Фаластинликлар Шарқий Қуддус ва Ғазо секторига Исроил ҳужумларига қарши норозилик намойишлари ўтказгандан кейин Исроил бош вазири ижтимоий тармоқларни ёпишга уринди, дейилади Анадолу тарқатган хабарда.
Исроил матбуотининг ёзишича, Бенямин Нетаняҳу Ғазога 10-21 май кунлари уюштирилган ҳужумлар пайтида ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйишга уринган. Расмийларнинг таъкидлашича, Нетаняху икки марта ижтимоий тармоқларни блокировка қилишни тавсия қилган, аммо унинг таклифлари Исроилнинг бош прокурори Авихай Манделблит ва хавфсизлик ходимлари томонидан рад этилган, дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, Нетаняҳу, фаластинликлар Тик-Ток ижтимоий медиа платформаси орқали намойишлар уюштириши мумкинлигини иддао қилиб, шу тавсияни берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Айни пайтда Walla News ижтимоий тармоқларни блокировка қилиш бўйича хавфсизлик ходимлари томонидан таклиф қилинган режани Нетаняҳу қўллаб-қувватлаганини айтган.
Исроилнинг Ғазо секторига 11 кунлик авиазарбалари натижасида камида 255 фаластинлик ҳалок бўлди ва 1900 дан зиёд киши жароҳат олди. Ғарбий соҳилга қилинган Исроил ҳужумлари ҳам 13 апрелдан бери камида 34 фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган.
Исроил ҳужумлари 21 май куни эрта тонгдан кучга кирган Миср воситачилигидаги сулҳга мувофиқ тугади.