Аввалроқ Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтакланганди. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги шифохонада ҳамширанинг фарзанди олдида калтаклангани ҳақидаги видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, туман сил касалликлар шифохонаси бош ҳамшираси Д.И. ва мазкур даволаш муассасаси физиотерапия бўлими ҳамшираси С.Т.нинг шахсий адовати сабаб, 18 октябрь куни икки аёл ўртасида зиддият юзага келган.
Ушбу ҳолатга С.Т.нинг яқинлари ҳам аралашиб, шифохона бош ҳамширасига тан жароҳати етказган.
Шунингдек, тиббиёт ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳатти-ҳаракатларни содир этган ҳамширалар вақтинча ишдан четлаштирилган ҳамда калтакланган ҳамшира қизининг руҳий ҳолати ва соғлиғи мутахассислар назоратига олинган.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилиб, воқеа сабаблари аниқланаётгани маълум қилинган.