Ўтган ҳафта давомида Арманистон Жанубий Кавказ минтақасидаги беқарорликка кескинлик тусини берганча, Озарбайжон чегарасида уюштириб бораётган фитналарига янада зўр берди.
Озарбайжон армиясига қарашли бўлинмалар томонидан эгалланган марралар Арманистон томонидан кетма-кет ўққа тутилган, арман қуролли кучлари тасарруфидаги махсус бўлинмаларга тегишли истихборот-қўпориш гуруҳларининг Озарбайжон ҳудудига ўтиб, фитна-фасод солган ҳолатлар бир неча кун ичида тез-тез такрорланиб боргани кузатилди.
Жумладан, жорий йилнинг 27 майидан 28 майига ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари Нахчиван Мухтор Республикаси Бабек тумани Ашаги Бузгов аҳоли пункти яқинида жойлашган Озарбайжон бўлинмаларига қарата бир неча йўналишдан ўт очди.
Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан берилган хабарга кўра, Арманистоннинг ушбу фитнаси оқибатида ҳарбий хизматчи Элхон Муродов елкасидан оғир яраланиб, госпиталга ётқизилди. Озарбайжоннинг Алоҳида умумқўшин армияси тасарруфидаги бўлинмалар томонидан жавобан берилган зарбалар натижасида душманнинг ўт очиш нуқталари янчиб ташланди. Ушбу ҳолатдан бир кун олдин, 27 май куни соат тахминан 03.00 да Арманистоннинг истихборот-қўпориш гуруҳларидан яна бири Озарбайжон ҳудудига Келбажар туманидаги Юқори Айрим аҳоли пункти йўналишида сингиб киришга уринган. Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлигининг баёнотига қараганда, тезкор кўрилган оператив чоралар натижасида душманнинг давлат чегарасидаги Озарбайжон армияси марраларига элтадиган таъминот йўлини миналаштиришга уринган 6 нафар ҳарбий хизматчиси қуршовга олиниб, зарарсизлантирилгач, асир олинди. Мудофаа идорасининг берган хабарига қараганда, 27 май куни тонг маҳалда чегара яқида душманнинг бир нечта жанговар техникаси, шу жумладан, танклари ҳам жамланган. «Кўрилган чоралар натижасида ушбу бўлинма томонидан амалга ошириладиган жоиз фитнанинг олди олинди», - дейилади хабарда.
Ўша куннинг ўзидаёқ Озарбайжон ҳарбийлари томонидан ушбу фитна тафсилотлари фош этилди – арман қўпорувчилари давлат чегарасининг Келбажар участкасини кесиб ўтиб, туман ҳудудини миналаштириш ва яна бир қатор фитна-фасод соладиган хатти-ҳаракатлар бажаришни нийят қилишган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, душманнинг иккита истихборот-қўпориш гуруҳи давлат чегарасини иккита йўналишда кесиб ўтди. Гуруҳлардан бири 9 нафар, иккинчиси 15 нафар ҳарбий хизматчилардан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳаракат йўналиши зудлик билан назорат остига олинди», - хабар беради Мудофаа вазирлиги. Озарбайжон чегара постларига элтадиган таъминот йўллари ва бошқа сўқмоқларни миналаштиришга уринган иккала гуруҳга қарши Озарбайжон армияси бўлинмалари томонидан кечиктириб бўлмас оператив чоралар кўрилди. Амалга оширилган жанговар тадбир натижасида душманнинг 6 нафар ҳарбий хизматчиси, жумладан, биринчи истихборот-қўпориш гуруҳининг уч нафар оддий аскари ва бир нафар офицери, иккинчи гуруҳнинг икки нафар жангчиси қўлга олиниб, қуролсизлантирилди. Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги душманнинг истихборот-қўпориш гуруҳлари қўлга олинган географик координаталарни ҳам очиқ манбалар учун ҳавола этди – N 40°09′06″; E 45°58′07″. «Арманистоннинг қолган ҳарбий хизматчилари давлат ҳудудини ошиғич равишда тарк этганча, қочиб қолишди», - дейилади Мудофаа вазирлиги томонидан берилган хабарда.
Бундан олдин, аниқроқ айтганда жорий йилнинг 24 майидан 26 майига қадар душман давлатнинг Гегаркуник вилоятида жойлашган жанговар марраларидан қўлланилган ўқли қуролдан Озарбайжоннинг Келбажар ва Гедабей туманларидаги бўлинмалар мунтазам равишда ўққа тутиб борилди. Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан берилган маълумотларга қараганда, фитна-фасод солиш мақсадини кўзлаган арман бўлинмалари томонидан, шунингдек, Шуша шаҳри яқинида жойлашган жанговар постлар йўналишида ҳавога қарата автоматик қуролдан ўт очилган. Ушбу хабарда Озарбайжон томонидан жавобан ўт очилмагани, шахсий таркиб орасида талофат кўрилмагани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Арманистон расмийлари эса, ўз одатига кўра ёлғон хабар тарқатиб, Озарбайжонни айбсиз айбдор қилиб кўрсатишга уринмоқда. Жумладан, 25 май куни Арманистон Мудофаа вазирлиги Гегаркуник вилоятидаги Верин Шоржа аҳоли пунктида жойлашган арман бўлинмалари гўё Озарбайжоннинг Келбажар туманидаги ҳарбий бўлинмалари томонидан Арманистон-Озарбайжон чегарасида ўққа тутилгани, оқибатда гўё арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
Арманларнинг ўз фитнасини бекитмоқчи бўлган ушбу ёлғонини Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўша куннинг ўзидаёқ фош этиб ташлади. Хусусан, мудофаа идорасининг хабарига қараганда, 25 май куни Арманистон қуролли кучлари шахсий таркиби ташилаётган еттита юк ташиш машинаси давлат чегарасининг юқорида тилга олинган участкасига яқин келишга уринган.
«Бўлинмаларимиз томонидан кўрилган олдини олиш чоралари натижасида душман ҳаракатига барҳам берилган. Аммо аниқ айтамизки, бўлинмаларимиз душман шахсий таркибини нишонга олиб ўт очмаган. Олинган маълумотларга қараганда, арман ҳарбий хизматчисининг ўлими билан якун топган ҳолат бахтсиз ҳодиса туфайли рўй берган. Озарбайжон бўлинмаларининг рўй берган ўша ҳолатга ҳеч қандай дахли йўқ. Таъкидлаб ўтамизки, Озарбайжон томони ушбу масалада Россия томони билан узлуксиз алоқа боғлаган», - дейилади Мудофаа вазирлиги томонидан берилган баёнотда.
Чегарада юз берган бахтсиз ҳодиса юзасидан Арманистон томонининг мазмунан бир-биририга мутлақо зид келаётган ва айни вақтда Иреван расмийлари томонидан олиб борилиб, ҳар гал фош бўлаётган сохта ўйинлари-ю, баёнотлари ҳам кишини ҳайратга солади.
Жумладан, 27 май куни Арманистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғининг ўринбосари Эдвард Асрян бир-бирини тамоман рад этадиган иккита баёнот билан чиқиш қилди. Хусусан, ўша Асрян деганлари дастлаб «Душман бўлинмаси Арманистон ҳудудида ўзига янги истеҳком қуришга ҳаракат қилиш баробарида арман бўлинмаларининг ҳарбий хизматчиларини асир олган»ини маълум қилди. «Юртимизга муқаддам сингиб кирган душман бўлинмаси ўз қанотида Арманистон ҳудуди ҳисобига янги марра тайёрлашни ният қилган. Ўша ерга юборилган бўлинмамиз ҳаракатини истихборот воситалари ёрдамида фош этиб, ҳарбий хизматчиларимизни қуршовга олган. Шундан сўнг, ҳаммага маълум ҳодиса юз берган», - тушунтириш берган бўлди у.
Орадан бир неча соат ўтиб ўтмай, ўша Асряннинг ўзи юз берган ҳодиса борасида мазмунан мутлақо бошқача баёнот билан чиқиб: «Кеча Озарбайжон ҳарбийлари бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз олдидан чиқиб, қурол ўқтаганча, таслим бўлишни талаб қилишган. Сал нарида турган икки нафар ҳарбий хизматчимиз музокара ўтказиш мақсадида душманга яқинроқ борган. Бироқ доғули сиёсатини қўймаган душман бизнинг ҳарбий хизматчиларимизни асир олган», - дея хабар берди.
Кўриб турганимиздек, бу ерда энди на қуршовга олиш ва на Арманистон ҳудуди ҳисобидан янги марра қуриш тўғрисида гап бор. Унинг сўнгги талқинига кўра қўй оғзидан чўп олмаган шўрлик арман ҳарбийлари майсазорда тинчгина сайр қилиб юришгану, «доғули сиёсатини қўймаган душман уларни асир олган».
Арманистон бош штаби вакилининг каззоблиги шу қадар аёнки, унга ортиқча изоҳ беришга ҳожат қолмаган. Боз устига, Никол Пашиняннинг ўзи чегарада юз берган ҳолат юзасидан гап очиб, арман ҳарбийлари у ерда ҳарбий муҳандислик тадбирларини амалга оширгани, яъни миналаштириш ишлари билан банд бўлишганини маълум қилган.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, икки давлат чегарасида рўй бераётган ушбу ҳодисалар Озарбайжоннинг асосий ҳудудини Нахичеван Мухтор Республикаси билан боғлайдиган Зангезўр йўлига ёки бошқача қилиб айтганда, 2020 йил 10 ноябрь куни имзоланган уч томонлама баёнотнинг (Арманистон капитуляцияси далолатномасининг) 9- банди билан мустаҳкамланган бўлиб, 2021 йил 11 январь куни имзоланган уч томонлама баёнотда очиқлаб берилган масалаларга ҳеч қандай дахли йўқ. Ушбу йўналишда махсус ишчи гуруҳи ўз фаолиятини давом этмоқда. Бинобарин, «Озарбайжон бўлинмалари айнан Нахичеван йўлаги сабаб фаоллашиб қолди», - деган фикрга бориш, одоб-ла айтганда, сиёсий калтабинликдан ўзга нарса эмас.
Бу ерда азалдан ҳал этилмай қолган, юқорида тилга олинган уч томонлама баёнотларнинг бирор-бирида мустаҳкамлаб ўтилмаган бошқа бир масала – икки давлат ўртасидаги чегаранинг амалий делимитацияси ва демаркацияси билан боғлиқ муаммо бор. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, давлат чегарасининг Россияга қарашли тинчлик ўрнатиш кучлари томонидан гўё назорат қилинаётган, аслида эса эринмаган одам кириб-чиқиб юрган Лочин йўлаги участкаси билан боғлиқ муаммо бор.
Жўяли мулоҳаза юритиладиган бўлса, қарор топган бундай ҳолат Озарбайжон ҳудудига кириш жараёнида божхона назоратидан ўтиш қоидаларининг қўпол равишда бузилишидан ўзга нарса эмас. Шунинг учун ҳам расмий Боку ўз қўшинини давлат чегараси бўйлаб тизиб чиқишга ва бу билан Тоғли Қорабоғдаги арман сепаратистлари билан Арманистондаги реваншист кучлар вакиллари ўртасида ўрнатилган алоқа йўлларига барҳам беришга мажбур бўлмоқда. Агар Озарбайжон ҳукумати ушбу ишнинг уддасидан чиқадиган бўлса, ўрис «тинчликпарвари»нинг бели ортига бекиниб олган арман сепаратистларининг «дадил наъраси» тепки еган итнинг ачинарли ангиллашига айланиб қолади.
Дарҳақиқат, Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги давлат чегараси ўтган 30 йил давомида делимитация қилинмаганча қолиб кетган. Чунки арман оккупацияси давомида Арманистон – Озарбайжон давлат чегараси арман босқинчиларининг назорати остида қолган.
Гап шундаки, илгари сурган коммунистик ғоялари пуч бўлиб чиққан ССРИ парчаланиб кетгач, иттифоқ таркибига кирган собиқ совет республикалари аниқ чегаралари, чегара бўлинмалари, божхона идоралари ва давлат ҳудудининг аниқ хариталарига эга бўлиб чиқишган. Арманистон билан Озарбайжон эса оддий қилиб айтадиган бўлсам, бундай нарсаларнинг баридан қуруқ қолган. Мустақилликнинг илк йилидаёқ икки давлат ўртасида уруш кечиб, оқибатда арман босқинчилари Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизини, жумладан, Тоғли Қорабоғ минтақаси ва унинг атрофидаги туманларни босиб олган.
Арманистон – Озарбайжон давлат чегарасидаги демаркация ишлари ўтган йилги Арманистон капитуляцияси билан якун топган 44 кунлик урушдан сўнг мана энди бошланиб, сиёсий ва географик жиҳатдан ўта мураккаб шароитларда олиб борилмоқда. География фанлари доктори Алексей Гунянинг «Кавказский узел» нашрига берган интервьюсида айтишича, баҳсли мунозарага сабаб бўлган ҳудуд баланд тоғликда жойлашган бўлиб, икки давлат чегараси ўтган чизиқда бир нечта кўл мавжуд. Лочин туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Гарагель (ўзб. Қора кўл, арм. Сев) кўли ССРИ бош штабида тузилган миллион масштабли харитада Озарбайжон ҳудудида кўрсатилган. Янада йирик масштабли топографик хариталарда эса ушбу кўлнинг асосий қисми Арманистон ҳудудига ўтиб қолган.
Ўша нашрга интервью берган кавказшунос олим, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти директорининг ўринбосари Александр Скаковнинг гапига қараганда. Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги давлат чегарасига аниқликлар киритиш имконини берадиган ягона совет харитаси йўқ. Аксарият совет хариталари бир-биридан мазмунан кучли фарқ қилади. Муаммо мана шунда. Томонлар у ёки бу ҳудуднинг ўзига мансублигини исботлаш учун табиийки, ўз миллий манфаатларига хизмат қиладиган харитадан фойдаланишмоқда.
Арманистоннинг Озарбайжон ҳудудида мунтазам равишда қасддан амалга ошираётган ҳар қандай фитнаси таг-томири билан йўқ қилиб келинмоқда, бундан кейин ҳам шундай йўл тутиб борилаверади, бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлаверади. Аммо шу муносабат билан қизиқ бир савол туғилмоқда: чегара ҳудудида фитна-фасод солаётган Арманистон нималарга эришмоқчи? Озарбайжонни қандай фитналарга аралаштириб юбормоқчи? Ўтган йилги куз мавсуида кечган 44 кунлик урушда армияси батамом тор-мор қилинган, деярли йўқ қилиб ташланган Арманистон энди кимга ёки нимага умид боғлаяпти?
Умуман олиб қараладиган бўлса, Арманистон раҳбариятининг кўзлаган мақсади аён – ички аудиториянинг фикр-хаёлини ўтган йилги шармандали капитуляция оқибатларидан чалғитиш. Урушда қақшатқич мағлубиятга мубтало бўлган арман юртида бугунги кунда ички сиёсий хаос қарор топган, мухолафат кучлари эса ҳукуматнинг истеъфо беришини талаб қилиб, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишига эришган.
Арманистонда муайян бир реваншистик кайфиятда юрган кучлар бор, албатта. Аммо умид қиламанки, арман ҳукуматида ҳам, мухолафат лагерида ҳам соғлом фиклайдиган одамлар топилиб, арманлар юртида ҳукм сураётган бугунги вазият бозор майдонларидаги бақир-чақирдан нари ўтишига йўл қўйишмайди.
Арман давлати тушкунлик кайфиятига келган, армиясидан дурустроқ бир ишга ярамайдиган аянчли бўлинмалар қолган бўлиб, фуқаролар уруши ёқасига келиб қолган бир пайтда наҳотки кимдир Арманистон Озарбайжоннинг метин мушти билан бериладиган яна бир зарбага дош бера олади, деган хаёлда юрган бўлса?
Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник