Аллоҳ валийларидан бирини бир кимса ўта қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилди.
У зот индамай сукут сақлади. Лекин атрофдагиларнинг кайфияти жуда ёмон бўлгани сезилиб турар эди.
Ҳалиги беодоб кимса қабоҳату, разолатлардан иборат ҳақоратларини ёғдириб бўлгач, кетди.
Валий зот:
- Аллоҳга тавба қилдим, У гуноҳларни кечиргувчи Зотдир! деди ва индамай ўтираверди.
Бир оз муддатдан сўнг бир киши келиб:
- Ҳазрат, фалончи сизга беодоблик қилган экан, узрини айтиб юборди, ўзини бир тамони ишламай қолиб, жуда оғир аҳволда, деди.
Валий зот:
- Аллоҳга қилган барча гуноҳларимдан тавба қилдим, зотан У кечиргувчи Зотдир. Бориб айтинг, Ҳақ таолога тавба қилсин, лекин ўқ камондан чиқиб бўлган, деди.
Бир оз муддатдан сўнг, жаноза хабари келди.
"Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар" (Юнус сураси, 62-оят).
Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
"Инсон нафси амморасига қарши курашиб, уни шариатга амал қилишга бўйсиндирса, нафси мутмаинна айланади. Нафси мутмаинна эгаси эса фақат ва фақат шариати Исломга мувофиқ яшайди. Аллоҳ кўришни, эшитишни, ушлашни, боришни ман қилган нарсалардан ўзини тийиб олади. Доиман, шариат амалларини ўзига дастуруламал қилиб олади.
Бу нафс эгаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам, Ҳақ таборака ва таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийдаги Аллоҳ паноҳидаги инсон бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса, унга ёмонлик қилишни истамайман», деди», дедилар» (Бухорий ва Аҳмад).
Бировга қаттиқ гапириб кўнгил оғритиш ножоиз иш. Агар, бу инсон Аллоҳ валийлардан бўлса, ҳалокатга учрашимиздан қўрқайлик.
Абу Иззатуллоҳ