Минибусдан Айюб Султон майдони яқинида тушдим. Ичимда қандайдир ҳаяжон бор. Унинг сабабини англаганим йўқ. Рости уни ўйлайдиган ҳолда эмасман. Буюк саҳобий номи ила аталадиган майдонга нафақат Туркия, балки дунёнинг турли томонларидан зиёратчилар ошиқади. Улардан бири менман...
Масжид ва мақбара тарафга юрар эканман, ичимда исмсиз туйғулар ғужғон ўйнамоқда. Чунки пайғамбар алайҳиссаломни ўз уйида олти ойдан ортиқ меҳмон қилган зотнинг қабрларини зиёрат қилишга келяпман. Асл исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Хазражий розияллоҳу анҳу бўлса-да, Абу Айюб куняси билан машҳур бўлган ушбу улуғ саҳоба ҳақларида саёҳатномамизнинг 11-қисмида батафсил сўз юритган эдик қаранг: “Агар бу ерга бормасангиз, Туркияга келдим деманг!”
Кенггина майдондан ўтиб, масжиднинг ҳовлисига кирдим. Соат эндигина ўн бўлгани учунми, зиёратчилар қадами сийрак... Масжиднинг чап тарафидан мақбарага кирилади. Тартибга кўра, бу томондан кириб, нариги эшикдан чиқиб кетар экансиз. Оёқ қийимлар учун бир марталик елим халталар тахлаб қўйилган. Бепул. Озгина йўлакдан ўтиб, нақшинкор панжаралар билан ўраб қўйилган қабрга дуч келасиз. Зиёратчилар билганича Қуръон ўқиб, қўлини дуога очмоқда, аксариятининг кўзида ёш. Қаердандир овози жудаям ширали қорининг қироати эшитиляпти. Яхшилаб зеҳн солсам, қабр томондан келаётган экан. Мен ҳам буюк зот ҳақларига дуойи хайр қилиб, масжид томонга олиб чиқадиган эшикка йўналдим. Ташқарида бир йигитнинг айтишича, бу ерда ҳар доим, яъни сутканинг 24 соатида Қуръони карим тиловати тўхтамас, қорилар алмашиб-алмашиб Каломуллоҳни ўқиб ўтиришар экан.
Масжид ҳовлисида жудаям қадимий чинор кўкка бўй чўзиб турибди. Танаси шунақа каттаки, тахминан тўрт-беш кишининг қулочи аранг етади. Масжид хонақосига киришдаг ўнг томондаги қозиққа аёллар учун рўмол ва кенг ҳижоб-кўйлаклар осиб қўйилгани эътиборимни тортдим. Ичкарига кириб, икки ракъат намоз ўқидим. Масжид хонақоҳи Сулаймония, Султон Аҳмад жомеълари сингари катта эмас, аммо ўта сакинатли, файзли даргоҳ. Кейин билсам, Айюб Султон мақбараси ва масжиди Истанбул фатҳидан сўнг қурилган илк катта жомеъ экан. 1558 йили барпо этилган масжидга 1723 йили икки минора ҳам қўшилган. Беихтиёр қалбингизга инган сокинликдан руҳиятингиз роҳат қилаётганини англаб қоласиз.
Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмасам, кўнглим жойига тушмаяпти. Ўша куни мақбара ичига кирганимда ҳам бу ердаги қабрни рамзий деган ўйда эдим. Ташқарига чиқиб, кўҳна чинор олдига осилган пештахтадаги маълумотларни ўқиганимдан сўнг ростдан мана шу жойга Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратлари дафн этилганларини билдим. Билдиму, ўзимдан уялиб кетдим. Истанбулдай кўҳна тупроққа келаётиб озгина тайёрланиб келмаганимдан изза бўлдим, ўзимни роса маломат қилдим. Шунчалик ҳам бепарво бўламанми?! Озгина интернет титиб, маълумотлар билан қуролланиб олмайманми? Қанақа журналист бўлдим?! Мана шу каби саволлар ичимда айланиб, юракни эзди. Бу гапларни бошқаларга ибрат бўлса зора, деган ниятда ёзяпман.
Дарвоқе, ёшлари саксондан ошган бўлса ҳам, Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратлари ғазотлардан қолмас эдилар. Аввал айтганимиздек, Пайғамбар алайҳиссалом Истанбул фатҳи ҳақида башорат қилиб: «Қустантиния, албатта, фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўмондон нақадар бахтли қўмондон, уни фатҳ қилган аскарлар нақадар бахтли аскарлардир», деганлар. Ана шундай шарафга эга бўлиш ҳар бир саҳобанинг орзуси эди. Ана шундай ёруғ ният билан Язид ибн Муовия қўшини ҳижрий 52 йили Қустантинияни (Истанбулни) қамал қилди. Юқоридаги ҳадисдан бохабар Абу Айюб ҳам ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, жиҳотга отланган эдилар. Лекин йўлда мазалари қочиб қолади. Шунда у зот Язид ибн Муовияга васият қиладиларки, “Мабодо йўлда вафот этгудек бўлсам, Қустантинияга ёки ушбу шаҳарнинг қўшин бора олган энг яқин манзилига кўмсинлар...” Афсуски, ўша сафар Константинополни фатҳ этиш насиб қилмади, аммо Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратларини шаҳарнинг ғарбий девори яқинига дафн этишди.
Юқоридаги ҳадисда айтилган мартабага эришиш умидида кўплаб саҳобалар, ҳукмдорлар, амирлар, саркардалар ушбу шаҳарни фатҳ қилишга уринишган. Бу ҳақда ёш ва ҳаракатчан уламоларимиздан бири, жонкуяр укамиз Нозимжон Ҳошимжон шундай ёзади:
“Илк бор Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий 44-санада Қустантания фатҳига уриндилар, аммо мақсадга эришолмадилар. Бу буюк саҳобийнинг даврларида бу уринишлар бир неча бор амалга оширилди.
Умавийлар давридаги энг муҳим уринишлардан яна бири ҳижрий 98 йили Сулаймон ибн Абдулмалик даврида бўлиб ўтди. Бунда ҳам мурод ҳосил бўлмади.
Аббосийлар ҳукмронлигида Византияга қарши кўплаб ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилди. Ана шундай юришлар орасида Қустантания фатҳига бўлган уриниш ҳижрий 190 йили Ҳорун ар-Рашид томонидан амалга оширилди.
Кейинчалик Кичик Осиёда бир неча исломий давлатлар ташкил топди. Ана шулардан бири Салжуқийлар давлатидир. Салжуқийлар давлатига 1063-1072 йиллар орасида ҳукмдорлик қилган Алп Арслон билан Византия императори Роман IV Диоген ўртасида 1071 йилда катта жанг бўлиб ўтади. Жангда император енгилиб, асир олинади ва зиндонга ташланади. Шу ҳодисанинг ўзи Византиянинг катта қисми мусулмонлар қўлига ўтишига сабаб бўлади.
Орада бир қанча вақт Қустантанияни фатҳ қилишга уриниш сустлашиб қолди.
Ўн учинчи асрнинг охирларига келиб, Қустантанияни фатҳ қилиш ҳаракатлари яна бошланди. 1393 йили Усмонийлар султони Боязид Қустантанияни қамал қилди. Шундан кейин у Византия императори билан шаҳарни тинч йўл билан топшириш борасида музокаралар олиб боришни бошлади. Лекин император бу ишни пайсалга солиб, шаҳарни топширишни чўзиб, турли қаршиликлар қилди.
1451 йилда Иккинчи Султон Мурод томонидан Қустантания фатҳига жуда кўп бор ҳаракатлар бўлди, шаҳар қамал қилиб турилди. Византия императори томонидан амалга оширилган фитналар сабабли бу сафарги уриниш ҳам муваффақиятли якунланмади. Шу йили Султон Мурод вафот этди ва тахтга унинг ўғли Султон Муҳаммадхон Соний ўтирди.
1453 йил 27 май...
Султон Муҳаммад шаҳарга ҳужум қилиш вақти яқинлашганини эълон қилди ва “Ё Усмонийлар давлати йиқилади ёки Қустантания йиқилади” шиорини барчага эслатди. Ўша куни мусулмонлар рўза тутдилар. Шу куни кечаси билан барча қўшин султон бошчилигида ўтлар ёқиб, туни билан таҳлил, такбир, таҳмид ва тасбеҳ айтиб чиқдилар, дуо ва муножотга астойдил киришдилар.
28 май...
Қўшин бу кунни ҳам кечагидек рўзадор ҳолда ибодат ва дуо билан ўтказди. Уламолар ва шайхлар сафлар орасида юриб, аскарларга Қуръон оятларидан ўқиб берар эдилар. Султон ҳам ўз қўшинига юқоридаги буюк ҳадисни эслатиб, унинг ҳукми остига кириш улкан бахтлигини англатар, уларни шижоатлантирар, кўнгилларини кўтарар эди.
1453 йил 29 май...
Шу куни мусулмонлар қўшини 21 ёшли султон Муҳаммад Соний бошчилигида бомдод намозини ўқигач, Қустантанияга ҳужумни бошлаб, шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлдилар. Византиянинг ўша пайтдаги императори Константиин XI Палеолоог Драгаш қамал пайтида ҳалок бўлди. (иқтибос тугади).
Сўзимизга қайтамиз. Айюб Султон масжидидан чиқиб, қайсидир томонга йўл солдим. Шунчалик ҳаяжонда эдимки, қаёққа боришим ортиқча аҳамият касб этмас эди гўё. Масжид олдидаги кенг майдон ўртасида фаввора бор. Шу ерда ғужғон ўйнаётган бир тўда каптарлар хаёлимни олди. Сал нарида қушлар учун емиш сотаётган сотувчи билан гаплашгим келди. Нарх-навони суриштирдим. Бир сиқим буғдой 5 лира экан. Негадир, пулни қизғандимми, ё каптарлар у қадар оч эмас, деган қаноатда эдимми, ишқилиб дон сотиб олиб, қушларга сочмадим, уларга “дастурхон” ёза олмадим. Хаёлим сотувчининг орқасидаги қабрларга кетиб қолди. Чунки... Келинг, яхшиси бу ҳақда сўз очмай. Гап чўзилиб кетяпти. Худо хоҳласа, кейинги қисмда албатта гаплашамиз. Сабаби жудаям муҳим мавзу бу...
Бугун шанба бўлгани учун атрофдаги дўконларнинг деярли ярми ёпиқ. Қизиқ, аксар турк қардошларимиз дам олиш кунлари хусусий дўконларини очмас экан. Бизда бунақа ҳолатни тасаввур қилиш қийин. Шу боис мени бу вазият ғоят ажаблантирди. Музқаймоқ дўкони олдидан ўтаётиб “Бир турк дўндирмасининг мазадан тотиб кўрай”, деб сотувчига юзландим. У бамайлихотир “Ҳали очилмади, оға”, деди. Ичимда: “Соат ўн бир бўлсаям, а?” дея таажжубланиб, кийим-кечак ва совғалар сотадиган дўкон тарафга қараб юрдим. Ушбу дўконлардаги нарх-наволар бошқа жойдагилари билан деярли бир хил экан. Яна таажжубландим. Чунки сайёҳлар келадиган жойда нархлар қиммат бўлади, деган хаёлда эдим.
Айтганча, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг қабрлари қандай топилди, ахир орадан 800 йилдан ошиқроқ вақт ўтган-ку?” деган ҳақли савол туғилади. Ривоятларга кўра, Фотиҳ Султонни фатҳга шижоатлантириб турган устози Оқ Шамсиддин ҳазратлари (тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Ҳамза Оқ Шамсиддин ар-Румий, ваф. 865 ҳ./1461 м.) бир туш кўрадилар. Тушларида ҳозирги мақбара жойлашган жойдан осмонга нур таралаётган экан. Шу ерга келиб, икки газ қазишса, бир мармар тош чиқади. Унга араб тилида “Бу ерга Холид ибн Зайд мадфундур” деб ёзиб қўйилган экан. Фотиҳ Султон ҳазратлари дарҳол қабр устига мақбара иншо этади, кейин масжид қурдиради. Бошқа турли ривоятлар ҳам жуда кўп, аммо мен ўзим ишонган ва қалбим татмин топганини ёздим, холос.
Гапимиз анча чўзилди. Бугунча етар. Кейинги қисмларда бу ердаги қабрлар ва уларнинг бизларга, яъни Ўзбекистон ва ўзбекларга қанақа алоқаси борлиги, Усмонли султонлари тахтга чиқиш олдидан нега бу жойга келиши, Абдулҳамидхонга хиёнат қилган пошонинг қабри нега шу ерга жойлашган каби ва бошқа қизиқарли маълумотлар ҳақида гаплашамиз. Тўғрисини айтсам, ўзимга ҳам роса қизиқарли туюляпти шу мавзулар. Ўйлайманки, Сизларни ҳам зериктириб қўймайди.
(давоми бор)
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири
Тошкент-Истанбул-Тошкент