Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Мадраса таҳоратхонасини яширинча тозалаган устоз ибрати

2887

Бир куни масжидга имом-домла ҳузурига бордим. Домла бир иш билан чиқиб кетган эканлар. Ўтириб кута бошладим. Масжид олдидаги кафтдеккина жойга чой қолдиғи тўкилган экан, хунук кўриниб тургани учун бекор ўтирмай деб супургини олиб ишга тушдим. Чой қолдиғи баҳона хийла жойни бирпасда тозалабман. Чиқиндини челакка солаётган эдим, домла келиб қолдилар.

– Ҳорманг, ҳорманг! – дедилар жилмайганича. Кейин кўзларини бир нуқтага тикиб жим бўлиб қолдилар. Ишни якунлаб, уст-бошимни қоқиб, домла билан сўрашдим.

– Сизни бу ҳолатда кўриб бир воқеа ёдимга тушиб кетди – деди домла менга ўтиришга жой кўрсатиб чой узатар экан.

“...70 - чи йиллар эди. Бухоро мадрасасида ўқирдим. Кўпчилик болалар қатори мадраса ҳужрасида турар эдим. Бир кечаси ҳожат учун ташқарига чиқдим. Ҳожатхонага кириб, аввал қўрқиб кетдим. Кейин лол бўлиб қолдим. Ўзини танитмайдиган даражада юзларини рўмол билан ўраб олган бир киши ҳожатхона тозаларди. Мени кўрди-да, тезда ишини тугатиб жўнаб қолди.

Эртаси куни болаларга воқеани айтиб бердим. Уларнинг ичида ҳам бир неча кун аввал худди шундай воқеага шоҳид бўлганлар бор экан. Болалар билан келишиб пойлоқчи қўйдик. Тун ярмига борганда ташқарида ҳуштак чалинди. Югуриб чиқдик. Ҳалиги кишини ушлаб, юзидаги ниқобни олиб қарасак, қаршимизда мадрасамиз мудири турарди! Бир қўлида супурги тутиб турган устозимиз қаршисида қотиб қолдик.

– Домла, шу ишни бизга айтсангиз бўлмасмиди? – дедик хижолатдан муздай терга ботиб.

– Савоби-чи?...

– Бўлмаса, ярим тунда уйқудан қолмай, кундузи...

–  Одамлар кўрсин деб қилинган иш риё бўлиб қолмайдими?

Бизнинг қалбимизни англаб бўлмас ҳаяжон қоплади. Домламизнинг қўлидаги челакка қўл узатсак, бош чайқаб: 

–  Савоби тугал бўлсин  – дедилар.
        
Бу воқеа болаларга қаттиқ таъсир қилди. Шундан кейин мадрасада мудирнинг ишига ўхшаш кимлар қилаётгани номаълум хайрли ишлар тез-тез содир бўла бошлади.
Бир куни етим бир талабанинг ёстиғи остидан пул чиқди. Дўстимиз пулнинг эгаси кимлигини, пулларини қайтиб олишини қанчалар қаттиқ ўтинмасин, бу яхшилик эгаси ўзини сир тутди...
Яна бир тонгда бомдод намозига турган талаба йигитлар дорда ўзларининг оппоқ қилиб ювилган кийимларини кўришди.

Бир олис юртдан келиб таҳсил олаётган талаба ўзининг эскириб йиртилаёзган кўйлаги ўрнида янги кўйлакни кўриб, кўзлари ёшланди ...

Мадраса мудири ўз шогирдларига мусулмонга хос хақиқий ҳаёт сабоғини бера олган эди...”

Рустам Зоиров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Чеченистонда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун мадраса қурилади

1305 15:50 27.05.2023

Кўздан нари, меҳрдан нари ёхуд давлат муҳофазасига олинган масжид ва мадрасага эътибор йўқми?

1474 13:25 05.10.2022

Афинанинг масжид ва мадрасалари

1648 18:45 08.06.2022

Истанбул сафари таассуротлари: “Пайғамбаримиздан шафоат сўрай олмаган авлиё”

6048 18:16 07.12.2021

ЮНEСКО «Абдуллахон» мадрасасини қайта тиклаш учун грант ажратди

2713 22:55 11.09.2021
« Орқага