Бир куни Иброҳим ибн Адҳам Басранинг бозорларидан ўтиб қолди, бирдан одамлар у кишини кўриб олдига тўпланиб келишди ва сўрашди:
— Эй Абу Исҳоқ! Биз дуо қиламиз-у, ижобат бўлмаяпти, нега?
Айтдики:
— Чунки қалбларингиз ўнта сабаб билан ўлиб бўлган.
Улар:
— Нима улар? — деди.
Айтди:
- Аллоҳни таниб туриб, ҳақини адо қилмадингиз.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севамиз, деб даъво қиласизлар, бироқ суннатини тарк қиласизлар.
- Қуръонни роса ўқийсизлар, лекин амал қилмайсизлар.
- Аллоҳнинг неъматларини еб туриб, шукрини адо қилмайсизлар.
- Шайтонни душман дейсизлар-у, у билан келишиб кетаверасизлар.
- Жаннат ҳақ, дейсизлар, аммо унга яраша амал қилмайсизлар.
- Дўзах ҳақ, дейсизлар, лекин ундан қўрқмайсизлар.
- Ўлимни ҳақ, дейсизлар, бироқ унга ҳам тайёргарлик кўрмайсизлар.
- Уйқудан турубоқ одамларнинг айби билан машғул бўласизлар-у, ўз айбингизга боқмайсизлар ҳам.
- Ўлик кўмасизлар, бироқ ибрат олмайсизлар.
«Жомеъу баёнил илм ва фазлиҳи» асаридан