АҚШ президенти Жо Байден разведкачилар билан учрашув чоғида мамлакат олдидаги таҳдидлар ҳақида гапирар экан, Россия ва унинг президентига алоҳида эътибор қаратди.
У Россия президенти Владимир Путинни истеҳзо билан «менинг яқин дўстим» деб атаган. Байденнинг айтишича, Путин Америка махсус хизматларининг Россия разведкасидан устунлигини билади ва бу уни қаттиқ безовта қилади.
«Путиннинг чинакам муаммолари бор. У ядровий қуролланиш ва нефт қудуқларига асосланган иқтисодиётда ўтирибди. Шу холос. Ишлари ёмонлигини унинг ўзи ҳам билади, назаримда, бу уни янада хавфлироқ қилади», – деди АҚШ раҳбари.
Байден махсус хизматлар унга ҳар куни тайёрлайдиган ҳисоботга таянган ҳолда Россия 2022 йилнинг ноябрида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловга дезинформация тарқатиш орқали таъсир кўрсатишга уринишини айтди. «Бу суверенитетимизнинг ўтакетган бузилишидир!» – дея таъкидлади у.