Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Наср

Муаллим (ҳикоя)

2996

Эрта баҳор. Изғирин этни жунжиктиради. Тонг ғира-ширасида кўча супураётган аёлнинг хаёли паришон. Момақалдироқ гумбурлагани сайин титрайди, оғир ўй миясини пармалайди: “Болаларимнинг усти юпқа, оёғи юпун. Эгни-ку, бир гап бўлар. Кичигимнинг оёғидаги қиш бўйи титилиб кетди. Шўрлик болам яна оғриб қолмасайди...”

У қийналибгина рўзғор тебратади. Ёлғиз ўзи нимаям қилсин, қирққа кирмай бешта бола билан бева қолди. Катта ўғлининг топганиям рўзғорга урвоқ бўлаётгани йўқ. Ахир осонми, жўжабирдай жон; унисига етса, бунисига етмайди.

* * *

Янги Муаллим жунжикиб турган болага яқинлашди:

– Нега юпун кийиндинг? Оёғинг қалинми ишқилиб? Вой-бў, шу ёмғирда йиртиқ пойабзал билан келдингми?.. Тез уйингга бор, кийимларингни алмаштир, шамоллаб қолма тағин!

Бола айбдорона елка қисди. Юзлари ёмғирданми, кўзёшданми ҳўл эди. Муаллимнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди. Ўзининг етим ўтган болалигини эслади. Ўшанда ҳам ёмғир ҳозиргидек шаррос қуймоқда эди. У эски мактабнинг тунука томи тагида жаладан паналаб турибди. Аммо оёқлари жиққа ҳўл, лаблари кўм-кўк. Тишларининг такиллаётганини билдирмаслик учун жағларини маҳкам қисган кўйи қунишиб олган. Шу пайт ёнига немис тили устози келди, унга ўроғлиқ бир нарса узатди. Кейин оталарча меҳр билан: “Синфхонага кир-да, кийиб ол, ўғлим. Ўртоқларингни киргизмай тураман. Мендан олганингни улар билиши шарт эмас”, деди шивирлаб.

Қалин кийим тафтидан баданига илиқлик югуриб, қаттиқ ҳаяжон ичида янги пойабзални киёлмай қўллари титраётган болакай, устозининг “Бошмоғинг эски бўлса ҳам бутун. Кейинги маошгача амаллаб тур”, дея ўз ўғлини кўндирганидан бехабар эди.

Мактабга юпун кетиб, қалин кийим, иссиқ пойабзалда қайтган ўғлини кўрган онаизори узоқ йиғлаганди...

Оғир йиллар ортда қолди.

Бугун у – Муаллим.

Тақдирни қаранг, қаршисида худди ўзининг ёшлигидек ўксик бир бола совуқдан дилдираб турибди. Кўксининг энг нозик нуқтасида бир оғриқ туйган Муаллим бугуноқ унинг уйига боришга қарор қилди.

Ўқувчиларга уй вазифаларини бериб, дарс тугаши билан кўчага чиқди. Тушлик ҳам қилмади. Ҳали унут бўлиб улгурмаган етимлик йилларини кўз олдида кечагидек гавдалантириб қўйган болакай учун нимадир қилолмас экан, томоғидан овқат ўтармиди? Эзгулик сабоғини бериб кетган устозига муносиб шогирд бўлишга аҳд қилмаганмиди?! Эзгин хаёллар гирдобида чўнтакларини кавлади...

* * *

Деворлари нурай деб турган эскигина уй рўпарасида бир зум тек қотди. Уни униқиб кетган либосдаги аёл қарши олди. Кўзларига мунг чўккан бу аёлга боқиб, онасини эслади...

Салом-аликдан сўнг ўзини таништирди, ҳол-аҳвол сўради. Кетаётиб қўлидаги қоғозхалтани узатди ва: “Бу Баротга ҳадя. Мендан эканини билмасин...” деди-да, ортига қайтди.

* * *

Эртаси куни Барот мактабга келмади.

Касалхонага етиб борган Муаллим боланинг оташ-аланга бўлиб ёнаётган пешанасига кафтини босди. У алаҳсирар, ора-сира: “Аяжон, оёғим совқотяпти!” дея такрорларди.

Совуқ буйракларини шикастлабди...

Нимжонгина вужуди хасталикка қарши курашолмади...

* * *

Муаллим туш кўрди. Атроф ям-яшил. Борлиқни райҳоннинг муаттар бўйи қоплаган. Шогирдлари билан ўрик гулларига бурканган боғ оралаб боришмоқда. Улар орасида Барот ҳам бор. Оёқларида янги пойабзал. Шўрлик: “Малим[1], энди оёғим совқотмаяпти. Қаранг, аям бошмоқ олиб берди”, дея суюнармиш...

* * *

Жума тонгида Муаллим одатига кўра “Индамаслар олами” сари одимлади.

Ҳаво сарин, осмон тунд. Қабристон ҳар галгидек жимжит. Сукунатни фақат шаррос қуяётган ёмғирнинг алланечук ҳазин оҳанги бузмоқда. Гўё само ичра сузаётган қоп-қора булутлар карвони қабрлар устида кўзёш тўкаётгандек. Бир қарашда оддийгина ҳол – ёмғир Баротнинг қабри узра ҳам ёғмоқда.

Йўқ.

Ёмғир Муаллимнинг ичига ёғаётир.

Ёмғир Муаллимнинг кўзларидан ёғаётир...

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ


[1] Малим – муаллим.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бўёқчи ва қайиқдаги тешик

5716 05:10 26.08.2021

Энг яхши aкa

5950 05:00 09.08.2021

«Бир миллионлик» қўчқор

6639 05:05 06.08.2021

Яхшиликнинг қудрати

2959 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

2922 13:00 22.04.2020
« Орқага