Товус ибн Кайсон Яманда яшаган. Ўша пайтда Яманни зулми билан ном чиқарган Ҳажжож ибн Юсуфнинг укаси Муҳаммад ибн Юсуф ас-Сақофий бошқарар эди. Ал-Ҳажжож уни Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл этиб, куч-қувватга кирганидан сўнг Яманга ҳоким этиб тайинлаган.
Муҳаммад ибн Юсуф акаси Ҳажжожга хос бўлган жуда кўп ёмон хислатларга эга эди, аммо Ҳажжожнинг фазилатларидан бирортаси йўқ эди.
Бир куни Товус ибн Кайсон Ваҳб ибн Мунаббиҳ билан Муҳаммад ибн Юсуфнинг олдига борди.
Улар бирга ўтиришганида, Товус оят-ҳадислардан сўзлаб, насиҳат қила бошлади. Унинг ёнида бошқа одамлар ҳам ўтиришган эди.
Ниҳоят, ҳоким хизматкорларидан бирига: "Ҳой, яшил чакмонни олиб Абу Абдурраҳмоннинг елкасига ташла", – деди.
Хизматкор қимматбаҳо яшил чакмонни олди ва уни Товус ибн Кайсоннинг елкасига ташлади.
Товус мавъиза қилишда давом этди ва елкаларини хотиржам ҳаракати билан чакмонни ечиб ташлади-да, ўрнидан туриб кетди.
Муҳаммад ибн Юсуф ҳеч нима демаган бўлса-да, ғазаблангани қизариб кетган кўзларида сезилиб турарди.
Товус ва унинг ҳамроҳи саройни тарк этишганда, Ваҳб ибн Мунаббиҳ Товусга шундай деди:
– Аллоҳга қасамки, биз унинг ғазабини келтирмаслигимиз керак эди. Агар бу кийимни олиб, кейин уни сотиб, пулни камбағал ва муҳтожларга садақа қилиб берсангиз ҳам бўларди-ку?
Товус айтди:
"Тўғри айтасан. Лекин мендан кейин келадиган олимлар: "Товус олгани каби оламиз", дейишларидан қўрқдим ва аммо улар сен айтганингдек, муҳтожларга садақа қилмайдилар-да”.
Ёқуб Умар тайёрлади