Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Наср

Ҳасад ўлдирган одам

2337

Тоғ этагидаги кичик қишлоқда бир тарихий масжид бор эди. Халқ орасида “Бу масжидни Хуросон шоҳларидан бири қурган” деган гап юрарди. Ҳовлидаги “сариқ қуббали” қабртошлари бу гапларни тасдиқласа-да, узоқ пайтлар масжидга марказдан имом юборилмади. Чунки қишлоқ жуда кичик бўлиб, унда бор-йўғи уч юз киши яшарди. Уларнинг ярми эркак, эркакларнинг ҳам ярми бола бўлгани учун имомга ҳожат йўқ деб ўйлашарди. Фақат 4 қария 5 вақт намозини масжидда ўқирди. Қайси чолнинг кайфияти яхши бўлса, ўша имомликка ўтар, бошқалари навбати билан муаззинлик қиларди.  Жума кунлари ҳам фақат биринчи саф тўлар, иккинчиси асло тугал бўлмасди.

Хуллас, нима бўлдию, бир куни масжидга имом юборилди. Ўрта ёшлардаги, очиқ чеҳрали, мулойим бир инсон эди. Шахсий машинаси ҳам бор эди. Ниҳоятда эски эдию бўёғини айтмаганда, ҳамма ери яхши ишларди. Масжидга имом юборилиши табиийки ҳайрон бўладиган нарса эмасди. Лекин имом билан бирга машина келиши қишлоқ аҳолиси учун бутун бошли байрамга айланди. Зеро қишлоқда бир қанча бемор бор эди, фарзанд кутаётган аёллар бор эди. Бир жойлардан йиқилиб тушиб яраланганлар бор эди. Булар марказга, яъни касалхонага бориши керак бўлса, дарҳол Назми оғага қараб чопишарди. Назми оға қишлоқдаги энг бадавлат одам эди. Мол-қўйлари, деҳқончилик қиладиган ери кўплигидан трактор ҳайдарди. Беморлар ноилож унга мурожаат қилишса, оғанинг қовоқ-тумшуғи осиларди. Чунки оғадан бошқа ҳеч ким “трактор” дейиладиган бу матоҳни ишлатишни билмасди. Зотан, матоҳ қурмағурнинг кўриниши ҳам бир қўрқинчли эди. Айниқса, орқасига тақилган йирик пўлат омочлари ёш болаларни чўчитарди.

Хуллас, беморлар билан боғлиқ барча ишлар оғага юкланган эди. Назми оға бундан кўп норозилигини билдирса-да, калтакланишдан қўрқиб, гапни чўзмаз, лекин ғудрана-ғудрана касалхона йўлига тушарди. Йўлга тушганда тушардию, икки қадамда бир сакраб юрадиган трактор беморнинг ичини ташига чиқариб ташларди. Имомнинг машинаси эса ундай эмасди, албатта. Тағин машинанинг ҳамма ёғи ёпиқ эди, қор-ёмғир ёққанида ҳам ўтирган одам ҳўл бўлмас, хасталикдан титраётганлар совуқда дағ-дағ қалтирамасди.

Имомнинг очиқ чеҳраси жуда қисқа пайт ичида инсонларни ўзига боғлади. Бирор муаммоси бўлган кишилар домланинг олдига келар ва дардига бир чора топиб, хурсанд бўлиб қайтарди. Боз устига имом домла беморларга Назми оғадек қовоқ-тумшуғини осиб муомала қилмасди. “Беморларнинг дуоси — жаннат калити. Уларга хизмат қилсак, қозонганлардан бўламиз” дерди.

Кўп ўтмай Назми оға имомга ҳасад қила бошлади. Имом билан оғанинг уйи ёнма ён эди. Қачон ташқарига чиқса ё деразадан қараса, имомнинг машинаси кўзига тикандай ботарди. Қийин аҳволда қолганлар энди унга эмас, имомдан ёрдам сўраши, оғанинг обрўсига путур етказганди. Ҳатто у жеркиб-силтаган қишлоқ аҳолиси, оғани кўрганида бошини бошқа томонга ўгириб оларди. Қисиниб-қимтиниб ёлворишдан қутулган кишилар, бироз хотиржам тортганди. Оғанинг сабри тошиб бир кеча индамай уйидан чиқдию машинанинг бир нечта жойини қирди. Тағин бутун бошли бўйидан чуқур қириб ташлади. Имом домла машинасининг аҳволини кўриб, хафа бўлса-да, кўп ҳасрат қилиб, нолиб ўтирмади. Лекин Жума мавъизасида бу масалага тегиниб:

—  Муҳтарам мусулмонлар” Жонга ё молга зарар бермасликларини айтиб болаларингизга қайта-қайта уқтиринг! Бугун машинани қириб ташлаган, бошқа куни ҳайвонларга, ҳатто инсонларга ҳам зарар етказишдан тап тортмайди!- дея қишлоқ аҳолисига насиҳат қилган бўлди.

Бироқ у икки кундан кейин машинасининг балонлари тешилганини кўрди. Хайрият, ғилдиракка ҳаво тўлдирадиган матоҳ бор экан. Имом ғилдиракларни шиширар экан, Назми оға уни завқланиб кузатиб ўтирарди. Албатта, парда ортидан. Оға хотиржам эди. Бу борада ҳеч кимдан қўрқмаса ҳам бўлади, миршаб келиб бутун қишлоқ аҳлидан бу ишни ким қилганини сўраса ҳам, бирор кимса унинг исмини тилга олмасди. Қишлоқнинг бадавлат оғаси шундай болаларча қилғиликни қилармиди? Шунинг учун Назми оға имомнинг машинасига зарар етказишда давом этди. Боз устига ҳар сафар аввалигисидан ортиқроқ бир номаъқулчилик қиларди.  Охир-оқибат имом безор бўлиб машинасини сотиб юборса, бу ишлар ўшанда тинчирди. Назми оғанинг аҳди эди бу, ўзгариши мумкин эмасди. Икки-уч кундан кейин имом уйқудалигида уй эшиги тақиллади. Қоронғу тунда бир одам ҳам эшикни тақиллар, ҳам гапирарди:

—   Домла! Бир ҳамқишлоғимиз яраланибди. Ҳожатхонага бормоқчи бўлиб уйғонган экан, йиқилиб бошини ёрибди. Кўп қон йўқотяпти. Ҳозироқ касалхонага олиб борсангиз яхши бўларди!

Имом апил-тапил ташқарига чиққанди, машинанинг ғилдиракларига кўзи тушди. Афсуски, ғилдиракларнинг ҳавоси чиқарилганди. Устига устак бу сафар тиғли асбоб билан тешилганди.

Имом келган кишига қараб:

—   Боринг, назми оғани уйғотинг! Жароҳатланганни касалхонага олиб борсин! Машинани бу аҳволда ҳайдай олмайман.

—  Оббо!- дея бошини чангаллади келган киши.- Ана энди барбод бўлдик! Ўзи жароҳатланган одам Назми оға-ку?! Касалхонага бориш учун бир от бор, у ҳам сутчи Иброҳимнинг чўлоқ оти…

Жунайд Суави

Таржимон:  Умида АДИЗОВА

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳасадчи – мазлумга айланган золим

1251 05:25 17.04.2023

Ўзингиздан бойроқ ёки чиройлироқ одамни кўрсангиз...

1370 05:35 15.04.2023

Савобларни ёқиб, йўқ қилувчи амал

1372 05:35 13.04.2023

Ҳасад ва ҳаваснинг нозик фарқлари 

8066 13:34 10.04.2023

Ахлоқус солиҳийн: ҳасадчига муносабат

1523 19:05 12.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: ҳасад, кўролмаслик ва ҳиқд

3367 19:10 11.04.2022
« Орқага