Аллома Ибн Абдилбар саҳобалар тарихи ҳақида ёзган. Истийъоб номли китобида санади ила улуғ халифалардан бири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида ажойиб воқеани ҳикоя қилади:
Икки киши бир ерда ўтириб овқатланмоқчи бўлишибди. Бирида 5 кулча, яна бирида 3 кулча бор экан. Дастурхон устига борини қўйибдилар. Шунда учинчи бир одам ўтиб қопти. Иккиси уни кулчалардан иборат таомга таклиф қилишибди. Учаласи ўтириб еб, барча кулчаларни битирибдилар.
Учинчи киши ўрнидан турар экан, дастурхонга 8 дирҳам пул қўйиб кетипти. Кетгач, 5 та кулча эгаси 3 та кулча эгасига 3 дирҳам тутқазибди.
- Ярим-яримдан бўлишсак инсофдан бўларди, - депти 3 кулча соҳиби.
- Кулчалар сони бўйича бўлдим, сизга 3 дирҳам, менга 5 дирҳам, - депти шериги.
Шериги бунга рози бўлмай Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳузурига борайлик, адолат билан бўлиб беришни сўрайлик, деб таклиф қилибди.
У зот ҳузурига боришиб, воқеани айтиб бериб, ҳукм қилишни сўрабдилар.
Али розияллоҳу анҳу 3 кулча эгасига қараб:
- Шеригингиз сизга яхши таклиф қилган экан, шунга рози бўлиб қўяверинг, - дептилар.
- Мен холис ҳаққа рози бўламан, ўзингиз адолат билан бўлиб берасиз, - депти у.
- Модомики 5 кулча соҳиби таклиф қилган сулҳга кўнмадингиз, сизнинг соф ҳақингиз 1 дирҳам бўлади, - дебдилар Али розияллоҳу анҳу.
- Қандай қилиб? - депти у.
- Сизлар уч киши эдингиз. Учалангиз 8 кулчани еб битирдингиз. Ҳар бирингиз қанча еганингиз ноаниқ бўлгани учун тенг егансизлар, деб оламиз. Ҳар бир кулчани учга бўлакка бўлиб ҳисоблаймиз. 24 бўлак бўлади. Ҳар бирингиз 8 бўлакдан егансиз. Сиз ўзингизнинг 9 бўлагингиздан 8 ни егансиз, битта қолган. Шеригингиз ўзининг 15 бўлагидан 8 ни еган, 7 бўлак қолган. Демак, унга 7 дирҳам, сизга 1 дирҳам, - деб жавоб берибдилар Али розияллоҳу анҳу!
- Адолатли ҳукм, розиман, - деб қабул қилибди 3 кулча соҳиби..
Оллоҳ таоло бу зот ва бошқа барча саҳобийлардан рози бўлсин.
Сайфуллоҳ Носир