Бугунги кунда юртимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёни кетмоқда. Аммо аҳоли орасида охирги вақтларда "Нега ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг клиник синовлари охирига етмасдан туриб, вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди?" деган савол кўпаймоқда. Бу масалага Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технология марказининг лаборатория мудири Дилбар Долимова шундай изоҳ берди:
“COVID-19 вирусига қарши яратилган вакциналарнинг ҳеч бирининг тўлиқ клиник синовлари тугамаган. Бутун дунёда пандемия шароитида фавқулодда қўллаш учун рухсатнома бериш тартиби мавжуд. Фавқулодда қўллаш учун рухсатнома хали рўйхатдан ўтмаган дори воситасини тиббий фавқулодда вазиятлар даврида қўллаш учун рухсат берилиш ҳолати ҳисобланади. Вакцинация олиб борилаётган барча давлатларда ушбу тамойил асосида вакциналар рўйхатга олинмоқда. Худди шунингдек Ўзбекистонда ҳам COVID-19 пандемиясини назорат қилиш учун фавқулодда қўллаш тамойилига амал қилинди. Бунда ZF-UZ-VAC 2001 вакцина синовининг I ва II фаза хавфсизлик маълумотлари ва III фазада вакцина олганларнинг камида 50 % 2 ой давомида кузатилганлиги, ҳамда натижалар мазкур вакцинанинг нисбатан юқори хавфсизлик профилига эга эканлигини кўрсатди. Шу сабабдан ҳам ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини Ўзбекистон ва Хитойда фавқулодда қўллаш учун рухсат берилди” – деди Дилбар Долимова.
Маълумот учун: Республикамизда 1-5 апрель кунлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 35386 нафарни ташкил этди. Шу кунгача эмлаш олганларда ножўя ҳолатлар кузатилмаган.