Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сабр мукофоти жаннатдир (йигирма биринчи қисм)

1312

(Давоми, боши бу ерда)

Ҳаққан қадрлаш – неъматдир

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу

Неъмат соҳиби бўлмиш Зотга шукрли бўлиш ўша неъмат зиёдасига ва қийинчилиг-у мушкулотлардан чиқишига сабабчи бўлади.

Кўплаб улуғлар мусибатларни ҳам неъмат ҳисоблашаган. Мусибатларга сабр қилишиб, унинг ортидан келаётган хурсандчиликларни неъмат ўлароқ кутишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳу ва бир қул орасидаги воқеани тақдим этамиз

Нарсани ўз ҳаққида қадрлади

Али розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Ҳасан розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хулқ ва халқ тарафлама энг ўхшашлардан бири  бўлиб, дарҳақиқат  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: «Албатта, ушбу набирам саййиддир», деб айтган эдилар.

Сизларга ушбу  зотнинг ҳимматлари нақадар баландлиги, яхшиликни ўз ҳаққида тўғри қадрлаши ва мукофотини тўлиқ бериши ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бир боғнинг олдидан ўтиб қолдилар. Боғдаги бир қора танли кимсанинг қўлида  нон ушлаб,  ундан бир луқма ўзи еб  бир  луқмани итига бераётганини кўриб қолди.

Бу ажиб манзара ва ғайри оддий нарса эди! Зотан, кўпчилик эркаклар ёлғиз таомланишни севишади. Қулнинг ушбу  нони  бир кунлик таоми бўлиб, ўзи унга муҳтож бўлса ҳам, унинг ҳам ярмини итига бераётган эди.   Агар  итга бермаса ҳам у очидан ўлиб қолмас,  унга қаровчиси таомлари кифоя бўлар, ушбу боғда  қорнини тўйдирадиган нарса топиб ейиши ёки бўлмаса эгаси дастурхонидаги ортган нарсаларга қорин тўйдириши мумкин эди.

Ушбу ажиб манзарадан Ҳасан розияллоҳу анҳу сергакланиб, тўхтаб сўради:

  • Эй одам, луқмангни ярмини ушбу итга беришга сени нима мажбур қилди. Ваҳоланки, унга яқин ҳеч ким йўқлиги, итнинг шикоят қилишга тили бўлмаслиги ва унинг талаб қиладиган бирон ҳақи ёки қарзи бўлмайди-ку?!

Жавоб эса қуйидагича бўлди:

  • Кўзларим уни кўзларини алдашдан уялди .

Ушбу ажойиб жавобдан Ҳасан розияллоҳу анҳу таъсирландилар. Ундаги улуғ насиба бўлмиш мурувват  ва  боболаридан мерос бўлиб қолган улуғ хулқ жўш урди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилингандир:

«Албатта, сиз улкан хулқ устидасиз». (Қалам, 5).

Сўнгра ундан сўради:

  • Кимнинг қулисан?

  • Абон ибн Усмоннинг.

  • Боғчи, у кимники?

  • У ҳам Абонники.

  • Қасамки, мен қайтиб келмагунимча ҳеч қаерга кетиб қолмагин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бориб боғни ва қулни сотиб олди. Бизнинг ҳар биримизда мана шунақа боғни ва қулни сотиб олиш  имкониятлармиз бор.

        Ҳасан розияллоҳу анҳу  қайтиб келиб:

  • Сени сотиб олдим, деди.

Қул индамай туриб қолди. Кейин:

  • Аллоҳга, унинг Расулига ва сенга ҳам эшитиб итоат қиламан, эй мавлом, деди.

Ҳасан розияллоҳу анҳу:

  • Боғни ҳам сотиб олдим. Энди сен Аллоҳ учун озодсан! Боғ эса мендан сенга совғадир, – деди.

Ушбу ҳолатдан қулнинг қандай даҳшатга тушгани ва қанчалар суюнганни сўрамай қўяқол! У бир неча дақиқаларда ҳам озод бўлди, ҳам катта мевазорли боғга эга бўлди.                                            

Умар ибн Абдулазиз

Инсон нафси ҳар доим неъматларга кўмилиб, қийинчиликларсиз, роҳату фароғатда яшашни истайди. Бу имконлар насиб этганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри йўлда қоим бўла олишмайди. Кўплари ҳалокат сари юз тутишганига тарих гувоҳдир. Қорун, Ҳомон кабилар ҳақида эшитганмиз.

Аллоҳ таоло қалблар Эгасидир. У зот қалбини салим қилиб қўйган бандалар қанчалик неъматларга кўмилишса-да асло ўзларини ҳалокат чоҳига отмайдилар. Демак, бойлик, мансаб неъмат эмас, балки, бойлик ва мансабдан тўғри йўлда, эзгуликларга сарф этиш неъмат бўлар экан.

Бунга эса тақвоси ва одиллиги ила тилларда достон бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимҳуллоҳ ҳаётидан бир лавҳа келтирамиз.

Ўз асрида ҳоким – улуғ зоҳид

Саййидимиз Умар ибн Абдулазиз – умавийларларнинг ўз асридаги улуғ халифаси эдилар. У киши Шом, Миср, Ироқ, Араб жазираси, шимолий-ғарбий Африка, Эрон ва Хуросонга ҳоким бўлиб, мамлакати ҳудуди Ҳиндистонгача етган эди.

У зот халифаликни бошлаган чоғда ўз молини мусулмонлар молига қўшиб юборди. Аёлининг тақинчоқларини ҳам байтулмолга қўшди. Подшоҳ ва амирларга хилоф ўлароқ, ҳаёт машаққат ва қийинчиликларига йўлиқиб, зоҳидлар ҳам ожиз бўлган ҳаёт тарзида яшади.

Баъзан биттагина бўлган кўйлагининг қуришини кутиб, жума намозига кечикиброқ чиқар эдилар. Бир кунлик нафақаси эса икки дирҳамдан ошмас, таҳоратига омма фойдаланадиган қозонда сув иситишдан сақланар  эди. Бирон кимса у зотдан ўзлари ҳақида савол қилиб: «Ўзингиз ва аҳли оилангиз ҳолати яхшими?», дейдиган бўлса, аввал байтулмол  шамини ўчириб, ўзининг шамини ёқар ёки қоронғуда жавоб берар эди.

Бир куни у зот уйдагиларини кўриб, аҳволини сўраш учун кирдилар. Қизларининг ҳар бири кўришиш учун борганида, юзини қўли билан беркитиб гаплашаётганини кўриб, бунинг сабабини сўради. Шунда улар уйда пиёз ва саримсоқдан бошқа егулик йўқлиги, оталари билан сўзлашаётганда  егуликларининг нохуш ҳиди етиб беҳузур қилишидан  қўрқаётганини айтишди.

У киши йиғладилар ва «Эй қизларим, сизларга турфа хил нарсаларга тўйиб яшаб, сўнгра йиғлаган ҳолда дўзахга тушишдан  не манфаат бор?!» – дедилар.

У зотнинг қизлари  сукутга чўмдилар.  Улар  ушбу машаққатли зоҳидалик ҳаётига рози эдилар.  Ваҳоланки, уларнинг оталари шу замоннинг энг катта ҳокими бўлиб,  кишининг қўл остидаги ишчилари ва ҳамшаҳарларининг кўпчилиги турфа хил таомларга, гўзал ва нафис  кийимларга ва  ноз-неъматларга кўмилиб яшар эдилар.

У кишининг ушбу тақволари фақатгина ўзларига хос бўлмай, оммавий  сиёсатида ҳам кўринар эди.  У киши ўз давлати мансабдорлари ва ишчиларидан ҳам парҳезкор бўлишни, нафсларига тобеъ бўлмаслик, мусулмонларга сахий бўлиш, дирҳамлар гўёки бир қон бўлиб, томирлардан бошқа жойда оқмаслигига эътиқод қилишни, турфа ҳолатларда молу дунёга берилиб кетмасликларини талаб қилар эдилар.

У зотнинг қўл остидаги ишчиларидан бири  ўз вилояти маслаҳатлари учун қоғоз сўради. Шунда у зот: «Сенга ушбу мактубим етиб борса қалам учини ингичка қилиб, хатларингни жам қил. Бир неча ҳожатингни битта хатда қисқа ва лўнда баён қил. Зотан, мусулмонларнинг молига узундан узоқ сўз билан зарар етказишга ҳожат йўқ. Вассалому алайкум», деб жавоб ёздилар.

Қўл остидаги бошлиқлардан бири у зотга ғайридинларнинг мусулмон бўлаётгани сабабли жизя олинмай, байтулмолга нуқсоният етаётганидан шикоят қилди.

У зот: «Албатта, Аллоҳ жалла саноуҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Исломга даъватчи қилиб юборди. Жобий (жизя йиғувчи) қилиб юборгани йўқ», дедилар.

(Давоми бор)

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазоннинг бошқа ойлардан фарқи 

1300 16:10 04.04.2022

Синов ҳар лаҳза, ҳар ондадир...

3217 19:35 26.12.2021

Шошқалоқликнинг оқибати...

1789 15:05 17.03.2021

Бесабр бўлманг!

2839 19:00 14.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

2857 17:23 07.03.2021

“Агар сабр қилишни хоҳласанг, сенга жаннат бўлади...”

2077 13:05 03.12.2020
« Орқага