(Давоми, боши бу ерда)
Мужаддиду алфис соний имом Раббоний
Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди номига сазавор бўлган мутасаввуф аллома имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур китоблари бўлмиш «Мактубот» да неъмат ҳақида сўзлаганлар. Қуйида ушбу мактубни ҳавола қиламиз.
71- мактуб
Мирзо Дороб ибн Хони Хононга «Неъмат берилгувчи, неъмат бергувчига шукр қилмоғи вожиблиги ва шукр - фақатгина шариатга суяниш ва амал қилиш билангина ҳосил бўлиши», ҳақида юборилди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ёрдам берувчи ва қувватловчингиз бўлсин!
Билгинки, шаръан ва ақлан, неъмат берилгувчининг неъмат бергувчига шукр қилмоғи вожибдир. Неъматнинг вусули андозасида, миқдорида шукр қилмоқ вожиблиги - маълумдир. Бас, неъмат вусули кўпроқ бўлиши эса янада кўпроқ шукр қилиш вожиблигини лозим қилади. Мана шу сабабдан бадавлат инсонларга даражотлари тафовутига кўра, фақирларга нисбатан кўпроқ шукр қилиш лозимдир. Бу уммат фақирларининг жаннатга бойларидан беш юз йил аввал киришлари сабаби ҳам мана шудир.
Аллоҳ таолога шукр қилиш:
Аввалан: Фирқаи ножия - Аҳли сунна ва жамоа - эътиқодига мувофиқ тарзда эътиқодни тўғирлаш;
Иккинчидан: Шариат аҳкомларига Аҳли сунна ва жамоа мужтаҳидлари билдирганига мувофиқ амал қилиш;
Учинчидан: Суннатга мувофиқ бўлган улуғ муршидлар, руҳий тарбия шайхлари сулукларида, қалбни поклашдир;
Учинчи ҳолат, аввалги икки ҳолат олдида истеҳсонийдирки, Исломнинг асли - аввалги икки рукнга боғлиқдир. Ва исломнинг камоли эса - учинчи рукнга боғлиқ бўлади, аммо бу рукн аслий эмасдир.
Энди, мана шу уч арконга мухолиф бўлган барча амаллар, гарчи жуда ҳам машаққатли ва қийин амаллар бўлса ҳам, Аллоҳ таоло амри ила бўлмаганлиги сабаб, маъсият ҳукмида бўлаверади.
Ҳинд браҳманлари ва юнон файласуфлари риёзату мужоҳадотларда ўзларини жуда ҳам қаттиқ қийнайдилар. Аммо, бу риёзатлар Анбиё алайҳимуссаломларга (уларнинг барчаларига омматан ва афзалларига хоссатан саловоту таслиймотлар бўлсин) нозил бўлган шариат аҳкомларига мувофиқ бўлмагани сабабидан, мардуд ва охиратдаги нажотдан бенасибликдан бошқа нарса эмасдир.
Сизларга (барчамизга) саййидимиз, мавломиз, гуноҳларимизни шафоатчиси ва қалбларимиз табиби бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу таоло алайҳи ва олиҳи ва салламга ва Хулофои рошидийн ва маҳдийинлар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) га мутобаатда бўлмоқлик лозимдир».
Шарҳ:
Имом Раббоний қуддиса сирруҳ шукрни баён қилиб, ҳақиқий шукр этиш нажот фирқаси бўлмиш аҳли сунна ва жамоа ақидасида бўлиш эканини айтдилар. Зотан, ҳидоят неъмати шукри Аллоҳга рост ибодат этиш билан бўлиб, бу аҳли сунна ва жамоа уламолари ақидасига мувофиқлик ила бўлади. Бошқа фирқалар ақидасида эса футуротлар ва хатолар бордир.
Расулуллоҳ солалаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Бани Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетишган. Умматим етмиш уч миллатга бўлиниб, шундан фақатгина бир миллатдан бошқаси дўзахда бўлади, деб айтдилар.
Шунда (саҳобалар): Эй Аллоҳнинг Расули улар ким?, дея сўрашди.
У зот: Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлларини тутганлар, деб айтдилар».
Термизий ривояти.
Кейин эса, ушбу мукаррам уламолар Қуръон ва суннатдан тақдим қилган аҳкомларга амал қилиш. Зеро, ҳар қандай илм амали билан қиймат топади. Илмсиз амалнинг манфаати бўлмайди. Имом Раббоний ҳазратлари илмига амал қилмасликни шамга ўхшатганки, шам ёниб атрофни ёруғ этгани билан, ўзи ёниб битиб тугайверади.
Сўнгра, Суннатга мувофиқ бўлган улуғ муршидлар, руҳий тарбия шайхлари сулукларида, қалбни поклашни айтдилар. Яъни, илм ва амални ихлос ила қилиш учун, бирон бир суннатга мувофиқ бўлган йўл соҳиби бўлмиш руҳий тарбия устозидан таълим олиш.
Бир нарсани билиб олиш лозимки, ушбу учинчи қисм аввалги икки қисм олдида иккинчи даражали ҳисобланиб, илм ва амал асл, ихлос топиш эса фаръ (иккинчи даражали) дир. Лекин, ихлоссиз қилинган амалда ҳам самара бўлмасдан, риё аралашган бўлади. Мана шу сабабли учинчи жузъ бўлмиш ихлос ҳосил қилиш, уни бирон бир муршиди комилдан ўрганиш лозим. Илло, бу фақатгина шариати Исломга ихлос ила амал қилишга хизмат қилади халос. Тариқатдан мақсад – шариатга мустаҳкам ихлос билан амал қилишдир, асло ва асло бошқа нарса эмас.
Мана шу уч қисм бандага берилган Ислом неъматининг шукри бўлади. Бу уч қисмга тўғри келмайдиган мужоҳадалар гарчи, ўта машаққатли ва кўринишда ажиб бир чиройу мафтунликлар ҳосил қилсада, натижасиз, самарасиз ва манфаатсиз бўлаверади. Зотан, савоб ҳосил бўлиши учун савоб ато қилгувчи Зотга имон келтириш ва Унинг амру наҳйларига итаот этиш шарт бўлади.
Имом Раббоний қуддиса сирруҳ мақсад баёни таклиф экани ким хоҳласа эргашиши ва ким хоҳламас бу ўз ихтиёри эканин баён этиб байт келтирадилар:
Мисра:
Додам туро аз ганжи мақсуди нишон, гар мо нарисидим ту шояд раси.
Сенга мақсад ҳазинасидан хабар бердик, агар биз етолмасак, шояд сен етсанг.
Мактуб аввалидаги неъмат қанчалар кўп бўлса, шукри ҳам шунчалар кўп бўлиши лозимдир, дейилган. Дарҳақиқат шундай, неъматлар Эгаси шукрни шарт қилган ва шукр қанчалар кўп бўлса, зиёдаси ҳам шунчалар кўплигини баён этган.
«Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг».
(Иброҳим, 7).
Шунингдек, комил шукрли бўлиш имконсиз экани, бу неъматларга қанчалик кўп шукр қилинсада аслий талаб қилинган шукр ҳосил бўлмаслиги айтилган.
Умматнинг фақирлари бойларидан кўра жаннатга беш юз йил илгари кириши сабаби ҳам ушбудир.
Абу Саид Худрий розияаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳожирларнинг фақирлари жаннатга бойларидан беш юз йил илгари киришади».
Термизий ривояти.
Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳожирларнинг фақирлари қиёмат куни жаннатга бойлардан қирқ куз (йил) илгари киришади», деб айтдилар».
Муслим ривояти.
Ҳинд браҳманлари ва юнон файласуфлари риёзату мужоҳадотларда ўзларини жуда ҳам қаттиқ қийнашлари машҳур. Уларнинг йиллаб очлик ва машаққатли ҳаёт кабиларда камчиликсиз давом этганлари бефойда бўлиб, ўзларини қийнашдан ва одамлар мақтовидан бошқа бирон бир нарсага эга бўлмаслар. Зеро, Пайғамбарлар йўлига мувофиқ бўлмаган амаллар ибодат ҳисобланмайди ва бирон бир қийматга эга ҳам бўлмайди. Аксинча, бидъат ва ҳурофот эканлиги сабабли гуноҳ ҳисобланади.
Ушбу мактуб шукр нелигини баён этади. Аллоҳ таоло бандага ҳисобсиз неъматлар берганки, санашнинг иложи йўқ. Ушбу неъматларнинг энг афзали имондир. Бу неъматнинг шукри эса соф ақида илмига эга бўлиш, шариат аҳкомларига бақадри имкон амал қилиш ва ихлос ҳосили учун руҳий тарбия устозлари бўлса, улардан таълим олиш билан бўлар экан.
(Давоми бор)
Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ