Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ "Ал-бидая ван-ниҳая" китобида бундай келтиради: «Айтадиларки, "Важиҳ" куняси соҳиби бўлмиш Абу Бакр Наҳвий раҳимаҳуллоҳ ҳеч ҳам ғазабланмас эди.
Бир жамоат бир кимсага агар у шайх Наҳвийни ғазаблантира олсанг, катта мукофот оласан, дея гаров ўйнашди. У кимса келиб шайхдан арабий бир масалани сўради. Аллома унга жавоб берди.
Шунда у:
– Эй шайх, хато қилдингиз, деди
Аллома бошқа иборалар билан жавоб берди.
У бўлса:
– Ёлғон гапирдингиз. Менимча наҳв эсингиздан чиқибди шекилли, деди.
Аллома унга:
– Менимча сенга айтаётганларимга тушунмаябсан шекилли, деди.
У бўлса:
– Шундай. Лекин сиз ҳам жавобда хато қилаяпсиз, деди.
Шайх:
– Ундай бўлса бу ҳақида ўзинг билганингни айт, биз ҳам манфаат топайлик, деди.
У кимса эса шайхга жуда қўпол гапиришда давом этаверди.
Шунда шайх Наҳвий табассум қилиб кулди-да:
– Агар гаров ўйнаган бўлсанг, ютқаздинг. Сенинг мисолинг худди чивинга ўхшайди. Чивин филнинг устига қўниб, бир муддатдан сўнг учмоқчи бўлаётганида: "Эй фил, мен учмоқчиман маҳкам тур, қимирлаб кетма тағин, деди.
Фил эса унга жавобан: "Эй (чивин), сен учадиган бўлсанг қимирлаш у ёқда турсин, сени устимга қўнганингни ҳам сезганим йўқ”, деди».
«Ҳаятус-салаф байнал қавли ва амал».
Ҳаётда бу каби воқеалар жуда кўп учраган. Айниқса ҳозирги техника ривожланган даврда кўплаб учрайди.
Фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқларда ўн-йигирма йиллаб илм ўқиганлар билан ҳатто арабий алифбони ўқий олмайдиганлар тортишгани, ҳақорат қилгани, ҳатто сўкканини кўриб қоламиз.
Бунақанги жоҳил, қўпол инсонлар ҳамма даврларда бўлган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг чакмонлари ортидан қаттиқ тортиб, "Эй Муҳаммад", дейдиганлар бўлган. (Бухорий).
У зот алайҳиссалом ўша қўпол аъробийларга юмшоқ муомала қилганлар, индамаганлар.
Илмда рост турувчилар ҳам суннат ўлароқ индашмайди, тортишишмайди.
“Абу Ҳанифа ким бўлибди, Шофеъий ҳам биз каби бир аҳли илмда, фалончи олим ўқиган китобни мен ҳам ўқиганман, фистончи олимда бор илм бизда ҳам бор” каби сўзларни ўқиб дил хира бўлади.
Салаф ва халаф уламолари ҳақида бу муржиъа, буниси шиъа ва ҳоказо сўзларнинг айтилиши ачинарлидир.
Муҳаққиқ аллома шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ҳам кўплаб таъналарга учраган забардаст зот бўлган. Шу зотдан шогирдлари қанча китобдан фойдаланиши ҳақида қайта-қайта сўрашган. Фақатгина вафотлари яқин қолганда жуда ажиб ва тафаккурга ундайдиган жавоб айтганлар: “Менда китоб кўп эмас, толиби илм кутубхонаси, унда йигирма минг китоб бор, холос”.
Аллома, шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Шайх Анваршоҳ Кашмирий раҳимҳуллоҳнинг шогирдларидан Аҳмадхон исмли олим билан суҳбатлашиб қолдик. У олимнинг айтишича, шайх Кашмирий матн китобларидан йигирма беш минггини ёддан билган экан”.
“Менда минг китоб бор, юзлаб китоблар ўқиганман”, дея катта аҳли илмларга таъна қилаётганлар тафаккур қилиб кўрсин.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг у зот ила тортишувга жавобларини ўқиб қолгандим. У зотга кўп бора илмий баҳс қилиш, агар баҳс қилинса, у кишини енгиш даъвоси билан мурожаат қилишган. Шайх Муҳаммад Тақий жаноблари эса бундай жавоб ёзганлар: “Ҳурматли мурожаатчилар.
Мени баҳсда енгдим деб ҳисоблайверинглар. Мен оддий толиби илмман холос. Мен учун баҳслашиб вақт йўқотишдан кўра манфаатли бир илм афзал”.
Шогирдлардан бири сўраб қолди:
– Устоз, нима учун мусулмонлар тафриқада, бир-бирларига мухолиф. Нега баъзилар имом Абу Ҳанифа, Мотуридий, Ашъарий каби зотларни адашганликда айблашади?
Жавобан бундай дейилди:
– Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “уламолар пайғамбарлар меросхўридир”, деб айтганлар.
Мерос тарзида моддиёт ўтгани каби, суннат тарзида таъналар ҳам ўтади. Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мажнун, сеҳргар каби сўзлар билан масхара қилинганига саҳиҳ далилар бор. У зотнинг йўлида рост турувчи уламолар ҳам ушбу каби таъналарга меросхўр бўлишади. Аввалги уламоларни ва ҳозирги кундаги шариатда рост турувчи уламоларнинг қайси бирига таъна-ю дашном бўлмаган?!
Таънага учраган аксар уламолар ҳаёти ва тутган йўли воқеликда умуман бошқача бўлганини аҳли илмлар яхши билишади. Инсофи борлар бу мавзуларда номақбул сўзлашдан тийилишади.
Қачонки, аввалги ўтган ва аҳли суннада рост турган уламоларга таъна қиладиган “аҳли илмлар”ни кўриб қолинса, юқоридаги Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ келтирган чивин воқеаси кўз олдимизга келаверсин.
Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Биродари азиз, Аллоҳ сизни мукаррам этсин. Дунё ҳаёти ўта қисқадир. Ўлим эса ҳеч кимга шафқат этмас. Хайф бир кимсагаки, озгина вақтга берилган азиз умрини бефойда нарсаларга сарф этар. Ширин таомлар ва гўзал кийимларга алданиб қолманг. Дунё Аллоҳ таоло ғазабига учрагандир. Аллоҳ ғазабига учраган нарсага эришаман деб охиратни бой бериш энг аҳмоқликдир”.
Дунё мансаблари, инсонлар мақташлари учун охиратимизни бой бермайлик.
Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ
“Толибон” асирларни озод қилишни давом эттирмоқда