АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари сешанба куни «Толибон» Афғонистон пойтахтини эгаллаб олган тартибсизлик пайтида Кобулдан учиб кетган C-17 самолётларидан бирининг ғилдирак жойидан топилган одам қолдиқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганаётганини маълум қилган.
Ҳафта бошида, ижтимоий тармоқларда C-17 самолётига осилиб Кобулдан кетишга уринаётган афғонларнинг тасвирлари тарқалган эди. Бошқа видеода Кобулдан учаётган ҳарбий самолётдан йиқилган икки киши тасвирланган. Ҳарбий ҳаво кучлари баёнотида айтилишича, C-17 самолёти душанба куни Кобул аэропортига қўнган ва самолёт юзлаб афғонистонликлар томонидан ўраб олинган.
«Самолёт атрофидаги хавфсизлик муҳитининг тез ёмонлашишига дуч келган C-17 экипажи аэропортни иложи борича тезроқ тарк этишга қарор қилди», дейилади баёнотда.
Унинг қўшимча қилишича, Ҳарбий ҳаво кучларининг махсус тергов бошқармаси самолёт ҳақидаги маълумотларни ва «тинч аҳоли қурбонлари, жумладан, видеокадрлар ва ижтимоий тармоқлардаги постлар манбаларини» ўрганмоқда.