Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Оқсоқоллар кенгаши Республика Давлат алкогол инспекцияси бошлиғига мурожаат йўллади. Хатда улар ташкилотдан қатъият кўрсатиб, татар қишлоқларини алкогол савдо нуқталарининг кўпайишидан ҳимоя қилишга чақиришди, дея хабар берди Татаристон муфтияти матбуот хизмати.
Диний идоранинг тушунтиришича, мактубнинг ёзилишига Давлат алкогол инспекцияси йиғилиши натижалари сабаб бўлган, унда спиртли ичимликлар сотиш шохобчалари бўлмаган қишлоқларда дўконлар очиш вазифаси қўйилган. Бу қарор аҳоли ўртасида яширинча ароқ ишлаб чиқариш ва сотишнинг олдини олиш билан асосланган.
“Шу муносабат билан Татаристон мусулмонлар диний идораси оқсоқоллар кенгаши ўз норозилигини билдириб, жамоатчилик ҳам қарорга қарши фаол норозилик билдираётганини маълум қилган.” дейилади хатда.
Шу билан бирга, қишлоқ имом-хатибларининг фаолияти спиртли ичимликлар савдо нуқталарини қисқартиришга қаратилгани қайд этилган.
“Бу борада имомлар маҳаллий ҳокимият органлари, аҳоли, тадбиркорлар, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ва бошқалар билан музокаралар олиб бормоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Татаристоннинг 16 туманидаги 30 дан ортиқ қишлоқдаги дўконларда спиртли ичимликлар умуман сотилмай қўйди ёки анъанага мувофиқ, муқаддас Рамазон ойида камайтирилади. Биз буни Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси диний арбоблари фаолиятининг натижаси деб биламиз", - дейилган Оқсоқоллар кенгаши баёнотида.
Республика Давлат алкогол инспекциясининг қарори муҳтасибларнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида спиртли ичимликлар истеъмол қилишдан бош тортиш ва қишлоқлардаги алкоголли маҳсулотлар савдо нуқталарини ёпиш борасидаги саъй-ҳаракатларига зид келади, деб ҳисоблайди муфтият.