9 январь куни, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати қишки таътил кунлари 2022 йил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилган эди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва мамлакатимиз аҳолиси орасида турли саволлар пайдо бўлди. Хусусан, қишки таътил узайтирилгани ўқитувчиларнинг маошига таъсир қилиши масаласи кўпчилик ўқитувчиларни қизиқтираётганлиги ва бу борада келиб тушаётган саволларга жавобан Халқ таълими вазирлиги ушбу масалага аниқлик киритди.
Маълум қилинишича, умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун бериладиган қўшимча таътил кунлари давомида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган педагог ва бошқа ходимларга амалдаги иш ҳақи тўловлари сақланган ҳолда тўлаб борилади, яъни ойлик маошга таъсир қилмайди.
Шунингдек, қишки таътил вақтида мактабларда тўгараклар фаолиятига рухсат берилиши юзасидан ҳам саволлар келиб тушган.
«Таътил кунлари тугагунга қадар ўқувчиларни бевосита мактабларда ташкил этадиган тўгараклар, шунингдек, «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ва ҳар қандай тадбирларга жалб этиш тақиқланади. Ушбу вақт давомида ўқитувчилар мактабда халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларида қатнашишлари талаб этилади ҳамда онлайн равишда турли тўгараклар ва танловлар ташкил этиш тавсия этилади», – дейилади вазирлик жавобида.
Шунингдек, бугундан бошлаб Республика миқёсида ўтказилаётган «Умид ниҳоллари-2022» спорт мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларини ўтказиш тўхтатилгани ҳам маълум қилинган.