АҚШ сенатори ва Демократик партиядан президентликка собиқ номзод Берни Сандерс Ғазо секторини АҚШнинг яқин иттифоқдоши томонидан давом этаётган бомбардимон пайтида Исроилга 735 миллион долларлик қурол-яроғ сотилишини тақиқлаш тўғрисида таклиф киритди.
«Американинг бомбалари Ғазони вайрон қилаётгани, аёллар ва болаларни ўлдираётганлиги сабабли, биз Конгрессда мунозарасиз яна бир улкан қурол-яроғ савдосига йўл қўйиб беролмаймиз», деб ёзган Сандерс.
«Менимча, Қўшма Штатлар ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар учун тинч ва фаровон келажакка йўл очишда ёрдам бериши керак. Ушбу қуролларнинг сотилиши ҳақиқатан ҳам бунга ҳисса қўшяптими ёки бу шунчаки можарони авж олдирадими, биз яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак».
Қарор президент Жо Байден столига етиб боргунига қадар Конгресснинг ҳар иккала палатасида кўпчилик овоз билан қабул қилиниши керак, бироқ у резолюцияга вето қўйиши ҳам мумкин. Бунинг учун иккала палатада учдан икки қисми бўлиши талаб қилинади — бу деярли енгиб бўлмайдиган чегара.
АҚШ қонун чиқарувчилари орасида Исроилни қўллаб-қувватлаш кучли бўлиб қолаётган бўлса-да, АҚШ ҳар йили деярли 3,8 миллиард долларлик беғараз ёрдам кўрсатадиган иттифоқдошга нисбатан танқидий ёндашадиган сенаторлар кўпайиб бормоқда.
“Муқаддас” ҳисобланган Американинг қурол-яроғ савдоси ва Исроилни ҳарбий қўллаб-қувватлаши баъзи қонунчилар томонидан тобора оммавий равишда шубҳа остига олинмоқда.
Вакиллар палатасидаги сўнгги қурол-яроғ савдосини тўхтатиш тўғрисидаги қонун қабул қилингандан сўнг, прогрессив вакил Александрия Окасио-Кортез твиттерда «Биз Исроил ҳукуматига қурол-аслаҳа сотишимизни чеклашимиз керак, чунки улар бизнинг қуролларимиздан фойдаланиб халқаро оммавий ахборот воситалари, мактаблар, касалхоналар, гуманитар миссиялар ва фуқаролик иншоотларини бомбардимон қилмоқда. Бизнинг зиммамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти бор», деб ёзган.