Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Акром Малик: "ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР..." (2-қисм)

3513

("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)

(Давоми. Боши бу ерда)

Биринчи боб

Ваҳдат маҳзанининг йўли

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ наздида бутун инсоният Ваҳдат хазинаси томон йўл олган йўловчидир. Бу йўлдан ҳеч ким воз кеча олмайди. Одам боласи истаса ҳам, истамаса ҳам Ўз Яратувчисига қайтади. Мутафаккир шу Ҳақиқатни баён этиш асносида одамзод Аллоҳнинг ар-Роҳман ва ар-Роҳийм сифати орасида бўлишини айтади. Дунё ҳаётида даҳрию диндорни, золиму мазлумни ажратмай марҳамат кўрсатиш Аллоҳнинг ар-Роҳман сифатидандир. Охиратда Ўзига таслим бўлиб, иймон келтирганларга раҳмати ила нажот бериши ар-Роҳийм сифатидандир.  Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ

"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм"ни Ваҳдат хазинасига одамзодни олиб кетаётган энг яқин, энг қаттиқ, энг хавфли йўл, дея таърифлаган. Бу йўлда икки тоифа юради: бири аҳли қабул, иккинчиси аҳли рад деб аталади. Инсон аҳли қабул жамоасига мансуб бўлса, "Бисмиллаҳ" унинг учун бир тасбиҳдир, бу тасбиҳ доналари икки жаҳондан афзал жавҳардир. Балки, "Бисмиллаҳ" давлат ва динни, жаннат оҳусини ушлаб берувчи Арқондир. 

Балки, "Бисмиллаҳ" жон суви, тириклик суви оқадиган ариқки, ёқасида мевалар тугувчи дарахтлари бор.

"Бисмиллаҳ" илоҳий ганжни қўриқлайдиган бир аждаҳоки, уни забт этган ана шу ганжга соҳиб чиқажак!

"Бисмиллаҳ" Аршни ёритган бир қандил, балки, шу қандилни ошён тутган бир ажойиб қумрики, бу қумри Яккалик боғига мансубдир.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бу таърифлар орқали инсонни "Бисмиллаҳ"нинг моҳиятидаги асл маънога яқинлаштиради. Буюк мутафаккир "Бисмиллаҳ"ни Ваҳдат махзани йўли ўлароқ тасвирлаш асносида бу йўлга Тавфиқ Раҳбари бўлмиш ал-Ҳодий Аллоҳдан мадад етмай қадам қўйган Аҳли Раднинг ҳолини баён этган. Улар учун бу йўл мангу ҳалокат, оғир машаққат, умидсизлик чангалидир. "Бисмиллаҳ"даги ҳар бир ҳарф офат тимсолига айланиб Аҳли Радни қўрқитади, жазолайди: "Бо" балонинг ўзи, "Син" наҳанг белидаги арра каби ҳар кандай кемани ҳалок этишга шай, "Син" ва "Мим" ҳарфлари орасида саҳронинг оловли бўрони елади, "Мим" ҳарфи йўл бошида ётган оғзидан ўт сочувчи илондир, уч "Алиф" ва учта "Лом" олти тарафдан даҳшат солувчи қиличдир, "Ҳе"ларининг учи ханжарнинг учидек қонхўр, "Ре"лари қирон келтириш ва чексиз зарар беришни одат қилган, "Ҳе"си эса чангак каби ҳалок бўлган қалбни чангаллайди, "Нун"и элнинг кўксини нишон этган ёй каби шай, "Ё"си Ҳидоят йўлига ихтилоф этганларнинг жонини талаб қилиб нидо этади,   "Бисмиллаҳ"даги нуқталар бу йўлнинг тошлари, балки, кесилган бошлардир, "Мим"лари яра устига яра, жазм - сукунлари озор устига озор. Ташдидлари эса элга қўрқитиш ила шиддат зоҳир этади. Шундай: Ваҳдат Йўлида юраётган Аҳли Рад қайга боқмасин, ана шундай қўрқинчни кўради, холос.

Бу йўлда Аҳли Қабул ҳам борки, улар қай томон боқмасинлар фақат саодатни, бахтни идрок этурлар. "Бисмиллаҳ"нинг "Бо"си жаннатнинг башорати - хушхабаридир. "Син"и бир зина, унда саломатлик, омонлик сари борилади, балки, у ўзида саодат - бахтиёрликни кўрсатувчи Оинадир.

"Мим"и Мақсад манзилига йўл очади, балки, бу Манзилдаги сарчашмадир у.

"Алиф"лари жоннинг ичида яшайди, шабистон ичини тоза шамдек ёритади.

"Лом"лари музаффарият байроғи, бу байроқни ғалаба шамоли ҳилпиратади.

"Ҳо" ҳувият - Аллоҳнинг Қудратини ўзига макон этган, "Лом"и "Мулк Уникидир!" деган сўзни айтиш ила банд.

"Ро"лари жаннатнинг эшиги, "Ҳо"лари ваҳдатнинг бешиги. "Мим"и "Нун"да интиҳо топаркан, ҳар бир жоннинг миннатини, оғирини ҳамиша кўтаришга ҳозир. "Ё" ва "Мим" бир тўлқинки, улар одамларни Карам денгизига ғарқ этишни истайди. Нуқта ва ташдидлари чақмоқ ва тош бўлиб, "Алиф"ларни шам каби ёқишга шай. Жазми - сукуни кўнгилнинг бўйнига ҳалқа солиб, нуқтаси жоннинг қўйнига мангулик дурини жойлайди.

Ҳаракатлари мақсудга етишда сен ила ҳаракатда, сукуни эса бир сакинат ифшо этиб, ҳар ишнинг сиррига етишда раҳнамодир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қалб кўр бўлса, онг ўтмаслашиб қолади

1240 19:40 28.08.2022

Қалбингизни шубҳали жойларга ташламанг!

3088 21:05 22.11.2021

Ким яхшилик қилса, унга…

2742 16:15 04.06.2021

Яхшилик қалбларни титратар

2230 04:00 08.05.2021

Ҳалолликни сақлаш учун нима қилиш керак?

1499 12:00 17.02.2021

Қалбингиз зангини кетказяпсизми?

1798 14:05 27.09.2020
« Орқага