Бинту Ҳорис айтиб берган ушбу эҳтиром Ҳубайб розияллоҳу анҳу учун бўлган эди.
У айтади: “Ҳубайб розияллоҳу анҳу бир шингил узум еяётганини кўрдим, ваҳоланки, у кунда Маккада меванинг ўзи йўқ эди”.
Ушбу сўзларни Имом Бухорий ўзларининг саҳиҳларида ривоят қилган.
Бундан биз нимани англаймиз, эй дўстларим?
Ақида уламолари айтадиларки, албатта, Набий учун мўъжиза бўлиши мумкин бўлган нарса валий учун каромат бўлиши жоиздир.
Кўпчилик одамлар валий (сўзи)нинг маъноси нима, деб савол берадилар. Авом халқ валий сўзини алоҳида берилган омонат ва аҳамиятли иш, деб ўйлайди. Аслида масала ундан кўра содда ва оддийроқ.
Аллоҳ таоло ўз Китобида валийни бизга таништириб берган.
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар" (Юнус сураси, 62-оят).
Ўз сўзи билан улар кимлар эканини бизларга тушунтириб берди;
"Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир” (Юнус сураси, 63-оят).
Яъни ислом асослари ҳамда имон арконларига бўлган имонлари қалбларида мустаҳкам бўлганлардир. Имоний ақида уларнинг қалбига мустаҳкам ўрнашиб, назорат қилади. Бу – биринчи масала. Иккинчи масала – улар тақво қилганлардир. Тақво калимасини жуда кўп такрорлаймиз ва уни Аллоҳнинг Китобида кўп марта ўқиймиз. Лекин уни (ҳаётга) татбиқ қилиш жуда ҳам оғир.
Тақвонинг маъноси нима? Тақво сўзи сақлаш, яъни тақиқланган нарсалардан ўзини эҳтиётлаш сўзидан олинган. Сиз айтасиз: “Мен ушбу хатарли жойдан тақво қилдим”, яъни сиз ундан ўзингизни эҳтиётлаб, узоқлашганингизда шундай дейсиз.
"Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир”.
Яъни Аллоҳнинг чегараларига тушиб қолишдан ўзларини эҳтиёт қилиб четга ўтганлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тақво қиладилар. Аллоҳ белгилаб қўйган қизил чизиқдан ўтиб кетишдан ўзларини эҳтиёт қиладилар. Қизил чизиқдан мурод унинг ортида тақиқланган ҳар хил ҳаром нарсалар бор деганидир. Улар ҳаром ишларни қилмайди, Аллоҳнинг ҳукм ва ҳақлари, шунингдек унинг арконларини Аллоҳ буюрганидек бажаради.
Киши мана шу йўналишда ҳаракат қилса ва шу услубни маҳкам ушлаб, унда мустаҳкам турса, демак, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг авлиёларидандир.
Валийлик учун ажойиб ва (одамларни ҳайратга соладиган) ғаройиб нарсалар бўлиши шарт қилинмаган. Йўқ, асло бундай нарсалар шарт эмас. Бу содда ва оддий нарса. Лекин ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг тақвосини маҳкам ушлаш оғир иш. Инсон ва жин шайтонлари инсонга ва уни Аллоҳнинг тақвосида мустаҳкам туришига доим қарши ҳийла қилиб туради. Мустаҳкам туриш бир шоир айтгани каби биз унда қийинчилик ҳис қиладиган нарсадир. У айтади:
Ҳар бир олийлик учун ҳаракат зарурдир,
Бунга лекин кишиларда собитлик оздир.
Айрим саҳобалар ўзларига насиҳат қилишларини сўраб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга савол беришганида, у зот: «Мустақим тургин, яъни йўлда у ёқ-бу ёққа қийшаймагин. Бажараётган амалингда бир сафар ундай, бир сафар бошқача иш тутиб, ҳар томонга оғиб кетмагин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлида мустақим тур", – деб жавоб берганлар.
Бас, кимнинг қалбини имон ҳақиқати бошқарса ва кейин у шунда мустақим турса, демак, у Аллоҳ таолонинг валийларидандир.
Сўнгра Аллоҳ уларга хушхабар борлигини айтади:
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор".
Кўпинча бизга ҳаёти дунёдаги хушхабар қандай бўлади, дея савол берилади. Хўп, Аллоҳ рози бўлган мўмин бандага ҳаёти дунёда қандай хушхабар берилади? Бунинг жавоби аниқ ва равшан – ўлимидан олдин.
Аллоҳ ўзи рози бўлган ва мустақим туриш неъматини берган бандаси бу дунё ҳаётидан чиқиб кетиши олдиндан Аллоҳ томонидан бўладиган эҳтиромни учратиши аниқ. Бу Аллоҳ таолонинг: "Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор", деб айтган сўзининг маъносидир.
У қандай бўлади? Тўғри, сиз бунинг қандайлигини билмайсиз. Фаришта келиб, хабар беради. Унга бўлган Аллоҳ азза ва жалла муҳаббатининг белгиларини ўз олдида кўради.
Унга: «Албатта, Аллоҳ сени Ўзига рўбарў бўлишингни яхши кўраяпти, сен ҳам Унга рўбарў бўлишни яхши кўрасанми?» – дея савол бераётган (фаришта)ни кўради. Аммо солиҳ амални ёмон амалга аралаштириб юборган кишининг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинади. Унинг иши Аллоҳнинг ўзига қайтади. Лекин Аллоҳ таоло авлиёлар деб атаган, яъни имон келтириб, тақво қилган бандаларига хушхабар беришни ўзининг олий Зотига вазифа қилиб олган.
Имом Бутийнинг ушбу видео суҳбатидан Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси