Калом ҳалқалари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таҳсилга киришар экан, бутун илмларни ўрганишга аҳд қилиб, турли йўналишлар бўйича ботартиб ва тизимли таълим олишга тутинади. У зот биринчи навбатда энг муҳим илмлардан бири бўлган «Наҳв» билан шуғулланади. Наҳвда маълум даражага етгач, мантиқ фани ҳалқаларида иштироқ этади.
Ўша йилларда Куфа масжидларида уч хил илм ҳалқалари фаолият кўрсатарди:
- Ақоидга алоқадор асосий масалалар муҳокама қилинадиган ва турли мазҳаб аъзолари қатнашадиган Калом мажлислари.
- Ҳадис ҳамда унга оид илмларга асосларган ҳадис мажлислари.
- Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш ва фатволар бериш усуллари ўргатиладиган фиқҳ ҳалқалари.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бор имкониятларини ўзини илмга бағишлаган пайтларда Куфада эътиқодий масалаларда қизғин баҳслар бўлар эди. Мусулмонлар бир-бирлари билан ҳам, зиндиқлар билан ҳам тортишардилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундай баҳс-мунозараларга парво қилмади, қўшилмади, билакс, калом мажлисларини афзал билди, унга ўзини бағишлади. Шунинг учун ҳам у зот калом илмида ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган улуғ мавқе-мартабага эришди.
Ўша даврда Басрада ҳам Калом илми теграсида жиддий тортишувлар бўлаётган ва у ерда ҳам турли фирқалар борлиги Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг диққатини тортди. Шу боисдан, у зот йигирма маротабадан зиёд Басрага сафар қилади, у ерда тахминан бир йил яшайди. Ўша вақтдан бошлаб ҳазрат Абу Ҳанифа калом илмига зарур илм деб қарай бошлайди. Вақт ўтиши билан у кишининг дунёқараши ўзгарди, тафаккур тарзи юксалди. Алалоқибат, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай иқрорга келади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеинлар биз билган ҳар бир масаладан воқиф эдилар. Улар илмда жуда катта куч ва салоҳиятга эга эдилар. Аммо улар калом илмида зинҳор баҳсга киришмаганлар. Аксинча улар бундай вазиятлардан ўзларини олиб қочишган, тортишувларнинг бўлишига-да тўсқинлик қилишарди. Улар шариат аҳкомлари, фиқҳий масалалар борасида суҳбатлашардилар. Бунинг учун улар илм ҳалқаларини ташкиллаштириб, мусулмонларни шариатнинг моҳиятини ўрганишга чорладилар. Фатво бердилар ва фатво олдилар”[1].
Фиқҳ ҳалқалари
Вақт ўтиши билан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳга бўлган қизиқиши ортиб борди. Шу боисдан, калом ҳалқаларидаги устозликдан воз кечиб, фиқҳ илми мажлисларига қатнай бошлади. Зуфар бинни Ҳузайл нима сабабдан фиқҳ илмига рағбатлари кучайганларини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзларидан шуни ривоят қилади: “Масжидда фиқҳдан илм берган Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга ҳамроҳ ўлароқ калом илмидан дарс ўтардим. Бир куни ҳузуримга бир аёл келиб: “Бир эр кишининг жория хотини бор. У билан суннатга мувофиқ ажрашмоқ ниятида. Нечта талоқ билан ажрашиши керак?” деб савол берди. Жавобини билмаганидан сўнг, аёлга саволни Ҳаммадга беришни, кейин келиб жавобини менга ҳам айтишини илтимос қилдим. Ҳаммод аёлга қуйидагича жавоб берибди: “Пок ҳолатда ва жинсий алоқада қилмай у аёлга бир талоқ қўяди, кейин унга яқинлаша олмайди, токи, аёл икки марта ҳайз ҳолатидан ўтиб, кейин ғусл билан таҳорат олгунига қадар. Шундан кейин аёлнинг никоҳланиши ҳалол бўлади”.
Аёл келиб, Ҳаммаднинг фатвоси хабари берди. Кейин дарҳол оёқкийимларимни кийиб, Ҳаммоднинг дарсларига шошилиб кетдим. Дарсларида унинг маърузаларини диққат билан тиклаб, ёд олдим. Мавзуларни бошқалардан кўра мен яхшироқ англардим. Шунинг учун бошқа илм толибларга: “Дарс маҳали ҳалқанинг юқорисида – менинг ёнимда Абу Ҳанифадан бошқа ҳеч ким ўтирмасин” деган эди[2].
(давоми бор) 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, 12-қисм, 13-қисм
Эҳсон Шеножакнинг “Имом Аъзам изидан” китобидан
Ҳусан Мақсудов таржимаси