Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларнинг ўз зийнатини кўрсатиши мумкин бўлган кишилар тоифасини баён қилиб, улар ичида аёлларни ҳам санаб ўтган. Ояти каримада зикр этилган “аёллар” борасида уламоларимиз улар барча муслима ва ғайридин аёлларми ёки фақат муслима аёлларми экани тўғрисида турли фикрларни билдирганлар. Қуйида бу борада келган фикрларни тақдим этамиз:
– Ҳанафий ва ҳанбалийлар “Бу фақат муслима аёлларга тегишли бўлиб, мушрикалар бу ҳисобга кирмайди. Мўмина аёлнинг мушрикалар олдида баданини очиши ҳалол эмас. Ўша аёл ўз чўриси бўлса, бундан мустасно”, дейдилар.[1]
Бошқа бир тоифа уламолар муслима аёлларнинг насроний аёллар билан ўпиб кўришиши ва баданини унга кўрсатишни макруҳ ҳисоблашган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу : “Муслима аёлга авратини[2] яҳудий ёки насрония аёлга кўрсатиши ҳалол эмас. Токи у аёл бориб эрига буни сифатламасин”, деганлар[3].
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик чоғларида волий Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга “Зиммийларнинг аёллари ва муслималарнинг бирга ҳаммомларга боришларини ман қилиб, уларнинг орасига чек қўй. Чунки, зиммия муслиманинг очиқ баданини кўриши асло жоиз эмас”, деган мазмунда мактуб ёзганлар.
Абу Убайда халифанинг ушбу буйруғини бажаришга киришди ва: “Қайси бир аёл заруратсиз, юзини оқартириш учунгина ҳаммомга борса, юзлар оқ бўладиган кунда Аллоҳ унинг юзини қора қилсин”, деб қаттиқ огоҳлантириш берди.
Мовардий “Муслима аёлнинг кофиралар олдида жисмини очиши жоиз эмас”, деб айтган.
Иккинчи қавл моликий, ҳанбалий ва бошқаларнинг фикрлари бўлиб, улар оятда келган “аёллар”дан мурод умумий бўлиб, муслима ва кофирага ажратилмаган. Шунга биноан, муслима ва кофира аёлларнинг бир-бирига нисбатан аврати эркак кишининг эркакка нисбатан аврати каби бўлади.
Учинчи қавлни аллома Собуний аниқ бўлмаган бир тоифага нисбат бериб, “Оятдаги “аёллар” калимаси муслима аёлларнинг дугоналари, хизматчи ва таниш-билишларига махсус бўлиб, муслима ёки муслима эмаслигининг фарқи йўқ. Одоб-ахлоқ ва маданияти қандай экани маълум бўлмаган бегона аёллар бунга кирмайди. Бунда эътибор қилинадиган асосий нарса – хулқдир. Собуний буни ғайридин аёллардан дугоналари ва ходималари бўлган аёлларга енгиллик бўлиши учун зикр қилган бўлиб, бу аёлларнинг одоб-ахлоқи яхши бўлиши шарт эканини таъкидлаган”.[4]
Зебуннисо Қутбиддин қизи