Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мусулмонлар дунёга тақдим қилган 1001 ихтиро: Қаҳва

3495

Ғарб олами зулматга кўмилган бир пайтда Шарқда Ислом олами илм-маърифат, ихтиролар ва кашфиётлар ичра яшар эди. Бу олам биз ҳозирда яшаётган тараққиёт асрига асос солган. Сиз азизларга тақдим қилмоқчи бўлган мақолаларимиз инглиз тилидаги “Muslims Heritage In Our World” (“Бизнинг оламимизда мусулмонлар қолдирган мерос”) ва унинг араб тилига таржима қилинган “ألف اختراع واختراع- التراث الإسلامي في عالمنا” (“Бизнинг оламимизда мусулмонлар қолдирган мерос – 1001 ихтиро”) китоблари асосида бўлиб, унда Ислом уламолар турли даврларда тиббиёт, фармацевтика, меъморчилик, фалакиёт, риёзиёт ва бошқа жабҳаларда амалга оширган энг муҳим илмий ихтиролар ва уларнинг инсоният ҳазораси (цвилизацияси)га қўшган улкан ҳиссалари ҳақида сўз боради.

Қахва тарихи

Ҳар куни дунё бўйлаб 1,6 миллиард финжон қаҳва истеъмол қилинади, бу Олимпия ўйинларида ташкил этиладиган ҳовузлардан уч юзтасининг ҳажмига тенг деганидир. Қаҳва жаҳон саноатида истеъмол сифатида нефтдан кейинги ўринда туради. Шу ўринда қаҳванинг пайдо бўлиш тарихига назар соламиз.

Бундан 1200 йил олдин шимолий африкалик деҳқонлар бепоён ерларда тиним билмай меҳнат қилишарди. Уларнинг орасида Холид исмли йигит бўлиб, унинг бир гала эчкиси бор эди. Кунларнинг бирида Холид эчкиларини боқаётган ерда ғалати ҳолатга гувоҳ бўлди: эчкилар ҳар гал ўша ернинг ўсимлиги донидан ейишганда олдингидан кўра тетик ва чаққон бўлиб қоларди. Холид бу ўсимлик дони кейинчалик ҳаёт таъмини ўзгартириб юборишини, одамлар уни сув билан қайнатиб, қаҳва тайёрлашини билмас эди.

Яманда истиқомат  қиладиган сўфийлар қаҳвани кўп истеъмол қилишарди. Чунки қаҳва ёрдамида улар кечанинг охирига қадар зикрда қоим бўлишарди. Сўнг Ислом оламида қаҳва савдогарлар ва ҳожилар ёрдамида тарқала бошлади. Натижада XV аср охирларида Маккадан Туркияга, XVI асрда эса Қоҳирага тарқалди. Ҳатто миллий ичимликка айланди.

Қаҳва Шимолий Африка, Миср ва Истанбулдан тижорат йўли билан Европага етиб келгач, милодий 1645 йили Венецияда биринчи қаҳвахона пайдо бўлди. XVII аср охирларида Лондонда яна бир машҳур қаҳвахона очилди. Унинг номи “Lloyds Coffee House” бўлиб, савдогарлар ва кемадагилар учрашадиган жой эди. Кейинчалик у амалдорлар сиёсат ишларини баҳс қиладиган жойга айланди. Англия тарихидаги либераллар ҳаракати айнан мана шу жойдан бошланган.

1650 йили туркиялик савдогар Паску Рўзий қаҳвани Ангилияга олиб кирди. Лондондаги Ломбард кўчасида жойлашган Жорж майдонида қаҳвахона очиб, уни сота бошлади. Бундан 8 йил ўтиб, Корнҳиллда  “Sultaness Head” (“Султон қароргоҳи”) номли қаҳваҳона очилди. 1700 йилга келиб Англияда 3500 га яқин қаҳвахона бўлиб, унинг 500 таси Лондонда жойлашган эди.

Европада қаҳва мусулмонлар усулига кўра тайёрланган. Яъни бунинг учун янчилган қаҳва дони, шакар ва сув керак бўлган. Буларни биргаликда қайнатиб, қаҳва донлари фильтрдан ўтказилмасдан финжонда қолдирилган.

Қаҳванинг яна бир машҳур тайёрлаш услуби бўлиб, унинг номи капучино деб аталади. Уни капуцинлар монастири роҳиби Марко Д'Авиано ўйлаб топган. Марко Д'Авиано 1683 йил Вена шаҳрини қамал қилган усмонийларга қарши курашди. Халифалик қўшинлари ортига қайтгач, Вена аҳолиси турклар қолдириб кетган қаҳва солинган халталарни олиб, ундан ичимлик тайёрлаган. Қаҳва донининг нордон таъми уларга аччиқ туюлади ва қаҳвага бироз сут ва асал қўшишади. Қаҳванинг ушбу кўриниши капуцинлар монастири роҳиби кийиб юрадиган либос рангига ўхшаб кетгани учун уни Марко Д'Авиано шарафига капучино деб номлашди. Шундан бери капучино ёқимли таъми учун истеъмол қилинади.

                Қаҳва ҳақида машҳурлар сўзи

Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Жазийрий: “Қаҳва оддий инсоннинг олтини бўлиб, ичувчига улуғворлик ва олижаноблик жалб этади”.

Инглиз ёзувчиси Жонатан Свифт: “Қаҳва бизни ғайратчан, тиришқоқ ва файласуф қилади”.

Изоҳ: Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Жазийрий 1588 йилда қахва тарихи ҳақида биринчи бўлиб асар ёзган. Унга тегишли қадимий қўлёзма ҳозирда мавжуддир.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистонга импорт қилинадиган қаҳва ҳажми очиқланди

761 18:10 09.03.2023

Бразилиядаги вазият дунёда қаҳва нархини оширадими?

960 17:45 22.08.2022

Қаҳва: фойдами ёки зарар?

2556 13:30 17.01.2021

Қаҳва – сўфийлардан қолган мерос

2489 10:40 25.12.2020
« Орқага