Кеча Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Ҳеллоуин байрамини нишонлаш вақтида оммавий тиқилинч келиб чиққан ва бунинг натижасида 50 га яқин одам юрак хуружига учраган.
Аввалроқ ҳодиса оқибатида 146 киши ҳалок бўлгани ва 150 дан ортиғи яралангани ҳақида хабар бергандик.
Сўнгги хабарларга кўра эса, вафот этганлар сони 151 кишига етган, 97 киши жароҳатланган.
Расмийлар ҳалок бўлганлар орасида 19 нафар хорижлик борлигини маълум қилди. Қурбонлар орасида Эрон, Хитой, Норвегия, жумладан, Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси буни тасдиқлади.
Расмий маълумотларга кўра, бедарак йўқолганлар ҳақида 350 га яқин хабар келиб тушган. Маълумотлар полицияга топширилган.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Сеулдаги фожиа муносабати билан миллий мотам эълон қилди ҳамда қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.