Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ мукофот бўлур ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар» (“Намл”, 89).
Яхшилик қилиш ҳар кимнинг қўлидан келади, аммо ҳамманинг ҳам мақсади бир хил эмас: холис яхшилик қилувчилар билан бир қаторда қандайдир манфаатни кўзлайдиганлар ҳам учрайди. Албатта, қилинган яхшилик ва кўзланган мақсадларнинг энг аълоси Аллоҳ таоло розилиги учун бўлганидир.
Бир мусулмонниг қалбига хурсандчилик киритиш мақталган амаллардан эканлигини қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таолонинг наздида амалларнинг энг суюклиси мусулмоннинг қалбига киритган ҳурсандчилигингдир ёки ундан бирор мусибатни аритишингдир ёки унинг қарзини узишингдир ёки очлигини кетказишингдир. Менинг бир биродаримнинг ҳожатида юришим мен учун шу (Мадинаи мунавварадаги) масжидимда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло унинг айбларини беркитади. Ким ғазабини амалга оширишга қодир бўла туриб ғазабини ичига ютса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг қалбини хотржамликка тўлдириб қўяди. Ким бир биродарининг ҳожатида бўлиб унинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини сирот кўпригида мустаҳкам қилади. Сирка асални айнитгани каби ёмон хулқ ҳам амални ботил қилади». Ибн Абу Дунё ва Тобароний ривояти.
Яқинда интернетда юқоридаги ҳадисда айтилганидек қалбга хурсандчилик киритиш тўғрисида бир мақолани ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, саудиялик Абдулраҳмон ал-Досри исмли йигит буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган, унга мутлақо нотаниш болага бир буйрагини беришга қарор қилади. Ўн ёшли Файсал ал-Субайенинг касаллиги авж олиб борар, оиласи умидсиз аҳволга тушиб қолган эди. 2018 йил декабридан бери даволанади, лекин натижа йўқ. Кунлардан бирида нотаниш бир мусулмоннинг фидокорона ҳаракати билан бемор болада соғайиш ва бахтли ҳаётга қайтиш умиди пайдо бўлди.
Ал-Досри журналистларга берган интервьюсида мактаб давридан бошлабоқ яхшилик қилиш ва хайр ҳақида кўп ўйлаганини айтади. У вояга етгач, хайру саховат ишларида кўнгиллилар қаторида бўлган. Ёшлигидан ўзига-ўзи «Одамлар бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш борасида гап кетганда бахил ва худбин бўлмасликлари керак», деб айтган. Унга Қуръони Каримдаги «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса (ҳаётда қолишига сабабчи бўлса), худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» («Моида», 32) ояти қаттиқ таъсир қилган.
Ҳамманинг ҳам қўлидан келмайдиган иш бу, азизлар. Бу каби инсонни қойил қолдирадиган ишларни қўятуринг, вақти келса, ҳар куни ишга, ўқишга боришда фойдаланадиганимиз жамоат транспортида катта ёшли инсонларга биздан кўра уларнинг ўтириши ҳақли бўлган жойни бера олмаймиз. Ал-Досрининг қилган ишини ўқир эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари эсимга тушади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусулмон мусулмоннинг инисидир. Унга хиёнат қилмайди, уни алдамайди, уни хорламайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли, қони мусулмонга ҳаромдир. (Қалбга ишора қилиб) тақво бу жойдадир. Мусулмон биродарини паст санаш кишининг ёмонлигига кифоя қилади», дедилар (Имом Термизий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини қуйидаги оят ҳам қувватлайди: «Албатта, мўминлар оға-инидирлар» («Ҳужурот», 10).
Мўмин-мўминнинг иниси экан, биродарини ёрдамсиз ташлаб кетмай, бошига мусибат тушган вақтда унинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бериши лозим.
Махмур Абдуқодиров