Ҳаммамиз ҳам ҳозир у ёки бу даражада руҳан эзилганмиз. Лекин сардобаликлар биздан анча қийин аҳволда. Бир кунда уйсиз қолиб, одатий турмуш тарзидан мосуво бўлишди. Ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан, албатта. Карантин, коронавирус бб турган пайтда, энди нима бўлади, деб туришибди.
Одамнинг энг катта фундаментал эҳтиёжи қалб хотиржамлиги. Эвакуация қилинган ҳар бир одам ёш бола бўладими, каттами ҳозир нотинч. Ташқи шароитлар ўз йўлига, лекин одамларнинг ички саволларига, нотинчлиги ва хотиржамлигини ҳам унутмаслик керак. Аксинча, биринчи ўринга қўйиш керак. Одамларнинг артистларга йиғлаб бераётган саволларини қаранг, "энди нима бўлади? нима қилайлик?" дейишаяпти.
Ақлим бовар қилмаяпти. Артистлар етиб борган жойга, аввал диний идора вакиллари ва психологлар етиб бориши керак эмасмиди?
Ҳурматли диний идора вакиллари, уламолар! Ҳурматли психологлар!
Одамларни ёлғизлатманг. Ички хотиржамликларига, саволларига, айниқса, болаларнинг психологик чуқур жароҳатланмасликларига бевосита Сизлар таъсир қиласизлар! Қўллаб-қувватлай оласизлар!
Агар одамларнинг депрессия ёки стресс ҳолатига тушмасликлари, тушган бўлса чиқишларига ёрдам бериб, уларга ишонч ва умидни қайтишига ёрдам берсангиз, шиддат ва иродаларининг шаклланишига асос яратган бўласиз. Ирода ва шиддат билан оёққа туриш қийин эмас.
Катталарнинг кайфияти болаларга бевосита таъсир қилади. Психологлар болалар билан адаптацияни бирга ўтишлари керак. Бир кун эмас, бир ҳафта эмас, то ҳаммаси барқарорлашмагунча. Болаларнинг психологик жароҳатланишини олдини олиш керак. Буни қанчалик аҳамиятли эканини ҳар бир психолог жуда яхши билади. Психологлар бирлашиб, бир ғоя ва умумий режа асосида йўлга отланишлари керак. Касбий имкониятларидан фойдаланиб, одамларга далда бўлишлари керак.
Диний уламолар, пешволар эса айнан ҳозир Исломнинг гўзаллигини, меҳр, ғамхўрлик, оқибат ва заифларни ёлғизлатмайдиган динимиз борлигини кўрсатиб, одамларнинг ёнида туриши керак. Саволларига жавоб бериши керак. Айниқса, зарар кўрганларнинг деярли барчаси рўзадор эдик, деб туришибди. Қандай қилиб, уларни бу пайтда эсламаслик мумкин? Бизнинг динимизда ёлғизлатиб қўйиш йўқ, шерик бўлиш, ҳамдардлик ва оғирини енгил қилиш бор. Ҳудо берган неъмат - илмингизни аяманг. Одамлар билан улашинг. Юракларига оро кирсин, саволларига жавоб топсин, қалбларига хотиржамлик қайтсин. Шундагина ташқи шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, ҳаётларини янада сифатлироқ ва тезроқ қайта тиклашга эриша олишади.
Ҳозир бирлашадиган пайт, кутадиган эмас. Ташқи шароитлар ички барқарорликсиз таътимайди. Ролингиз ва ўрнингизни тўғри баҳолаб, ёрдамингизни аяманг!