Буюк Британиядаги Англикан черкови давлатдан ажратилган эмас. Британия парламентининг Лордлар палатасида 26 епископ бор, қиролича эса черковнинг олий ҳукмдори ҳисобланади. Кўпгина мактабларда жамоавий ибодат ўтказилади. Бундан фақат даҳрий ёки бошқа диндаги ота-оналарнинг болалари озод этилади. Бироқ айни пайтда Буюк Британияда ҳақиқий диний инқироз ҳукм сурмоқда – одамлар черковга боришни тўхтатиб, уни бугунги кунга мос келмасликда айбламоқда.
Британия аҳолисининг атиги бир фоиздан сал кўпроғи мунтазам равишда черковга боради. Сиёсатчилар ва жамоат арбоблари ўз эътиқодлари мавзусини умуман кўтармасликни афзал кўришади.
«Мен ибодатга 20 киши келса ўзимни бахтиёр ҳис қиламан», дейди черков руҳонийси ва тадқиқотчи психолог Жонатан Йонг. У 150-300 киши истиқомат қиладиган қишлоқлардаги учта черковга раҳбарлик қилади.
«Британияда дин таназзулга юз тутган, ёшларда динга нисбатан бефарқлик бор», - дейди руҳоний.
Бироқ, бу инглизларнинг ғайритабиий нарсаларга ишончини йўқотганлигини англатмайди.
«Кўпчилик жаннат ва дўзах мавжуд эмаслигига ишонмайди, бироқ шу одамлар қариндошларининг руҳига ишонишади», дейди Лондон Голдсмитс университети профессори Эбби Дэй.
У икки гуруҳда, 15 ёшли ўсмирлар ва 50 ёшдан ошган британияликлар ўртасида эътиқод бўйича тадқиқот ўтказган.
«Иккала авлод ҳам яқинларининг арвоҳларига ишонишдан тасалли топади», дейди Эбби Дэй. Аммо умуман олганда, унинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, ёшлар орасида вафот этган қариндошларининг арвоҳларига ишонувчилар кўпроқ.
Англикан черкови 2017 йилдан 2020 йилгача диндорлар сонининг камайишини тўхтатиш учун 240 миллион фунт стерлингдан (330 миллион доллар) кўпроқ маблағ сарфлади, аммо бу уриниш муваффақиятсиз тугади. Буни унинг раҳбари, Кентербери архиепископи Жастин Уэлби тан олди.
Бу чоралар динга ишонувчилар сонининг кўпайишига олиб келмади. Якшанба кунги черков ибодатларига ўртача йиллик ташриф 2016 йилда 740 000 дан 2019 йилда 690 000 га камайган.
1960 йилларнинг охирларида Британия аҳолисининг тахминан уч ярим фоизи якшанба кунги ибодатларда қатнашган. 2019 йилда бу кўрсаткич бир фоизгача камайди.
Британиядаги англикан диндорларининг ўртача ёши ҳозир 61 ёшни ташкил этади ва черковга ёшлар келмаяпти.
Футбол черковга қарши
1974 йил январь ойидан Британияда футбол ўйинлари якшанба куни ўтказила бошланди. Бу аввал 1780 йилдан бери амалда бўлган “якшанба кунига риоя қилиш” тўғрисидаги қонун асосида тақиқланган эди. Қонун бўйича шу куни одамларни ибодатдан чалғитмаслиги учун кириш учун пул оладиган ҳар қандай ўйин-кулгу тақиқланган эди.
Бироқ, инглиз футбол клублари ушбу қонунни қандай айланиб ўтишнинг йўлини топишди. Улар томошабинларга стадионга текин киришга рухсат беришган, бироқ трибунага фақат учрашув дастурини сотиб олганларгина киришган. Бу 1980 йилларгача давом этди, кейин ҳокимият эски қонуннинг баъзи қоидаларини бекор қилди ва 2003 йилда у бутунлай ўз кучини йўқотди.
«Якшанба куни футбол билан черковга боришни истамаслик ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор деб айта олмайман. Бироқ, якшанба куни ўйинларни томоша қилиш одатий ҳолга айлангандан сўнг, бу кунларда футбол ўйнаш аста-секин мақбул бўлиб қолди», деб тушунтиради Жонатан Йонг.
Шу тариқа черков инглизларнинг асосий ўйинига дуч келди ва унга мағлуб бўлди. Илгари тонгни черковга бориш билан бошлаганлар энди футбол ўйинларини афзал кўришди.
1970-йиллар авлоди ўз динини фарзандларига бермади ва улар ҳам ўз навбатида набираларига диндорлик туйғуларини сингдирмади, дейди тадқиқотчи, «Кекса ибодат қилувчиларнинг диний ҳаёти: сўнгги фаол англикан авлоди» китоби муаллифи Эбби Дэй.
«Мусулмонларда диннинг ота-онадан болаларга ўтиши билан боғлиқ бундай муаммо йўқ. Диндор мусулмонларнинг 90 фоизи ўз эътиқодини оилада қабул қилган», - дея қўшимча қилади Жонатан Йонг.
Британия Миллий ижтимоий тадқиқотлар марказининг ҳисоботидан маълум бўлишича, британияликларнинг ярмидан кўпи ўзини ҳеч қайси динга мансуб эмас, деб ҳисоблайди. Британияликларнинг учдан икки қисми тўйлар, дафн маросимлари ва сувга чўмиш маросимларини истисно қилганда, ҳеч қачон диний маросимларда қатнашмайди. Сўровда қатнашганларнинг 63 фоизи дин тинчликни тарғиб қилишдан кўра кўпроқ можаро келтиришига ишонишади.
Тадқиқотчи Эбби Дэй янги авлодни «пост-христиан авлоди» (христианликдан кейинги авлод) деб атаган.
«Пост-христианларнинг ахлоқий мулоҳазалар гендер ва жинсий тенглик, ижтимоий адолат, иқлим ўзгариши ва раҳм-шафқат каби нарсалар билан йўғрилган», деб тушунтиради тадқиқотчи. “Черков эса бизнинг замонамизнинг ахлоқий муаммоларига жавоб бера олмади ва ўз обрўсини йўқотди. Бугунги ёш авлод черков тарихи зўравонликка тўла, у ирқчилик, гомофобия ва сексизмни рад этмайди, деб ҳисоблайди”.
Абу Акбар тайёрлади