Биз-ку ҳеч ким эмасмиз. Аммо Аллоҳнинг энг азиз бандалари ҳам бу дунёда не-не азобу уқубатларни тортмадилар.
Ҳазрат Яъқуб пайғамбарнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ёшлик чоғларида қудуққа ташландилар. Қудуқдан қутулиб чиққанларидан сўнг, у кишини Миср бозорида арзимаган пулга қул қилиб сотишди. Орадан бироз вақт ўтиб подшоҳ амалдорлари туҳмат билан зиндонга ташладилар. Аллоҳнинг суюкли пайғамбари зиндонда йиллаб машаққат тортган пайтларида ҳам дуо-ибодат ва даъватдан бир зум тўхтамадилар. Бу орада оталари Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ғамида куйиб, икки кўзлари ожиз бўлиб қолди.
Ҳазрат Юнус алайҳиссаломни эса денгизга ташлаб юборишади ва у киши тинмай Аллоҳга тасбеҳ ва истиғфор айтиб илтижо қиладилар:
«لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنيِّ كُنْتُ مِنَ الظَّالمِيِن» - Сендан ўзга ҳеч бир барҳақ илоҳ йўқдир, мен ҳақиқатда ўзига-ўзи зулм қилганлардан бўлдим...».
Ҳазрат Айюб алайҳиссаломга Аллоҳ бир неча йиллик фароғатли турмушдан сўнг неча ўн йилга чўзилган оғир касаллик берди. У кишининг касалликлари шу даражада эдики, биргина аёлларидан бошқа ҳамма одамлар ўзларини олиб қочарди. Бу давр мобайнида у киши Аллоҳга бирор марта шикоят ёки бетоқатлик қилмасдан шукр айтишда давом этавердилар.
Бу зотларнинг ҳаммалари инсониятнинг энг улуғ сиймолари, одамзоднинг энг афзал вакиллари, Аллоҳнинг энг азиз бандалари эдилар. Шундай улуғ мартабали инсонлар бўлишларига қарамасдан улар ҳам Аллоҳнинг қаттиқ синовларидан четда қолмадилар. Чунки инсониятни ҳақ йўлга бошловчи кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб шу йўлдан юриб ўтиб, бошқаларга ибрат кўрсатишлари лозим эди. Улар бу йўлнинг оғир ва машаққатли ўнқир-чўнқирлари келиб қолганда одам ўзини қандай тутиши лозимлигини, ундан қандай чидам ва сабр билан ўтиш кераклигини ҳам ўзлари намойиш этдилар.
Аллоҳ эса «Мўминларга ёрдам-ғалаба ато қилиш Бизнинг устимизда албатта вожиб бўлди!»,- деган ваъдасининг исботини намойиш этиб, охир-оқибат ул табаррук инсонларга ва уларнинг мўмин қавмларига ғалаба ва хайрли хотимани насиб этди. Замона чархпалагини хоҳлаган томонга айлантирадиган Буюк Зот кеча қул қилиб сотилган ва зиндонга ташланган бандасини, энди юксак мартабага кўтариб, Миср давлати ҳокимиятига олиб чиқиб қўйди. Яъқуб алайҳиссаломга эса ўғилларига қўшиб кўзларини ҳам қайтариб берди.
Юнус алайҳиссалом тинмай Аллоҳнинг зикрида давом этганликлари шарофати билан зулмат кетидан зулмат ичида қолганларига, қайтиб чиқишга инсон ақли бовар қилмайдиган ҳолатда бўлганларига қарамасдан, меҳрибон Парвардигор у кишини ўша ерда ҳам ўз паноҳига олди. Юнус алайҳиссалом охири балиқ корнидан соғ-саломат чиқиб яна ўз қавмлари олдига қайтиб бордилар. У кишининг денгиз тубида, балиқ қорнида ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидларини узмасдан такрор-такрор ўқиган тасбеҳларини Қуръони карим бизга ҳикоя қилади.
Шундай қилиб «لاَ إلهَ إلاَّ أنْتَ سُبْحانَكَ إنِّى كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِين»,- деган тасбеҳ шу зотдан бизга мерос бўлиб қолди. Юнус пайғамбар қиссалари сўнггида Аллоҳ таоло: «Шундан сўнг унинг дуосини ижобат этдик ва ўзини ғамдан халос қилдик. Мўминларга ҳам худди шундай нажот берурмиз»,(Анбиё6 88)- дер экан, бу билан ушбу дуони биз мазлумлар ҳам иймон-ишонч билан доимий суратда ўқишга одат қилмоғимиз кераклигига ишора қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Зуннуннинг ҳут қорнидаги дуоси: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ-золимийн», эди. Қайси бир мусулмон ҳар қандай мусибат ичида бўлса ҳам мана шу дуони ўқиб илтижо қилар экан, албатта унинг дуоси қабул этилади». (Абу Довуд ривояти)
Айюб алайҳиссалом орқали яхши бандаларнинг Аллоҳ неъматларига нечоғлик шокир, балоларига қанчалик бардошли бўлишлари мисолини келтира туриб, Парвардигори олам воқеалар ниҳоясида у зотнинг баҳоларини бутун дунёга эълон ва то Қиёматга қадар тиловат қилинадиган Қуръон қилди: «Дарҳақиқат биз уни балоларга сабрли эканини топдик!».
Қудратуллоҳ Аҳмад тайёрлади