Қадим замонларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти бўлмаган. Яқин оға-иниларининг уйига “эрталабки салом, кечки салом”, деб кириб бораверишган. Уйда аёл кишиларнинг борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари ҳисобга олинмаган.
Афсус, ҳозир ҳам баъзан бу камчиликларни учратамиз. Бундай иш жиддий одобсизлик, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эканини унутиб қўямиз. Ҳолбуки, Исломда биронта уйга эгаларининг изнисиз киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингдан ўзга уйларга то изн сўрамагунларингча ва эгаларига салом бермагунларингча кирманглар! Мана шу сизлар учун яхшидир. Шояд (бу гапдан) эслатма олсаларинг. Агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасаларинг, унда то сизларга изн берилмагунича, уларга кирманглар! Агар сизларга “Қайтинглар!” дейилса, қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун яхшидир. Аллоҳ қилаётган ишларингни билгувчидир”, деб марҳамат қилган (Нур, 27-28).
Бизлар ушбу оятга амал қилиб, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирсак, ҳар хил ўнғайсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз. Рухсат сўрамай кирилса, икки томон хижолат чекади, хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Чунки эркак кишининг аёл бор уйга кириб-чиқиши ёки аёл кишининг маҳрамлари бўлмаган уйга кириши иғво, бўҳтон, фитнага сабаб бўлади. Бу масалада эҳтиёт бўлинса, оилалар бузилиб кетишининг ҳам олди олинади.
Кўз қирини ташлаган киши уй аҳлини ҳар хил ҳолатда кўради ёки улар сир сақлаган нарсалардан хабардор бўлади. Баъзи уламолар кишининг ҳовлисидаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солишни ҳам ҳаром дейишган.
Агар эшик очиқ бўлса, ҳовлига (уй ичига) қарамасдан эшик қоқиш ё овоз бериб, чақириш рухсат сўрашнинг одобларидандир.
Ҳадисда: «Бир одам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларига қараб туриб, изн сўрай бошлади. Аллоҳнинг Расули унга: “Сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир”, дедилар» (Имом Абу Довуд).
Одоб бўйича киши уй эгаси хабар топганидан сўнг исмини айтиб, салом бериб, рухсат сўраши лозим.
Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: “Кираверайми, кираверайми?!” деди. Пайғамбаримиз хизматчи орқали: “Анавининг олдига чиқиб ўргатгин, у рухсат сўрашни билмас экан. Ассалому алайкум, кираверайми, десин”, деганлари айтилган.
Уй эгаларининг қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишларини инобатга олиб, уч мартагача сўралади. Пайғамбаримиз: “Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Фарҳод Ҳомидов