Имом Молик роҳимаҳуллоҳ Масжиди Набавийда илм ҳалқасида ўтирар эканлар, бир киши фатво сўраб у зотнинг олдиларига келиб: “Эй имом! Мен хотинимга “агар ойдан чиройли бўлмасанг талоқсан”, дедим. Энди нима бўлади?”-деди. Имом Молик бироз ўйга толиб, сўнг шундай деди: “Ҳа, ойдан чиройлироқ нарса йўқ. Бу гапинг билан хотинингга бир талоқ тушибди. Қайтиб бундай гапни гапирма”.
Бу орада имомнинг шогирди бўлмиш имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ масжиддаги устунлардан бирига суяниб ўтирар эди. У имом Молик билан мазкур киши ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан бехабар эди. Илм ўрганишга бениҳоят интилувчан Имом Шофеий ҳалиги аъробийнинг олдига бориб имом Молик билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат мазмуни ҳақида сўради. Мақсади илм ўрганиш эди. Аъробий Шофеийга имомдан сўраган саволи ва унинг “ҳа, ойдан чиройлироқ нарса йўқ. Бу гапинг билан хотинингга бир талоқ тушибди”, деган гапини айтиб берди.
Бу гапни эшитган Шофеий аъробийга шундай деди: “Аксинча, хотининг ойдан чиройлидир”. “Нима, сен уни кўрганмисан!?”-деди аччиқ аралаш ажабланган аъробий. “Йўқ, ахир сен Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини эшитмаганмисан: “Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик.” [Тийн: 4] Инсон хилқати энг чиройли, энг тўғри ва энг мўътадил хилқатдир”, - деди Шофеий.
“Ундай бўлса буни имом Моликка айтайлик!” - деди аъробий. “Айтамиз”, -деди Шофеий. Улар имом Моликнинг олдиларига бориб, Шофеийнинг фикрини унга билдирдилар. “Ҳақ эргашмоқликка ҳақлироқдир. Молик хато қилди, Шофеий тўғри топди”, -деди имом Молик.