Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сабр  мукофоти жаннатдир (ўн тўққизинчи қисм)

1178

(Давоми, боши бу ерда)

Аниқ хабар бўлмаса ишонма

Ҳақиқат изҳори

Ҳасан ибн Исмоил ибн Мужолид айтади: «Отамнинг шундай деганларини эшитдим: Мўминлар амири Ҳорун ар-Рашид ҳузурида эканимда, Абу Юсуф кириб келди. Ҳорун унга: «Эй Абу Юсуф, бизга Абу Ҳанифанинг ахлоқини сўзлаб бер», деди.

У: «Эй мўминлар амири, Аллоҳ азза ва жалла: «У бирон сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир»  (Қоф,  18), деб марҳамат қилган ва у ҳар бир сўзловчининг тилидадир. Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа Аллоҳ азза ва жалла  ҳаром қилган нарсалардан ўта қаттиқ парҳез қилар, унга тушиб қолишдан сақланар эдилар. Дунёдорлар дунёсидан ўзларини узоқ тутар, давомий сукутли, доимий фикрли эдилар. У кишидан бирор илм сўралса, сўралган нарса ҳақида илмлари бўлса, ўша билган, эшитганлари бўйича ёки у ҳақидаги қиёсий илм ила жавоб айтар эдилар. Эй мўминлар амири мен кишини фақатгина дини ва нафсини сақловчи, одамлар билан эмас, ўз нафси ила машғул, бирон бир кимсага гапирса фақатгина яхши гап гапирадиган ҳолатда деб билар эдим», деди.

Шунда Ҳорун ар-Рашид:

«Мана шу - солиҳлар ахлоқидир», деди.

Қосим ибн Ғассон айтади: Исҳоқ ибн Абу Исроил айтади: Бир қавм Суфён ибн Уяйна олдида Абу Ҳанифани зикр қилиб, баъзилари у кишини ноқисликда айблашди. Шунда Суфён: «Товушингни ўчир! Абу Ҳанифа инсонларнинг энг кўпроқ намоз ўқувчиси, омонатда улуғроғи ва мурувватда гўзалроғи  бўлган»,  деди.

Ушбу васф қилинган зот ҳанафийлар мазҳаббошиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит бўладилар. Таассуфлар бўлсинким, бу мукаррам зотга ҳам кўплаб туҳматлар бўлган. Қуйида, у зот шаънига туҳмат бўлган бир воқеаъ ҳақида ҳофиз Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Саъдий раҳимаҳуллоҳнинг “Фазоилу Аби Ҳанифа ва ахборуҳу ва маноқибуҳ»  китобидан  иқтибос келтириб ўтамиз. Зотан, ҳақиқат изҳори ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати экани шубҳасиздир.

 

Куфрдан тавба

Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ айтади: «Отамни шундай деганларини эшитган эдим: Абдуллоҳ ибн Муборакдан:

– Эй Абу Абдураҳмон, Абу Ҳанифа тавба қилдирилган эдими?, деб сўраган эдим, индамади. Бир ойдан сўнг яна:

– Эй Абу Абдураҳмон, Абу Ҳанифа тавба қилдирилган эдими?,  деб сўраган эдим, Ибн Муборак менга:

– Аллоҳдан қурроларга адоват-хусумат қилишдан паноҳ сўрайман. Аллоҳдан улуғлар йўлида адоватчилардан  бўлиб қолишдан паноҳ тилайман, деди.

Амр ибн Ҳайсамдан ривоят қилинади: Суфёни Саврийдан:

– Абу Ҳанифанинг икки бора тавба қилдирилгани ҳақидаги айтган гапларингиз ҳақида сўрайман, у имоннинг зидди бўлган куфр эдими? – дея сўрадим.

– Бу ҳақида айтганимдан бери сендан бошқа ҳеч бир кимса сўрамаган эди, – деб бошини қуйи туширди. Кейин:

– Ундай эмас. Хавориж Восил Куфа шаҳрига кирганида уни олдига  бир жамоа одамлар келиб, бу ерда инсонларни гуноҳлари сабабли куфрда айбламайдиган Абу Ҳанифа исмли кимса бор, дейишди. Восил у зотга одам юбориб ҳузурига келтирди. Сўнгра:

– Эй шайх, менга етказишларича сен одамларни гуноҳлари туфайли куфрда айбламас экансан? – деди.

У зот:

- Бу менинг йўлимдир, деди.

Восил:

– Бу куфрдир. Агар тавба қилсанг, индамаймиз. Агар тавба қилмасанг, ўлдирамиз, деди.

Абу Ҳанифа:

- Нимадан тавба қиламан?, деди.

Восил:

- Мана шу айтган сўзингдан, деди.

Абу Ҳанифа:

- Мен куфрдан тавба қилдим, дедилар-да, – чиқиб кетдилар.

Кейин Абу Мансур одамлари Восилни Кўфадан чиқариб ташлашди. Бир муддатдан сўнг у яна Мансур билан яқин бўлиб олгач, аввалги ҳолатга эга бўлди ва ўша жамоат уни олдига кириб, анави куфрдан тавба қилган кимса яна гапига қайтди, дейишди.

Восил яна у зотни келтириб:

- Эй шайх эшитишимча, яна аввалги гапларингга қайтибсан, деди.

Абу Ҳанифа:

- Қанақа гап?, дедилар.

У:

- Сен гуноҳ қилганларни куфрда айбламас экансан, деди.

Абу Ҳанифа:

- Бу менинг йўлимдир, дедилар.

У:

– Бизнинг наздимизда эса бу куфрдир. Тавба қилсанг қабул қиламиз, илло ўлдирамиз, широтлар уч марта тавба қилдирмагунича ўлдирмайдилар, – деди.

       Абу Ҳанифа:

- Нимадан тавба қилишим керак?, дедилар.

Восил:

- Куфрдан, деди.

Шунда у зот: 

- Мен куфрдан тавба қилдим, дедилар.

У зотнинг куфрдан тавба қилганлари ҳақидаги гапнинг асли мана шундай бўлган эди».

(Давоми бор)

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазоннинг бошқа ойлардан фарқи 

1300 16:10 04.04.2022

Синов ҳар лаҳза, ҳар ондадир...

3217 19:35 26.12.2021

Шошқалоқликнинг оқибати...

1789 15:05 17.03.2021

Бесабр бўлманг!

2839 19:00 14.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

2857 17:23 07.03.2021

“Агар сабр қилишни хоҳласанг, сенга жаннат бўлади...”

2076 13:05 03.12.2020
« Орқага