("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)
(давоми, боши мана бу ерда)
Бешинчи боб
УЧИНЧИ МУНОЖОТ: МАҲШАР МАЙДОНИ
Олам йўқ эди, Аллоҳнинг лутфи ила бор бўлди. Ва у яна йўқликка қайтади. Бу Аллоҳнинг қаҳрини намойиш этади. Йўқликка қайтишнинг изтироби борлиққа келишдан кўра оғирроқдир, эҳтимол.
Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ учинчи муножотда йўқликдан кейинги мангу ҳаётни тасвирлаган. Бу мангу ҳаёт охират кунидан бошланади. Бу мангу ҳаёт жамики жонли яратиқнинг Маҳшар майдонига йиғилиши билан ибтидо топади.
Инсон ақлу фаҳмини заиф этган коинот Олам Эгасининг биргина амри ила мутлақо бўлмагандек йўқликка юз тутади. Бирор тирик жон қолмай, ҳамма ажал шарбатини ичади. Сўнг қабрлар ёрилади, кўксида пинҳон сирлар очилади. Одамзод ўз амаллари учун ҳисоб бергани жамланади.
Ваҳдат йўлида юрган ҳар ким - Аҳли Қабул ҳам, Аҳли Рад ҳам ўз ҳолидан паришон туради. Фиғон ва йиғи охират оламини қоплайди. Аллоҳнинг ғазабидан даҳшатга тушмаган бир зот қолмайди.
Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бу жараённи ўта таъсирчан ёритиб, бу кунда инсонларнинг амал китоблари берилиши, гуноҳкорларнинг елкасига қилмишлари юкланиб, ўзлари занжир ила боғланишини баён этади. Жаҳаннам олови ҳар кишини нақадар азобга солса, жаннат гули жилваланиб, ҳасрат устига ҳасрат келтиради. Хаёлдан ҳам ингичка Кўприк, ҳар кимнинг савоб ва гуноҳини тортувчи Тарози олдида зорланмаган кимса қолмас. Золимнинг ҳам, мазлумнинг оҳи кўкка ўрлайди. Бу Аллоҳнинг Адолати бўладики, ҳар ким ўз ўрнини аниқ-равшан англайди ва рози бўлади. Аллоҳнинг жабборлиги авж ила шуъла сочади, қаҳҳорлиги мавж ила жўшади. Ҳатто Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш авлиёлар мутафаккир ҳолда ўз ҳолидан қўрқувга тушади. Аллоҳнинг элчилари ҳайратга чўмиб, ўзи билан ўзи банд бўлиб қолади. Бироқ биргина зот борки, у ўзини қўйиб, ўзгалар учун қайғуради. Фақат у "Умматим!
Умматим!" дея Маҳшар майдонида елади. Фақат у пешонасини ерга қўйиб, ўз тобеларининг гуноҳини афв этишини Роббисидан сўрай олади. У икки олам сарвари, Аллоҳнинг ҳабиби - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир!
Унинг бу илтижоси ҳам Аллоҳнинг лутфидир. Аллоҳ хоҳладики, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматининг гуноҳи учум афв сўрай оладилар.
Маҳшар майдони Мангулик йўлининг бир бекати, ҳақиқатларни юзага чиқарувчи Нуқта, инсониятга таскин берувчи Буюк Воқеадир. Йўқлик манзилидан бошланган Ваҳдат махзани томон Сафар шу паллада ўз моҳиятини кўрсатади. Ваъдалар ижроси кўзларга ошкор бўлади. Ошиқларга Васл, золимларга
Адолат, таслимларга Раҳмат ато этилажак Бемисл Маҳкамадир бу. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳолидан нола чекиб, осийлар шафоатга ноил бўлаётган чоғда ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзига кўрсатишини Роббисидан сўрайди.
Бу Муҳаббат ва Таслимият устига барпо бўлган Иймондан янграган Илтижодир.
(давоми бор)
Акром Малик, навоийшунос