзида шаклланган ҳуқуқий-сиёсий тафаккурни, ёндашувни, жумладан, диний эркинликлар стандартини глобаллаштиришни истайди. Бу сиёсат бир томондан глобал хавфсизликка хизмат қилади, иккинчи томондан расмий Вашингтон учун ташқи дунёга таъсир кўрсатиш воситаси сифатида ишлатилади, ва ниҳоят, АҚШнинг юмшоқ таъсирини парваришлашга, мазлум жамиятларда Вашингтонга умид билан қарашга сабабчи омиллардан ҳисобланади. 

Қолаверса, АҚШ ўзининг ички сиёсатида диний эркинликлар масаласида, ҳаттоки ғарбий Европа давлатларига нисбатан ҳам анча эркин стандартларни жорий қилишга эришганлиги сабаб, ташқи дунёдан бу стандартларни талаб қилишда ички зўриқишларни сезмайди.

Айни пайтда, 2001 йил 11 сентябрдан сўнг АҚШда ҳам ксенофобия, исломофобия муаммоси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бунга, жумладан, давлатнинг ахборот сиёсати, ташқи сиёсати ҳам сабабчи бўлди. Лекин орадан икки ўн йиллик ўтиб вазиятга назар ташланса, АҚШ давлатчилигининг демократик институтлари вазият ёмонлашиб боришининг олдини олишга муваффақ бўлишди. 

Жумладан, демократик сайловлар, мустақил суд тизими ва эркин ОАВлари орқали, Буш ёки Трамп каби ксенофоб/ўнг маъмуриятлар сиёсатининг диний эркинлик борасидаги салбий оқибатларини минималлашга муваффақ бўлишди. 

АҚШнинг диний эркинликлар борасидаги докладлари, кўпгина давлатлар томонидан, жумладан, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Эрон, Саудия Арабистони каби давлатлар томонидан, танқид қилиниб келинади. Бу давлатлар, ўзларининг дин борасидаги сиёсатларини ҳимоя қилиб, АҚШ стандартларини бир ёқламаликда айблашади. 

Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон ҳам бу докладнинг муттасил қора рўйхатидан тушмасдан келарди. “Дунё давлатларида диний эркинликлар” докладида диний эркинликларни бузувчи давлатлар, бир неча категорияларга ажратилади. Диний эркинликларни ўта қўпол ва тизимли бузувчи давлатларга нисбатан АҚШ Давлат департаментининг, Конгресснинг ёки бошқа давлат институтларининг маълум санкцияларини қўллаш назарда тутилади. 

Бу доклад ҳар доим ҳам танқид қилинувчи давлатларга жиддий таъсир қилавермайди. Лекин бу йиллик докладнинг жиддий аҳамияти шундаки, бу доклад орқали виждон ва дин эркинлиги борасидаги глобал стандартлар, ҳуқуқ фалсафаси борасидаги қарашлар тарқатилади, шакллантирилади. 

Кейинги беш йил давомида, Ўзбекистон ушбу докладнинг қора рўйхатидан чиқарилди. Сабаби, Ўзбекистон виждон ва дин эркинлиги борасида, ростдан ҳам ўз сиёсатини ўзгартирди. Айни пайтда ҳали Ўзбекистондаги нуқсон ва камчиликлар кўплиги, билдирилмоқда. 

Демак, юқоридаги доклад ва ундаги баҳолар, стандартлар, тамойиллар, танқидлар йиллар давомида сиёсий ҳокимиятларни, экспертларни, фуқаролик жамияти қарашлари ва фаолиятини йўналтиришда муҳим рол ўйнади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Гуантанамо қамоқхонасида мусулмонлар қийноққа солинмоқда

1501 18:40 03.08.2023

Озарбайжон Арманистон ярашмоқда: минтақа энди Россиянинг “томорқаси” эмасми?

1723 17:35 09.07.2023

Жиддадаги АҚШ консуллиги олдида отишма оқибатида икки киши ҳалок бўлди

3696 18:10 29.06.2023

Тубанликнинг тубига яна бир қадам: Калифорнияда янги қонун қабул қилинди

2634 10:04 16.06.2023

  Суриядаги вазият: янги фитналарга ҳозирлик кўрилмоқда...

2167 08:52 15.06.2023

АҚШ Суриядаги террорчиларга қўшимча кучлар юборди

1262 12:35 14.06.2023
« Орқага