Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишга бағишланган урбанизация форуми”(International Urban Resilience Forum Seoul 2019)да иштирок этмоқда.
Ушбу форумда бугунги кунда шаҳарларнинг барқарор ривожланиши учун долзарб бўлган масалалар атрофлича муҳокама этилмоқда. Хусусан, тадбирдан шаҳарлардаги инфратузилма қандай талабларга жавоб бериши кераклиги, хизмат кўрсатиш даражаси, аҳоли ва сайёҳлар учун яратилган шароит ва қулайликлар, экологияни асраш каби қатор мавзулар бўйича маърузалар ўрин олган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Жанубий Кореяга ташрифи давомида Сеул шаҳри мэри Пак Вонсун билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама этилди. Сеул билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, савдо ва инвестициявий, маданий-гуманитар, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.