Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чоралар, жумладан, жамоат транспорти ҳаракатининг тўхтатилиши аҳоли орасида турли миш-мишлар авж олишига сабаб бўлган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, аҳолининг кундалик эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда деҳқон бозорлари, шифохоналар, поликлиникалар, аптекалар, турли таомларни етказиб бериш хизмати фаолияти тўхтатилмайди. Улар аввалги тартибда ишлашни давом эттиради.
Ҳокимлик аҳолидан коронавируснинг кенг тарқалмаслигини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканлигини тушунишларини, ўзлари ва яқинларини эҳтиёт қилишларини, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилишларини илтимос қилди.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтимиз Тошкентда 22 мартдан эътиборан жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилган.