Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Акром Малик: "Қалбнинг ичидаги нур..." (ўн бешинчи қисм)

2874

("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)

ЕТТИ ОТАСИ ХОН БЎЛГАН СУЛТОН

Одатда, шоҳлар мақтовига бағишланган шеърлар ҳукмдор шахсини улуғлашга қаратилиб, таҳлилчилар, адабиёт мухлислари ҳам жиддий эътибор бермайдилар. Зотан, мадҳия замирида аксар қаламкашларнинг тирикчилик ташвиши мужассамдир, қасидада ҳақиқатни айтишдан кўра бўрттириш устувор, табиий.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг султон Ҳусайнни олқишлаб ёзган байтларида ҳам шоирона муболаға ўзини намоён этади.

Бошқа шоирлардан фарқли жиҳати шуки, Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ султонни мақташда аниқ воқеликни яқинроқдан ёритишни қасд қилиб, муболаға қўллайди ва мақталаётган сифатлар айнан шоҳнинг давлат бошқарувида зарур сифатларидир.

Хусусан, ўрганадиганимиз бобда ҳам султон Ҳусайннинг қуйидаги жиҳатларига алоҳида эътибор берилган:

биринчидан, султоннинг насаби тилга олинган, чунки таг-туги, ота-онаси, авлод-аждоди номаълум одамнинг юрт бошига келиши офат ва зулмнинг бошланишидир. Давлат тепасида насли тоза шахсларнинг бўлиши қадимий талаб ҳисобланади. Шундан келиб чиқсак, султон Ҳусайн насаб жиҳатдан ҳукмдорларга мансуб бўлиб, отаси ҳам, онаси ҳам тахт эгаларининг авлоди эди. Буни Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам эътироф этиб, уни "каримут тарафайн подшоҳ", яъни икки тарафдан ҳам мукаррам подшоҳ, деб айтган.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақиқатни махсус таъқидлаган;

иккинчидан, султон Ҳусайннинг жанговар қобилияти мақталган, чунки ўзи жанговар бўлмаган ҳукмдор лашкарга ибрат бўла олмайди, лашкарни бевосита идора эта олмайди, зотан, жанговарлик, ҳарбий маҳорат ва қудрат ҳар қандай давлат учун жуда катта аҳамиятга эга, ҳарбий қудратга эга бўлмаган давлат ҳам, шоҳ ҳам, халқ ҳам қарам бўлишга, эркни бой беришга маҳкум;

учинчидан, Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ шоҳнинг душманларга қаҳру ғазабини васф этган. Чунки душманга кўнгилчанлик қилиш билан шоҳ давлатни ҳам, халқни ҳам бой беради;

тўртинчидан, султон Ҳусайннинг саховатпеша эканлигига урғу берилган, зотан, шоҳнинг саховати ҳиммат ва мардликдан дарак, бахиллик эса кечириб бўлмас пасткашликдир;

бешинчидан, султон Ҳусайн сиёсатда қаттиққўллик билан баробар карамни, афвни унутмагани айтиладики, бу икки одат биргаликда келгандагина фазилатга айланади;

олтинчидан, султон Ҳусайннинг базму байрамлари таърифланган, зотан, шоҳлар базмларда ўз савлатини, сиёсатини кўрсатади, халқни руҳлантиради, халқ кайфиятига ижобий таъсир ўтказади;

еттинчидан, Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ султон Ҳусайн ҳузурида унга тобе шоҳлар, беклар бирор сўзни берухсат гапира олмаганини таъкидлайди. Бу билан шоҳнинг аниқ иш услуби, тартиб ва низоми ҳақида тасаввур беради.

Мазкур жиҳатлар Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг шоҳга атаб ёзган шеърлари ҳам аниқ ва манфаатли мақсадни кўзлаганлигини билдиради. Султоннинг мақтовидан кейин инсон жисмининг шоҳи - Кўнгил (Қалб) ҳақидаги боб бошланган. Бу бежиз эмас. Чунки раиятни, халқни султон идора этса, инсонни жисмини, унинг оламини Кўнгил бошқаради. 

(давоми бор)

Акром Малик, навоийшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қалб кўр бўлса, онг ўтмаслашиб қолади

1240 19:40 28.08.2022

Қалбингизни шубҳали жойларга ташламанг!

3088 21:05 22.11.2021

Ким яхшилик қилса, унга…

2742 16:15 04.06.2021

Яхшилик қалбларни титратар

2230 04:00 08.05.2021

Ҳалолликни сақлаш учун нима қилиш керак?

1499 12:00 17.02.2021

Қалбингиз зангини кетказяпсизми?

1798 14:05 27.09.2020
« Орқага