Кечагина Исроил суди яҳудлар Ақсо масжидида ибодат қилишга ҳақли, деган ҳукм чиқарди. Шу кунгача улар бунга журъат қилмагандилар.
Хитой, Марказий Африка, Ҳиндистон, Бирма ва бошқа кўплаб юртларда бўлаётган зулмлар чек-чегарасиз!
Бизда эса ўша-ўша эски мавзу устида адоват ва хусумат...
Баҳслашаётганларнинг аксари, керак бўлса, Қуръондан ярим бетини тушуниб ўқишга қодир эмас. Шундай экан, индамай устозига эргашиб юравермайдими!?
Агар сиз эргашган шайх ёки олим мавлидни мубоҳ ёки мустаҳаб деса, эргашаверинг. Мужтаҳидмассиз. Масала эса ижтиҳодий масала, модомики бир мужтаҳидга эргашяпсиз, иншаааллоҳ, ажрингизни олаверасиз. “Мавлидни нишонлаш жоиз”, деган олимлар уммат тарихида минглаб.
Агар сизнинг устозларингиз нишонламаслик керак деса, нишонламанг. Сабаби, мужтаҳидмассиз, масала ижтиҳодий. Мужтаҳид олимга эргашдингизми, иншааллоҳ, ажрингизни оласиз.
Муҳими, буни деб бошқа мўминларни лақаблаб, ҳақорат ва ғийбат қилиб, улардан нафратланиб, ўзингизни ҳалок қилманг. Зеро, айни мана шу ишларингиз ҳаромлигида ҳеч ким хилоф қилмаган.
Хилофлар илмий бўлсин, агар илмий мунозарага ярасангиз, бошқа арзигулик мавзу топилмаса, бошқа ишингиз бўлмаса, марҳамат, баҳслашинг.
Бироқ илмий мунозара исломий биродарликка путур етказмасин. Сизни ижтиҳодий масалаларда бошқа томонни шубҳасиз ноҳақ деб аҳли суннадан чиқарадиган сектантга айлантириб қўймасин..
Менинг шайхларим орасида, айнан ҳанафий шайхларим орасида мавлидни байрам қилишни жоиз дейдиганлари ҳам, жоиз эмас дейдиганлари ҳам бор. Мен барчаларини яхши кўраман. Ўзим мавлид қилмасам-да, қилганни асло инкор қилиб ўтирмайман. Сабаби, ҳаётда муҳимроқ ишларим етарли. Бу масала эса мендан олдинги асрда ихтилофлилигича қолган, мен билан бу хилоф ечилиб қолмаслигини яхши биламан.
Маслаҳатим, ҳаром ёки мубоҳ-мустаҳаб эканида хилоф бўлган нарсани деб ҳаром экани шубҳасиз ишларни — ғийбат, ҳақорат, лақаблаш, масхаралаш, тоифапарастлик кабиларни қилиб юрманг.
Билингки, ҳанафий бўлиб ҳам, салафий бўлиб ҳам сектант бўлиш мумкин. Қандай қилиб, дейсизми?
Ижтиҳодий масалада фақат ўзингизнинг тоифангизни яхши кўриб, бошқа мусулмонларни ёмон кўриш билан.
Фарқлар йўқолмайди. Сиз ё фарқлар билан ҳам бир уммат, бир тан бўлиб яшашни ўрганасиз, ё умматни бўлиб, ўзингизга ўхшаган кимсалар орасида сектант бўлиб юраверасиз.
Маҳмуд Усмон