Ижтиҳодни шаҳодат-ла тожлантирган мужтаҳид
У кишининг исми Нўмон ибн Собит ибн Зутодир. Дастлаб "Нўмон" исми танага ҳаёт бағишловчи қонни англатади. Шунинг учун баъзилар унга “руҳ” деб ҳам маъно берадилар. Имом Аъзамнинг раҳматуллоҳи алайҳ “Нўмон” исмини олишида кейинчалик унинг ўз зиммасига оладиган вазифасига назар солиб билиш мумкинки, у фиқҳнинг буюк устози бўлиб, вужуддаги (танага ҳаёт бағишловчи) қон кабидир. “Нўмон” исми “Неъмат” сўзидан келиб чиққанлигини инобатга олиб, унга “Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъмати” деб маъно берсак муболаға бўлмайди. Имоми Аъзам ечимини топган масалалар нуқтасига боқиш билан, у зотнинг уммат учун қай даражадаги бир неъмат бўлганлигини англаш мумкин.
У зотнинг кунялари, Абу Ҳанифадир. Ушбу куня, “ҳақ динга мойил инсон” маъносини акс эттирувчи “Ҳаниф” сўзининг муаннас шаклидир. У кишининг “Ҳанифа” исмли бир қизи бўлганлиги, шу сабабдан “Ҳанифанинг отаси”, яъни Абу Ҳанифа дея зикр қилиниши айтилса-да, у зотнинг Ҳаммоддан бошқа фарзанди бўлмаганлиги аёндир. Шу сабабли кунянинг таъйин қилинишида биринчи қараш катта эҳтимолга эга.
Насаби
Насаби тўғрисида турли ривоятлар бор. Имом Аъзамни мато савдоси билан шуғулланганлиги сабабли “ипак сотувчи киши”, яъни “Ҳаззоз” деб аталувчи, туғилиб ўсган шаҳри Кўфага нисбат берилиб, “Кўфий” деб ҳам айтилади. У зотнинг боболари Зуто Бану Таймуллоҳ Саълабанинг саййиди бўлганини инобатга олиб “Таймий” деб ҳам нисбат берилади.
Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг асли қаерлик бўлганлиги ҳақида фарқи ривоятлар бор. Манбаларда Қобул, Бобил, Ниса, Термиз ва Анбар шаҳарлари қайд қилинган. Сирож ал-Ҳинди, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг насаби билан алоқадор ривоятларни қуйидагича талқин қилиш мумкинлигини айтади: У зотнинг бобоси қобулликдир. Сўнг навбат билан Ниса ва Термиз шаҳарларига боради. Балки имомнинг отаси Термизда туғилади. Кейинчалик Кўфага бориб, у ерда ҳазрати Али розияллоҳ анҳу билан кўришиб, авлодлари ҳаққига дуо олган.
(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм)
Эҳсон Шеножакнинг “Имоми Аъзам изидан” китобидан
Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ