Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Аллоҳга итоат недир?

2402

Ўзининг сўнгги китоби бўлмиш Қуръони каримда "...Ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг" деб марҳамат қилган оламларнинг Парвардигорига беадад ҳамду санолар бўлсин. "Хурсандчилик вақтингизда ҳам,  қийинчилик вақтингизда ҳам раҳбарингизга итоат қилинг",  деган Пайғамбаримизга дуруду саловотлар бўлсин.

 Аллоҳ Қуръони каримда марҳамат қилади:

يا أيها الذين ءامنوا أطيعوا الله وأطيعوا الرسول أولي الأمر منكم

"Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг, расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг".

 Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбарга итоат қилиш эса у зоти шарифнинг суннатларига амал қилиш, кўрсатмаларини бажариш, одоблари билан одобланиш, қисқа қилиб айтганда барча ишларда у зотга эргашиш билан бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш хақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وما أتاكم الرسول فخذوه وما نهاكم عنه فانتهوا
 
"Расул сизга нимани берса ўшани олинглар ва нимадан қайтарса ўшандан қайтинглар", деб амр қилган. 

"Ва ўзингиздан бўлган иш эгаларига итоат қилинг" дегандаги "иш эгалари"ни муфассир уламоларимиз турлича тафсир қилишган.

Баъзи тафсирчилар султон дейишган, баъзилари ҳокимлар дейишган, баъзилари эса мужтаҳид олимлар дейишган, яна баъзилари ҳар қандай бошлиқ деганлар.

Раҳбарга итоат қилиш ҳар бир мусулмон киши учун лозимлиги ҳақида Пайғамбаримиздан бир неча ҳадислар ҳам ворид бўлган.

عن ابن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قال على المرئ المسلم السمع والطاعة فيما أحب و كره الا أن يؤمر بمعصية فلا سمع ولاطاعة.
متفق عليه.

Ҳазрати ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир мусулмон ўзига ёққан ва ёқмаган нарсада (бошлиқнинг) сўзини эшитсин ва итоат қилсин фақат маъсиятга буюрилганда итоат йўқ" дедилар.

 Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ердаги "маъсият"дан мурод Аллоҳ таолонинг шариатига зид ишлардир. Демак, модомики бошлиқ маъсиятга буюрмас экан, унга бўйсуниш лозимдир.

وعنه رضي الله عنهما قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول من خلع يدا من طاعة لقي الله يوم القيامة و لا حجة له... 
رواه البخاري.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бундай дедилар: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим: "Кимки ўз бошлиғига итоат қилмаса, у одам қиёмат кунида Аллоҳ таолога  бирор далили бўлмаган ҳолда йўлиқади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم عليك السمع والطاعة في عسرك و يسرك..    
 رواه الترمذي

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бундай дедилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Қийинчилик вақтингда ҳам, енгилчилик вақтингда ҳам  бошлиқнинг сўзини эшит ва унга итоат эт", деб айтдилар.

Термизий ривояти.

Юқорида ўтган оят, ҳадислардан раҳбарга итоат этиш вожиб эканлиги маьлум бўлди. Аллоҳ таолонинг бу амрини бажармаган халқлар қандай аҳволга тушгани тарихдан маьлум. Буни ҳозирги Сурия, Ливия каби давлатлари мисолида кўришимиз мумкин. Бу давлатлар илм-маърифат, дин ривожланган, иқтисоди юқори бўлган, тараққий этган давлатлардан эди, лекин бу юртларнинг баъзи фуқаролари шу неъматларни қадрига етмай, шукр қилмай яширин кучларнинг фитнасига алданди ва ҳукуматига қарши чиқди, уламоларига қулоқ солмади. Бутун дунё мусулмонларига танилган шайх Рамазон Бутий ҳазратлари бу фитнани олдини олишга кўп ҳаракат қилдилар, аммо у кишига  ҳам ўз масжидларида суиқасд қилишди ва шаҳид бўлдилар. Натижада қанча қонлар тўкилди, минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди, миллионлаб инсонларнинг уй-жойлари вайрон бўлиб, ўзлари эса қочоққа айланди, мамлакат  таназзулга учради. Уруш ҳали тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг биргина амрига бўйсунмагандан, Расулига итоат қилмагандан келиб чиқди. Ҳукуматига,  уламоларига қарши чиққанларнинг ҳоли шундай бўлиши табиий. Чунки, буни содиқул масдуқ бўлган зот Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида баён қилганлар.

عن أبي بكرة رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول من أهان السلطان أهانه الله 
رواه الترمذي

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни шундай деб айтганларини эшитдим: "Кимда ким султонни ҳақир санаб, унга  итоат қилмаса, Аллоҳ таоло уни хор  этади". 
 
Термизий ривояти. 

Ҳозирги кунга келиб Хитойда пайдо бўлган COVID-19 вабоси бутун дунёга тарқалиб,  жумладан юртимизга ҳам кириб келди. Бу вабо-ўлатнинг олдини олиш учун ҳукуматимиз раҳбари томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилди, давлат иқтисодидан инсонлар саломатлиги устун қўйилмоқда. Бу ҳолатда барчамизга ҳукуматимиз томонидан талаб қилинган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз лозимдир. Ҳозир барчамиз синовдамиз, имтиҳондамиз. Бундай ҳолатда ким қанақа эканлиги, ким ватанига, юртига, халқига садоқатда эканлиги билинади. Бундай синовда барчамиз сабрли, матонатли бўлиб, хато камчиликларимизга тавба қилиб, савобли амалларда ҳамжиҳат бўлишимиз керак.

 Аллоҳ таоло бу балони барча инсоният бошидан ва бизнинг халқимизнинг бошидан даф қилиб, бизларни Ўзи рози бўладиган хайрли амалларда бардавом айлансин.  

 Абдулҳамид Маликов,
Тошкент вилояти "Пискент" жоме масжиди имоми

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Аллоҳга шарт қўйишга ҳақимиз борми?"

4999 11:00 12.07.2020

"Сиз билмайсиз, Аллоҳ билади"

9965 03:20 18.05.2020

Агар ўлим бўлмаганда...

2887 13:30 11.04.2020

Вабо ҳам Аллоҳнинг имтиҳонидир

3086 08:30 07.04.2020

Илоҳий манҳаж

2606 12:00 23.03.2020
« Орқага