Жорий йилнинг 4 августида Байрут портида юз берган кучли портлашдан кейин хориж мамлакатларига кетаётган ливанликлар сони сезиларли даражада ошган, дея хабар бермоқда “Евроньюс”.
Улар пойтахтда тез орада қайта тиклаш ишлари бошланишига ҳамда кўп йиллардан бери коррупция гуркираётган, иқтисодий аҳвол эса тобора ёмонлашаётган Ливанда ҳали-бери ўзгаришлар бўлишига ишонмаяпти.
Сўнгги ижтимоий тадқиқотларга қараганда, Байрутдаги портлашдан кейин ҳар куни Ливанни тарк этаётган йўловчилар сони 36 фоизга ортган. Интернетда “Ливандан иммиграция” деб қидириш охирги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичга етган.
Ҳозир чет элларда яшайдиган ливанликлар диаспораси Ливан аҳолисидан уч баравар кўпроқ. Сиёсий беқарорлик, ўтмишдаги урушлар ва низолар эмигарциянинг бир неча тўлқинига сабаб бўлган.
Экспертларнинг таъкидлашича, Ливанни қайта тиклаш учун керакли мутахассисларнинг кетиб қолиши давом этадиган бўлса, бу мамлакат келажагига салбий таъсир кўрсатади.