Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутади. Абдулқодир Жийлоний: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади», деб айтганлар.
Аллоҳ таоло уч оламни яратди. Бири – Жаннат, унда фақат хурсандчилик, роҳат бўлади. Иккинчиси – Дўзах, унда фақат ғам-қайғу ва азоб бўлади. Учинчиси – биз яшаётган дунё, унда хурсандчилик-роҳат ҳам, ғам-машаққат ҳам бор. Ким шу ҳаётида ўзига бирор машаққат, синов келмаслигини истаса, демак у бу дунё ҳақиқатидан бехабар киши экан.
Ҳаёт бирдек текис кетмайди, албатта унда ҳар бандага синов бўлади, ўша синов ва машаққатлардан ўтиш учун эса сабр дея аталган хислат керак. Қуръони каримда сабр бир юз уч оятда келтирилгани бу хулқнинг аҳамияти нақадар катта эканлигини кўрсатади. Жумладан Зумар сураси 10-оятида шундай дейилади: “Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур”. Ҳадиси шарифда: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ нарса берилмаган” – дейилган.
Сабр уч турга бўлинади:
- Тоат-ибодатларга, умуман банданинг Аллоҳ ва бандалар олдидаги вазифаларини тўлиқ бажаришда сабрли бўлиши;
- Гуноҳ ва ёмонликлардан, нафс-ҳавонинг истакларидан тийилишда сабрли бўлиши;
- Бало-синовлар етганда сабр қилиш.
- Нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш сабр эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгиб ўтишдир. Энг катта сабр ҳавою нафсни, гуноҳни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидашдир.
Анушервондан ҳикоя қилинади: “Дунёнинг барча ишлари иккига бўлинади. Биринчиси, ечими бор ишлар. Унинг давоси жидду жаҳд билан ҳаракат қилиш. Иккинчиси, ечими йўқ ишлар. Унинг шифоси сабр этиш”.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.
“Эй, Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналяпсиз-ку?!”, дедим. “Шундоқ. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналурман”, дедилар. “Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундоқдир-да?”, дедим. “Шундоқ. Худди шундоқ. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади”, дедилар У зот” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Инсоннинг бошига мусибат, касаллик, яқин кишисидан айрилиш, мол-мулкига зарар етиши каби синовлар тушганда, унга сабр қилса, жазавага тушиб, бақир-чақир қилмаса, ўзини тута билса – бу синовдан катта савобга эришган ҳолда ўтади. Агар сабр қилмаса ҳам, барибир шу синовдан қутилмайди, аммо савобдан маҳрум бўлиб қолади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Менга бирор мусибат келадиган бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг менга берган учта неъмати бор:
Бу мусибат динимда эмас.
Бундан ҳам кўра, каттароқ мусибатлар бўлмади.
Аллоҳ таоло менга сабр неъматини ато қилган, у туфайли гуноҳларим кечирилади”, дер эканлар.
Абдували Ҳақназаров,
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имоми